3:27

Шогирдингизга меҳр кўрсатиш

MP3

“Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, Худо каломини орзу қилинглар, токи у калом билан озиқланиб, ўсиб бориб, нажотга эришинглар.” (1Бутрус 2:2). Салом азизлар. Шогирдингиз билан Янги Аҳд китобларидан ёки Забурдан қисқа парчаларни ўқишни бошланг. Каломни сокин вақтда ҳам ўқинг. Муқаддас Китобни ўқишда жуда яхши натижа берган усуллардан бири қуйидагичадир: сокин вақтингизда Янги Аҳддан битта ёки иккита парчани ўқинг. Ўқиган парчаларни мулоҳаза қилар экансиз, ўзингизга ёққан оятни белгилаб қўйинг.

Ўша кун учун танланган оят ўша бўлади. Ҳар куни эрталаб, олти кун давомида Калом ўқир экансиз, ўзингизга ёққан оятни танланг. Еттинчи куни эрталаб эса танлаб олинган оятларингиздан энг яхшисини танланг. Сўнг уни бир парча қоғозга ёзиб, ёд олинг. Шогирдни ўстиришда энг асосий мақсадлардан бири ёш масиҳийга Калом ўқиб, руҳий озуқа олишни ўргатиш. Шогирдингизни етук масиҳийлар билан таништиринг. У бошқа масиҳийлардан насиҳат олиб, кўп нарсаларни ўрганиши мумкин. Аммо эсингизда бўлсин, шогирдингиз мустақил равишда Худонинг Каломидан ўзи учун руҳий озуқа оладиган бўлиши керак, зеро бунинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.

Шогирд ўстиришнинг дастлабги вақтларида, сиз чўпонингиз билан бирга янги туғилган руҳий фарзандингизни ўзингиз озиқлантиришингиз керак бўлади. Имонга янги келган масиҳийлар учун мустақил равишда Каломдан руҳий озуқа олиш — ниҳоятда мушкул ишдир. Кўпинча бу ҳаракат диндорлик ва самарасизлик тусини олиши мумкин. Шу сабабдан кўп янги масиҳийлар Каломни ўқимай қўядилар. Бундай ҳавф борлигидан бохабар экансиз, шогирдингиз билан Калом ўқишни давом эттириб, унинг ўзи ҳам ўқишига ҳам далда беринг.

Каломни ўрганиш борасида жуда кўп китоблар ёзилган, аммо афсуски, Каломни мустақил тарзда ўрганишга йўл–йўриқ кўрсатадиган китоблар жуда кам.

Муқаддас Китобни ўрганишда қай усулни қўллашингиздан қатъий назар, қуйидаги икки босқичга эътибор беринг: шогирдингиз Каломни ўзи ўқисин, сўнг ўқиган нарсаси борасида бошқа имонлилар билан мулоҳаза қилсин. Бошқа имонлилар ҳам бу мавзу билан таниш бўлишлари керак. Биринчи ҳафталарда шогирдингизга Каломни ўрганишда ёрдам беринг. Ўрганиш жараёнини қадамма–қадам амалга оширинг. Меҳр–муҳаббатнинг кўпи бўлмайди.

Одамларга қанча меҳр берсангиз кам. Аммо кўпчилик меҳрни нотўғри маънода тушунишади, “Ҳаддан кўп меҳр берсам, одам эркаланиб талтайиб кетади”, деб ўйлашади. Одамга меҳр бериш билан уни талтайтириб юбориш — бошқа–бошқа нарса. Жамиятшунос ва руҳшуносларнинг айтишича, ёшлигида меҳр кўрмаган бола кейинчалик ҳақиқий севги ва меҳр–муҳаббат нима эканлигини умуман тушуна олмайди. Бундай одам бошқаларга меҳр бера олмайди, бошқаларнинг меҳрини ҳам қабул қила олмайди. Ҳар бир инсон меҳр–муҳаббатга муҳтож. Биз Масиҳдаги руҳий фарзандларимизни меҳрда ўстиришимиз керак. Шундай экан, шогирдингизга доим меҳр кўрсатинг. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top