3:30

Болаларда бош оғриғи

MP3

Поликлиникага невролог шифокор олдига деярли ҳар иккинчи бола шикоят билан келганида, албатта, бош оғриғини ҳам тилга олади. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ! Шифокорларнинг қайд этишича, болаларнинг 35-60%, айниқса катта синф ўқувчилари ушбу хасталикдан азият чекар экан. Беморларнинг 13% га яқини эса биринчи бош оғриғини 10 ёшга кирмасдан туриб ҳис қилган. Кичик синф ўқувчиларида, одатда, бош оғриғи бошдан кечирилган касаллик оқибати ҳисобланади. Бу кўп ҳолатларда бош суякнинг травматик шикастланиши, бош миядаги яллиғланиш ва ҳажм ошиши жараёнлари, эпилепсия бўлиши мумкин. Ўз табиатига кўра ўғил болалар қизларга қараганда кўпроқ муштлашишади, йиқилишади ва натижада, бош мия суяги жароҳатларини олишади. Бош миядаги оғир шикастланишларни яшириш қийин.

Улар, одатда, реанимация тадбирларини талаб этади. Бош мия чайқалишини эса катталар назардан қочириши мумкин. Фарзандингизнинг кўнгли беҳузур бўляптими? Тушунарли, демак яна чипс еган. Мумкин эмас! Боши оғрияптими? Толиқиб қолгани аниқ! Дармонсизликни ҳис қиляптими? Боши айланяптими? Албатта, яна эрталабдан ҳеч нарса емаган. Балки бу шикоятларга эътиборлироқ бўлиш керакдир? Мактабдан уйгача қандай келгани ҳақида сўраб кўринг, нега кайфияти йўқлиги билан қизиқинг. Кўзи остидаги кўкарган жойлар қаердан пайдо бўлганини сўранг. Чунки шикастланишдан кейинги бош оғриғи узоқ йилларгача болангизни тарк этмаслиги мумкин. Катта мактаб ёшида эса бош оғриғига асосан қаттиқ толиқиш, стресслар, шахсият билан боғлиқ хавотирнинг юқори даражаси сабабчи бўлиши мумкин. Натижада зўриқиб оғрийдиган бош оғриқлари пайдо бўлади.

Айтиш жоизки, бош оғриғи қиз болаларда кўпроқ учрайди. Одатда бу чаккалардаги зирқираб оғришдан иборат бўлади ва у сурункали шаклга киради. Ўғил болаларда эса асосан бошнинг тепа қисмида сиқувчи оғриқлар учрайди. Бош оғриғи сифатида ифодаланадиган ҳиссиёт организмда қай тарзда шаклланади, деган масала ҳозирга қадар узил-кесил ўз ечимини топмаган. Баъзи муаллифлар иммун ва оғриқ ҳисларининг биргаликда бошқарилиши ҳақида гапиришади. Бунда ушбу жараёнга бош миянинг алоҳида тузилмалари ҳам жалб этилади. Аммо бош оғриғининг иммун механизмлари назарияси етарлича яхши ўрганилмаган. Бошқа бир назарияга кўра бош оғриғига беморнинг безовталиги оқибатида бош ва бўйин скелет мушакларининг узоқ вақт зўриқиши сабабчи бўлиши мумкин. Мушакларнинг сиқилиши босилиш, тортилиш, «темир қалпоқ» ҳисси шаклидаги оғриқ билан намоён бўлади.

Бундай мушакда қон билан таъминланиш етарлича бўлмайди. Унда вена тармоғи орқали тўлиқ чиқиб кетолмаган модда алмашинуви маҳсулотлари йиғилади, чунки мушакнинг ўзи сиқилган бўлиши билан бирга томирларни ҳам сиқиб қўяди. Бунда мушакдаги оғриқ янада кучаяди ва у шиша бошлайди. Ҳозирги кунда бош оғриғинниг шаклланишида шахснинг туғма хусусиятлари ва сурункали стресснинг мавжудлиги муайян роль ўйнашига шубҳа қолмаган. Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларимиз мактабдан ташқари қўшимча машғулотларга кўмиб ташланган. Болалар чарчашади, улгуришмайди. Катталар бўлса аччиғи чиқиб, болани асоссиз хафа қилишади: «Ҳеч нарсани истамаяпти! Унга ҳеч нарса керак эмас!». Бу тўғри! Бу унга керак эмас! Унда дам олиш учун вақт қолгани йўқ. Айнан шундай ҳаёт тарзи болада бош оғриқлари пайдо бўлишига олиб келиши шубҳасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top