MP3

Ассалому алайкум ҳурматли мухлислар. Яна сиз азизлар билан дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, Аюб пайғамбарнинг тарихи Эски Аҳд китобидан барчамизга яхши таниш. Аюбнинг азоб чекканлиги тўғрисидаги тарих эса жуда кўп ваъзлар орқали ҳам барчамизга яхши таниш бўлиб кетган.

Аюб билан бўлиб ўтган воқеалар кўпчилигимизни масиҳийлик ҳаётимизда кўплаб ўзгаришлар қилишга қодир. Унинг дўстлари эса Муқаддас Китобга мутлоқ тўғри келмайдиган маслаҳатлари билан Аюбни йўлдан қайтаришмоқчи бўлади. Азизлар, бизга яхши тушунарли эди, ахир Аюб Худованддан воз кечганида ҳам унинг ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслиги.

Балки ўзгариш бўлар эди, лекин шуниси аниқ эдики, бу ўзгариш яхшиликка эмасди.

Аюбнинг дўстларини айтишича, унинг азоблари тўғридан-тўғри гуноҳ билан боғлиқ эди.Улар ўзларича Аюбни гуноҳкорликда айиблашмоқчи бўлишганди.

Бу гапларни нима учун айтяпмиз, аста-секин тушуниб бораётган бўлсангиз керак. Кўпинча биз масиҳийлар ҳам биродарларимиз орасида тез-тез учраб турадиган муаммоларни уларнинг нотўғри гуноҳкорона ҳаёт кечираётганлиги билан боғлашга шошиламиз. Азизлар, ҳеч қачон шошилиб кимнидир айблашга ҳаракат қилманг. Аввало, масалани илдизини яхшилаб тушунишга ҳаракат қилинг.

Ана шундан кейин бирор фикр айтсак ярашади. Балки Аюбнинг ҳам кўп азоб чекишида унинг гуноҳкорлиги ёки Худога номаъқул тарзда ҳаёт кечириши сабаб бўлгандир. Ҳурматли биродарлар, келинг, шу ўринда Муқаддас Китобдан бир оятни келтириб ўтсам.

Ушбу оят Юҳанно китобининг 9 боби 1 оятидан то 3 оятигача бўлган жойларда битилган: “Исо ўтиб кетаётганида, Унинг кўзига бир туғма кўр одам чалинди. Шогирдлари Исодан: Устоз, бунинг кўр бўлиб туғилишида ким гунохкор, ўзими ёки ота-онасими? — деб сўрадилар.

Исо шундай жавоб берди: Бунда на ўзи гуноҳкор, на ота-онаси, балки Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр бўлиб туғилган.” Мана шу оятни ўқиганимизда, кўпинча катта хатоликка йўл қўйишимизни кўришимиз мумкин.

Инсон шундай яратилганки, агар ибодатхонада кимдир сизга унчалик ёқмаса, ёки сиз билан рақобатчи бўлса, уни кичгина хатоси туфайли айблашга ўрганиб қолганмиз.Бундай йўл тутишимиз эса каломдаги кўплаб оятларга қарши бораётганимиздан дарак беради.

Азиз биродарлар, бир-биримизни севиб ҳурмат қилиб, тўғри, Худога мақбул ҳаёт кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунинг билан, азизлар, бугунги мавзумиз хам ўз поёнига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top