Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугун бир биродаримизнинг ҳаётида бўлган антиқа бир учрашув ҳақидаги гувоҳликни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Биродаримиз гувоҳлигини шундай бошлайди, “Бу воқеага жуда кўп вақт бўлди. Аммо ўша кунни ҳудди кеча бўлгандек яхши эслайман. Мен институтни битирадиган йилим, қишги таътилга чиқиб, имтиҳонларни топширадиган вақтгача уйга бориб келишга қарор қилдим. Поезд станциясига бориб, билет олдим. Поезд жўнашига ҳали яна икки соат бор эди, кўчага чиқиб айланишни истамай, ўша ердаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирдим. Кўп ўтмай ёнимга бошқа бир киши, биргина сумкаси билан келиб ўтирди. Вақтни ўтказиш учун унга савол бердим. Гаплашсак вақтим тез ўтади, деб ўйладим. Чиндан ҳам вақт мен ўйлагандан ҳам тез ўтди. Ҳатто яна беришим керак бўлган саволлар тилимда қолиб кетди. У билан гаплашганимда, у Исо Масиҳ деган исмни тилга олди.
Narrator 2 Мен ҳайрон бўлиб, “Бу ўрисларнинг пайғамбарими? Сиз шу пайғамбарга ишонасизми? Ўзбек бўла туриб-а?”, дедим. Унга нисбатан ғазабим қўзиди. Унинг юзига ҳам қарагим келмай, ундан салгина четлашдим. У эса ҳотиржамлик билан, “Сен ҳозир мендан эмас, жаннатга тушиши имкониятингдан узоқлашаяпсан”, деди. Мен ҳайрон бўлиб, “Қанақасига?”, деб сўрадим. У эса менга Исо Масиҳнинг ерга келишидан мақсади, Худонинг гуноҳкорлар учун қурбонлиги ва Уни Нажоткорим деб тан олган одам жаннатда Худованд билан абадий бирга бўлишини айтди.” Мен унга “Сиз айтаётган нарса чўпчак, мен фақат Муҳаммад пайғамбаримизни тан оламан ва фақат у буюрганларига итоат қиламан”, дедим. У эса менга, “Хўш, шундан кейин ўлганингда жаннатга тушишингга ишончинг комилми?”, деб сўради. Мен нима дейишни билмай қолдим. Бироқ уни мот қилишни хоҳлардим. Сўнг унга бошқа бир саволни бердим.
Narrator 1 “Хўп, мен Исо Масиҳга ишониб Унга имон келтирдим дейлик, ундай бўлса, Исо Масиҳ ҳақида билмай, эшитмай ўлиб кетган яхши ва художўй одамларнинг тақдири нима бўлади? Улар ҳам ўша сиз айтган дўзахга тушадиларми? Агар шундай бўлса, сиз ишонадиган Худо адолатсиз ва ёмон Худо экан”, дедим. У эса кулиб туриб, “Қонунни билмай вафот этганлар қонундан ташқарида ҳукм қилинадилар деди. “Худонинг қонунини билмасдан туриб гуноҳ қилганлар қонунга алоқасиз равишда ҳукм қилинадилар. Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонун бўйича ҳукм қилинадилар. Ахир, қонунни эшитганлар эмас, балки қонунга риоя қиладиганлар Худонинг олдида оқланадилар. Ғайрияҳудийларда Худонинг қонуни йўқ. Аммо қонунни билмай туриб, улар табиий равишда қонун буюрганларни бажарсалар, ўзларига ўзлари қонундирлар. Бу билан улар қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар.
Narrator 2 Уларнинг виждони ҳам бунга шаҳодат беради, чунки уларнинг хаёллари гоҳ уларни қоралайди, гоҳ оқлайди.” Худо атрофимиздаги оламни яратиши билан бирга, ҳар бир инсонга виждон ҳам берган. Айнан шу виждон уларга Худонинг борлиги ҳақида гувоҳлик бериши керак. Шунга кўра яшаган бўлсалар, демак, шунга кўра ёки оқланадилар ёки ҳукм қилинадилар. Унинг жавоби менга ёқди. Бироқ поезд келиб, кетишим керак бўлган вақт бўлиб қолган эди. Шундан сўнг мен кетдим, аммо бу суҳбат мени Худога олиб келди. У одамни бошқа кўрмадим, аммо Худованд ўша куни мени қутқариш учун уни олдимга олиб келганини аниқ биламан.” Азизлар, атрофингиздаги Худо фарзандлари билан дилдан суҳбатлашиб ёки бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиздан Худо ҳаётларида ишлаган биродарларнинг ҳикояларини ўқиб кўринг. Шунда Худонинг нақадар марҳаматли ва ғамхўр эканига гувоҳ бўласиз.