3:35

Бошлаган ишни тугатиш

MP3

Салом азизлар. Ҳақиқий шогирднинг қалби тубида иложсизлик руҳи талпиниб туриши керак. Бу – шогирднинг энг муҳим фазилатларидан бири. Сизлардан бирортангиз иморат қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми? Бўлмаса пойдевор солиб, иморат қура билмасангиз, ўтган-кетган кўриб: “Бу одам қуришни бошлади-ю битира олмади”, – деб масхара қилишади. Ёки қайси подшоҳ бошқа бир подшоҳга қарши урушга борса, ўзимнинг ўн минг аскарим билан йигирма минг аскарга қарши чиқишга кучим етармикан, деб олдиндан ўтириб маслаҳатлашмас экан? Кучи етмаса, душман ҳали узоқдалигида унинг олдига элчи юбориб сулҳ сўрайди.

Шундай қилиб, сизлардан ҳар бирингиз ўзингизнинг бор-йўғингиздан кўнгил узмасангиз, Менинг шогирдим бўлолмайсиз.” Ана энди, биз шогидрликнинг баҳоси ҳақида сўз бошлаймиз. Биз яқинларимизнинг ҳаммасидан кўнгил узиб, фақат Исо Масиҳга боғланишимиз керак. Бу биринчи қадам. Муқаддас Каломнинг Саҳрода деб номланган китобининг 14–бобида Исроил халқи ваъда қилинган юртга кириш арафасида юз берган воқеани ўқишимиз мумкин. Ўша пайтда Кадеш шаҳрида бўлган Исроил халқи ўн икки айғоқчининг “шум хабарини” эшитади. Худо уларга ваъда қилган юртга кириш учун тўланадиган баҳо ҳаддан ташқари баланд эди. Ахир, у ерда улкан паҳлавонлар уруғидан бўлган Иноқ авлоди яшарди (Саҳ 13:32–33).

Энг қийин дамда Исроил халқи орқага чекинмоқчи бўлди. “Иноқ авлоди хотин–болачақамизни қириб юборади” — деб баҳона қилди улар. Худо бизга, ёвуз душманга дуч келмайсизлар, деб ҳеч қачон ваъда қилмаган. У бизни Ўзи ваъда қилган юртга эсон–омон олиб боришини айтган. Бироқ саросимага тушган Исроил халқи хотин–болачақаларининг орқаларига яшириниб олди. Оилани рўкач қилиб, баҳона излаш — ишончсизликнинг илк аломатларидан биридир. Исо Масиҳнинг шогирди доим Устозига эргашади. У ўз онасидан, отасидан, хотин–болачақасидан ёки эридан воз кечиб бўлса ҳам, Унинг айтганини қилади.

Шогирдлик баҳоси мавзусини охиргача тушунтириш учун Исо яна иккита мисол келтиради — иморат қурган одамни ва жангга чиққан шоҳни. 28–оятда иморатни чала қурган одам тасвирланган. Сиз ҳам қачонлардир бирор бир ишни бошлаб, кейин охирига етказмаганмисиз? Ёки ваъда бериб, ваъда устидан чиқмаганмисиз? Қасам ичиб, уни бажармаганмисиз? Ундай бўлса, Сулаймон пайғамбар сизга бир насиҳат бермоқчи: “Ҳеч қачон гапиришга шошилма, қалбингда Худога ваъда беришда ховлиқма. Худо жаннатда, сен эса ердасан, шунинг учун камгап бўлгин… Худога назр атаганингдан кейин уни бажаришни орқага сурмагин.

У нодонларни ёқтирмайди. Албатта ваъдангда тургин. Ваъда бериб, уни бажармасликдан кўра, умуман ваъда бермаслик яхшироқдир. (Воиз 5:1, 3–4). Иморат ҳақидаги маталнинг мазмуни ҳам шу, Исо бу маталда ҳисоб-китобнинг муҳимлигига урғу берган, яъни ҳар қанда одам шогирд бўлишидан олдин шогирдликнинг баҳосини ҳисобга олиши керак. Ишни охиригача етказмоқчи бўлсангизгина, унга қўл уринг. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top