Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.
Савдо шохобчаларини ривожлантириш ва даромадини оширишнинг бирдан-бир чораси доимий мижозлар билан алоқада бўлишдир. Дўкон — мижозлар учун, шу боис у ерда қиладиган ҳар бир ишингиз ва яратадиган янгилигингиз мижозлар истагига мос ва улар учун фойдали бўлиши даркор. Сиз ўзингизнинг мижозлар хоҳишини ҳисобга олишингиз керак. Дўкондорлик ва кема капитанлиги бир-бирига жуда яқин касб саналади. Йигирма йил мобайнида кемасини чўктирмаган капитан нафақага чиққач, эришган муваффақиятлари учун «Энг яхши капитан» унвони берилган экан.
Ўттиз йиллик фаолияти давомида бирор марта; ҳам мижозни йўқотмаган сотувчи ҳам нафақага чиққанида «Энг яхши сотувчи» унвонига сазовор бўлади. Бу икки тоифанинг ўхшашлиги шу шаклда изоҳланади: кемачиликда асосий нарса — кема; йўловчи, юк ёки денгизчилар эмас. Кема капитани Австралиядан Англияга сузиб келгач, ўз раҳбариятига: «Англия портига етиб келдик. Кемада йўловчилар ва юклар йўқ. Сафар кўнгилдагидек ўтди. Аммо қирғоққа яқин қолганда нимагадир урилдик. Кўрилган зарар миқдори катта», дея ахборот берса, кеманинг эгаси бўлган компания капитаннинг бу «бехатар сафари»га қандай муносабат билдирган бўларди?
Зиён етган кема ойлаб таъмирланади. Таъмир эса, албатта, харажатсиз бўлмайди, яъни компания зарар кўради. Бундан ташқари, капитан ишдан бўшатилади. Капитанлик шундай бўладими? Йўқ, албатта! Кемачиликдаги асосий қоида мана бу: кемага зарар етказмай портга етиб бориш. Ўз ўрнида бу соҳадаги энг катта хато портга кемани шикаст етказган ҳолда олиб киришдир. Хатони содир этган капитаннинг айби узр сўраш билан ювилмайди. Англиядаги дунёнинг энг катта суғурта компаниясида қуййдаги сўзлар ёзиб қўйилган: «Кемасини чўктириб юборган капитаннинг узри қабул қилинмайди ва эшитилмайди ҳам!»
Айнан шу фикрни сотиш санъатига нисбатан ҳам қўллай оламиз. Мижозни йўқотган сотувчи айбдор бўлиб, тижорат соҳасида хато қилган ҳисобланади. Бу ҳолатда сотувчининг барча узр-маъзурларига жавобан тортинмай шундай деяверинг: «Жавобгар ва айбдор сенсан! Чунки бу ер ўйингоҳ эмас, дўкон, бинобарин, ҳар хил одам келиши мумкин. Сенинг вазифанг ҳар қандай феъли ёмон харидорни ҳам мамнун қилиш. Чунки сен сотувчисан. Сотугвчининг даражаси мижозни йўқотмаслиги ва мижозлари сонига қараб белгиланади». Бу жавоб тижоратчйларга ярашадиган жавобдир. Битта сотувчи бир кунда ўртача олтмиш нафар харидор билан муомала қилади. Уларнинг ҳаммаси ўзига хос феъл-атворга эга. Ҳар бирининг кўнглига қараш ва бирортасини кеткизиб юбормаслик яхши сотувчининг сифатларидан биридир. Худди кема капитани денгизлар, тўлқинлар, портлар ва қояларни билишга мажбур бўлгани каби, сотувчи ҳам одамлар, моллар ва сотиш санъати қоидаларини билиши шарт.
Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.