3:49

Ҳақиқатдан чалғитиш

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Павлуснинг Римликларга йўлланган мактубини ўқир эканмиз, унинг Калом ичидаги нақадар қудратли китоблардан бири эканига амин бўламиз. Биринчи бобидаёқ, одамзоднинг Худо олдида нақадар гуноҳкор экани, ҳақиқатни одамзод бузгани ва Худо ҳақиқатини қўлидан келганича яшириши ёки жим сақлаши яққол кўрсатилган.

“Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр. Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир; Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган. Унинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти, Ўз ижод маҳсулию борлиқни яратганидан англашилади ва очиқ кўриниб туради. Шундай қилиб, уларнинг узрлари йўқ. Чунки улар Худони идрок этганлари ҳолда, Уни Худо сифатида улуғламадилар ва Унга шукрона айтмадилар. Бунинг ўрнига бемаъни хаёлларга берилиб, уларнинг бефаросат диду дилига зулмат тушди.

Ўзларини ақлли билиб, ақлдан ноқис бўлиб қолдилар. Мангу барҳаёт Худонинг улуғвор жамолини улар дунёдан ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи суратидаги бутларга алмаштирдилар. Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Улар бир-бирининг баданларида беҳаёлик қилиб, тубанлашиб кетдилар. Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Холиқ ўрнига махлуққа сиғиниб топиндилар. Холиқи оламга эса абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин” (Рим. 1). Римликларга йўлланган мактубнинг ушбу парчасида, одамзод ҳақиқатни руҳсизлаштиришининг ёки уни четлаб ўтишининг уч поғонасини кўриш мумкин. Аввалам бор, Худога шукр қилмаслик ва Унинг шуҳратини оламга ёймаслик яққол кўриниб турибди. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, уни бутунлай “игнор” қилаётганлиги кўриниб турибди.

Одамлар, Худонинг ҳақиқатлари ва Унинг шуҳрати ҳақида гапирмаслик ҳақида биргаликда тил бириктирганига ўхшайди. Кўпчилик, Худони тан олишдан бош тортяпти. Кўпчилик турмуш ташвишларига шўнғиб, Худонинг инояти ва Унинг ваъдалари ҳақида ўйламай қўйди. Худонинг ҳақиқатини яширишнинг яна битта усули, бу ўзимизни ақлли ёки доно деб билишдир. Одамзод шундайки, ўзи билмаган ҳолда, доим Худога ўхшашни истайди. Одамзод ҳам, Худодек доно ва ҳамма нарсани билишни истайди. Нафақат билим ёки донолик, балки, барча келиб чиқаётган муаммою-қийинчиликларни Худога ўхшаб ўз кучимизга таяниб ҳал қила олишимизга ишонамиз. Худонинг ҳақиқатини яширишда ёки уни четлаб ўтишда, одамлар Худога сиғинишнинг ўрнига бошқа нарсага сиғинадилар. Масалан, телевизор, машина, тўй ва шунга ўхшаш нарсалар. Машинаси бор кўпчилик, унга сиғинишни бошлаган. Машинам бўлмаса, мени ҳеч ким жиддий тан олмайди деб ўйлайди. Ёки бўлмаса, қайси уйга кирманг, у ерда ҳамма телевизорга тикилиб, ҳатто атрофидаги одамларга ёки меҳмонларга ҳам аҳамият бермай қўяди. Телевизор қанча катта бўлса ва уни қанча кўп кўрсам, Худонинг ҳақиқати тезроқ оламда тарқалади деб ўйлашса керак. Ундан ташқари, биродарлар олдида ушбу янги ва катта телевизорни мақтасам, тезроқ жаннатга тушаман деб ўйлашса ҳам керак. Яна ким билсин! Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top