Ассалому алайкум азиз мухлислар! Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти туфайли сиз азизлар билан соғ-омон учрашиб турганимиз учун Унинг исмини улуғлайлик. Азиз биродарлар, бугун биз Исонинг Худо эканлиги тўғрисида гаплашамиз. Исонинг Худо эканлигини одамларга сўз билан исботлаш айрим пайтда жуда қийин.
Мен ўз сўзлари билан Исонинг Худо эканлигини тушунтирган кўп одамларни кўрдим. Аммо биласизми, мен одамларга Исонинг Худо эканлигини исботлаш йўлини кўрсатмоқчи эмасман.
Ҳар битта муаллифнинг мактубини қарар экансиз, уларнинг мактубида ҳар биттасининг сўз танлаш усули, уларнинг ички кечинмалари иштирок этган. Худо уларнинг ҳар бирига эркинлик берган. Шунинг учун ҳам энг асосий нарса ўша нарсага ўзим ишонсам ва ўзим тушунсам, буни бошқаларга етказиш учун ўзимга хос бўлган усулни танлашим мумкин бўлади.
Агар менинг ўзим шу нарсага қаттиқ ишонсам, мен ўйлайманки, бу унчалик қийин нарса бўлмайди. Битта одамга битта нарсани айтиб исботлаганингизда у фақат сизнинг сўзингиз орқали ишонмайди, балки бу билан у сизнинг кўзингиз ва дилингиз нима гапираётганига ҳам эътибор беради.
Агар сиз сўзингиз билан исботласангизда, кўзингиз ва юрагингизда ўзингиз ишонмасангиз бу энг катта муаммо!!! Шунинг учун келинглар, Инжилда Исонинг Худо эканлигини тасдиқловчи воқеаларни кўриб чисак.
Исонинг Худо эканлигини кўриш учун келинглар, олдин Исонинг Ўзи Ўзи ҳақида Инжилда нима айтганлиги ҳақида ўқиб кўрсак. Исонинг Ўзи Ўзи ҳақида нимага ишонган? Исо ҳеч қачон очиқдан-очиқ: “Мен Худоман” — деб айтмаган.
Лекин шу билан бирга биз шундай таъкидларга дуч келамизки, бундай таъкидларни Худодан кичик бўлган ҳеч бир кимса айта олмайди. Масалан, Исо шундай деб айтган: “Инсон Ўғли, яъни Исо Ўз фаришталарини юборади”. Матто Хушхабар Китоби 13 боб 41ояти. Бошқа жойда эса ўша фаришталар ҳақида “Худонинг фаришталари” деб гапирилади.
Бу ерда яна битта нарса борки, Матто 13 боб 41оятида “Инсон Ўғли Ўз фаришталарини юборади, улар эса гуноҳга сабаб бўлган ва ёмонлик қилиб юрган барчани Унинг шоҳлигидан йиғиб олиб,” яъни Исонинг шоҳлигидан йиғиб олиш ҳақида гапирилади.
Инжилдаги бошқа жойларда эса бу Шоҳлик ҳақида Худонинг Шоҳлиги деб гапирилади. Ҳатто худди шу Матто мактубида бу Масиҳнинг Шоҳлиги сўзи ўрнига “Осмон Шоҳлиги” сўзи ишлатилса ҳам бўларди. Чунки бошқа жойларида шу сўз кўп ишлатилган. Исонинг Ўзи даво қилаётган хуқуқ имтиёзлари янада яққолроқ Унинг Худо эканлигини кўрсатади. Хусусан, Унинг гуноҳларни кечириш хуқуқи борлигини айтиши, Уни Худога шак келтиришда айланишига олиб келди. Азизлар, шу ерда сизлар билан хайрлашиб сизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини эслатиб ўтсам: www.dilkashradi.com Хайр саломат бўлинг.