Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Оила тинчлиги ва фарзандларнинг руҳан соғлом вояга етиши оиладаги эр-хотиннинг соғлом муносабатига боғлиқ. Эр-хотин оилада мусаҳкам муносабатда бўлиши учун энг аввало бир бирларининг севги тилларини билишлари ва шунга кўра уларга муносабатда бўлишлари керак бўлади. Оиласи тинч бўлишини, фарзандлари тинч ва ҳотиржам улғайишини истаган эр-хотинлар ўзларидаги худбинликларни бир четга йиғиштириб қўйиб, оиладаги вазифасини ва жавобгарликларини унутмай бажаришлари керак бўлади. Ҳар икки томон шундай қилса, сизни ишонтириб айтамизки, бундай ширин ҳаёт кечириш ўзингизга ҳам ёқиб қолади. Кўпинча эркаклар, “Аёлим билан охирги пайтларда кўп тортишиб қолаяпмиз. Уни хафа қилиб қўяётганимни биламан. Кичик тортишувларимиз катта жанжалга айланишидан, оилавий хотиржамлигимни йўқотишдан хавотирдаман» дейишади.
Narrator 2 Эр-хотиннинг ўзлари истамаган тарзда уришиб қолишларига сабаб уларнинг турли темпераментларга эга эканликларида. Агар эркак ва аёл бир бирларининг қандай темпераментда эканликларини билиб олсалар, вақти келганида ўзларини назорат қилишларида қўл келиши мумкин. Психологияда темперамент тушунчаси бор. Унга кўра инсонлар тўрт тоифага бўлинади: сангвиник, холерик, флегматик ва меланхолик. Уларнинг ўзаро муносабатлари ҳам ўзига яраша бўлади. Яъни қайсиларида бир-бири билан осон тил топишади, баъзиларида эса бир-бирини тушуниш бироз қийин кечади. Бу яшаб бўлмайди, ўртада севги йўқ, дегани эмас. Севиш табиий, қайсидир нуқталарда тил топишиш ҳам мумкин. Фақат бир-бирининг феълини тушуниш қийин кечади. Дейлик, эр — холерик. У ҳамма ишини тез бажаради, аммо сифат масаласида бироз оқсайди. Флегматик хотин эса секин иш қилади, лекин ҳаммасини маромига етказади.
Narrator 1 Эрнинг тилига «Сен кўйлагимни дазмол қилгунингча, мен ошга бориб, қайтиб ҳам келаман», деган танбеҳ кўчади-ю орада гап қочади. Демак, қайси тоифага мансублигингизни ўрганиб, ўзига хосликларингизни инобатга олиб муомала қилсангиз, олам гулистон! Оилада ролларнинг аниқ тақсимланмагани ҳам улар ўртасида можарога сабаб бўлади. Яъни эр ва хотин ўз вазифаларини билмайди, бурчларини тўла адо этмайди, маъсулиятни доим иккинчи томонга юклайди, натижа эса бақир-чақир. Олдини олиш учун ўз вазифаларингизни дўндириб бажаринг, кейин жанжалга нима сабаб бўлаётганини аниқлаб, уни бартараф этинг. Оилада эр ёки хотиннинг ўзига бўлган ишончнинг пастлиги ҳам жанжалларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар иккала томонда ҳам бу ҳолат кузатилса, уйингиз жанжалнинг инига айланиши ҳеч гапмас.
Narrator 2 Чунки ўзига нисбатан паст баҳо берувчи киши ўзини жуда ёмон ҳис қилади ва ишончни ёнидаги одамни азоблаш, унга юқоридан назар солиб, камчилигини топиб, танқид қилиш билан оширмоқчи бўлади. Бу ўринда эркак ҳам аёл ҳам ўз устида ишлаб, шахсий сифатларини шакллантириши керак. Балким мутахассис кўмаги зарурдир. Баъзида оилавий кризис даври орадаги муносабатлар таранглигига сабаб бўлади. Оилавий ҳаётнинг маълум бир босқичларида айрим сабабларга кўра инқироз даври кузатилади. Масалан, биринчи йилликда мослашиш даври бўлгани, учинчи йилликда эса фарзанд туғилгач, аёл эътиборининг катта қисми боласига қаратилиши, эр-хотинга ота-оналик вазифа-бурчлари юклангани сабаб ҳам тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Уларни биргаликда муҳаббат ва сабр, тушуниш ва ҳурмат билан енга оласиз!