Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугун ҳаётимизнинг асосий мазмуни ва бахтига айланган Худонинг марҳамати ҳақидаги гувоҳликни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Бир ёш биродаримиз ўзининг бошидан ўтганларини шундай эслайди. “Мен ёшлигимдан Худони билиб У ҳақида ўқиб улғайганман. Баъзан жамоатларга борардик. Жамоатга боролмаган пайтларимизда эса онам билан бирга Инжил ўқирдик. Бир пайтлар бўлди, ҳаётимизда қийинчиликлар, етишмовчиликлар кетма-кет келиб, бутун оила аъзоларимизни, айниқса ота-онамни руҳан тушкунликка тушириб қўйди. Бу ҳолат бир неча йиллар давом этди. Шу сабаб, биз оиламиз билан Худодан узоқлашдик. Бу ҳолат менга жуда ёмон таъсир қилди. Агар Худованд бизнинг аҳволимиз билан қизиқмас экан, У бизнинг илтижоларимизга қулоқ солмас экан, нега бундай Худога ибодат қилиб Унга ишонишимиз керак, деган фикрга келиб қолдим.
Narrator 2 Шу фикр билан Худога ва Исо Масиҳга бўлган ғазабим ошганидан ошди. Онам менга Худо ҳақида гапирганида, онамни жеркиб ташлардим. Онам қандай қилиб, унга жавоб бермайдиган Худога ҳали ҳам ишониб юрибди, деб жахлим чиқарди. Худонинг иродаси билан бошқа давлатга ўқишга кетишимга тўғри келди. У ерда ўзимга алоҳида кичик квартирани ижарага олиб, яшай бошладим. Ҳар сафар онам билан гаплашганимизда, онам менга яна Худонинг ҳақиқати ҳақида гапирар, мен эса доимгидай унинг гапини эшитишни истамасдим. Бир куни акам менга бошқа ривожланган давлатларда, баъзи машхур актёрлар ва қўшиқчилар машҳур бўлиш ва бойиб кетиш эвазига жонларини иблисга сотганлари ҳақида гапириб қолди. Аммо бунинг оқибатида кўплари ақлдан озиб, ҳаётлари дўзахга айланиши ҳақида ҳам гапириб берди. Мен аҳмоқлик қилиб бир икки марта овоз чиқариб, мен ҳам шулардек иблис билан шартнома тузаман, ҳаётим тўкинликда бўлса бўлди. Қолгани билан ишим йўқ, дедим.
Narrator 1 Шундан сўнг ҳаммаси бошланди. Менинг уйимга ёвуз руҳлар кўчиб келди. Мен уйда бўлган пайтларимда хонамда кимдир юргандек бўлар ва эшигим ўз ўзидан очилиб кетарди. Стол устида турган целофан пакетлар ўз-ўзидан учарди. Мен бошқа хонада ўтирган бўлсам ҳам, ҳожатхонадаги сув ўз ўзидан тушиб, худди биров тортиб юборгандек шариллаб оқиб тушадиган бўлди. Мени ваҳима қамраб олди. Ухлаганимда эса кимдир менинг устимга чиқиб олиб, нафас олдиргани қўймади. Охири бу ҳолатимни чидамай отамга айтдим. У менга маслаҳат берди. Исо Масиҳни қабул қилишимни ва Худога бўлган имонимни қайтаришимни маслаҳат берди. Мен ўзим Худога неча марталаб тиз чўкиб, “Ота онамнинг Худоси менга ёрдам бер”, деб ибодат қилганимни айтдим. Ўша куни дадам менга Худога қалбимни ва бутун танамни топширишимни маслаҳат берди. Бошқа куни эса менга қўнғироқ қилишди. Дадам экан. У менга шундай деди: “Ўғлим мен сен учун кечаси билан Худога ибодат қилиб чиқдим.
Narrator 2 Худо сенинг олдингга фаришталардан иборат қўшинини юборди”, деди. Мен ҳам ўша куни кечаси тинч ухлаган эдим. Шу куни жуда тиниқиб ухлаганим учунми кайфиятим ҳам яхши бўлди. Кун давомида яна бир қўнғироқ бўлди. Бу одам мен танимайдиган бир чўпон экан. Мен у билан кўришиб олишга келишдим. Ҳафта охирида у билан кўришгани бошқа шаҳарга бордим. Бу одам юзларидан нур таралиб турадиган, меҳрли ва сокин одам экан. У билан узоқ гаплашдик, охирида у мени Исо Масиҳни ҳаётимга қабул қилиш-қилмаслигимни сўради. Мен, “Қабул қиламан,” дедим. Шу куни мен Исо Масиҳни яна қайта ҳаётимга Нажоткорим ва Худойим, деб қабул қилдим. Шундан сўнг, мени ёвуз руҳлар безовта қилмайдиган бўлди. Мен Худонинг ишлашига қойил қолдим. У мени тиз чўктириш учун шу ҳолатдан ўтишимга йўл қўйди. У мени ҳаммадан кўра яхшироқ билади.