Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Худованд билан боғлиқ бўлган нарсалар ибодатларимизнинг асосий мавзуси бўлиши зарур. Барча яхшиликлари учун Худойимиз шукрона ва мадҳларга лойиқдир. Ҳазрати Исонинг Матто хушҳабарининг 6-бобида айтган ибодатига аҳамият беринг. Ўша намунали ибодатида Худонинг исми муқаддас бўлиши, яъни муқаддас тутилиши ҳақида айтилган. Шунингдек, Худонинг Шоҳлиги келиши ва Унинг иродаси осмонда бўлгани каби ерда ҳам бажо бўлиши ҳақида айтилган. Худо билан боғлиқ ушбу муҳим масалалардан сўнггина Исо ташвишларимиз ҳақида гапириб ўтган. Агар Худованд ибодатларимизда асосий ўринни эгалласа, ўзимизни ўйламаётганимизни кўрсатамиз.
Муқаддас Китобда Худога маъқул бўлган ибодатларнинг давомийлиги тўғрисида нима дейилган? Ибодатларнинг давомийлиги қандай бўлиши керак? Муқаддас Китобда шахсий ёки омма олдида айтиладиган ибодатлар қанча давом этиши кераклиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Улар овқатдан олдин қисқа ёки Худога юракда борини тўкиб солиш учун узоқ айтиладиган бўлиши мумкин. (1 Шоҳлар 1:12, 15) Бироқ Исо хўжакўрсинга узун дуолар ўқийдиган, ўз назарида одил бўлган кишиларни қоралаган эди. (Луқо 20:46, 47) Бундай ибодатлар билан Худони лол қолдириб бўлмайди. Аксинча, чин кўнгилдан ибодат қилишимиз муҳимроқ. Хуллас, Худога маъқул бўлган ибодатларнинг давомийлиги эҳтиёж ва вазиятга боғлиқ.
«Доим ибодат қилиш» нимани англатади ва нима бизга тасалли бахш этади?
Қанчалик тез-тез ибодат қилиш керак? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Доим ибодат қилинглар» ва «тинмай ибодат қилинглар». (Матто 26:41; Римликларга 12:12; 1 Салоникаликларга 5:17) Бу кечаю кундуз тинмай Худога ибодат қилиш кераклигини билдирмайди. Аслида Муқаддас Китобга биноан яхшиликлари учун Худодан миннатдор бўлиб йўл-йўриқ, мадад ва куч-қувват сўраб, доим ибодат қилишимиз лозим. Худо ибодатларимизнинг давомийлигига ва қанчалик тез-тез қилинишига чегара қўймаганини билиш тасалли бахш этяпти, шундай эмасми?! Агар ибодат қилиш шарафини қадрласак, самовий Отамизга ибодат қилишга доимо вақт топамиз.
Нега шахсий ва омма олдида айтилган ибодатларнинг сўнгида «омин» дейишимиз лозим? Нега ибодатнинг сўнгида «омин» дейиш лозим? «Омин» сўзи «шундай бўлсин» деган маънога эга. Муқаддас Китобдаги мисоллар шуни кўрсатяптики хоҳ шахсий, хоҳ омма олдида айтилган ибодатлар бўлсин уларни «омин» сўзи билан якунлаш тўғри бўлади. (1 Солномалар 16:36; Забур 41:13) Шахсий ибодатимизнинг якунида «омин» дейиш билан айтганларимиз самимий эканини кўрсатамиз. Омма олдида қилинадиган ибодатнинг сўнгида ичимизда ёки овоз чиқариб «омин» десак, айтилганлар билан рози эканимизни кўрсатамиз. (1 Коринфликларга 14:16)
Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.