3:33

Соғлом танда – соғ ақл

MP3

Ҳаракат нафақат мушакларни мустаҳкамлаш учун, балки хотирани ривожлантириш учун ҳам керак. Фақат шундагина мия кислород билан озиқланади. Шунинг учун ўйнанг, югуринг, тоза ҳавода иложи борича кўпроқ сайр қилинг. Янги туғилган чақалоқни тез-тез қорни билан ётқизинг, каравотчасининг устига рангли ўйинчоқларни осиб қўйинг ёки териб қўйинг, гўдак уларни олишга ҳаракат қилсин, ағдарилишга уриниб кўрсин. Болангизга моторикасини ривожлантиришга ёрдам беринг. Бир ёшида бола илк мустақил қадамларни ташлайди. Энди сизнинг ёрдамчиларингиз – бу болалар майдончасидаги нарвончалар, горкалар, арғимчоқлар ва ҳатто ўрмондаги тўнкалар ҳамдир. Фарзандингиз горкага чиқиб, ундан осилиб туришига қўйиб беринг. У шу тарзда ҳаракатларининг координациясини яхшилайди. Икки уч ёшда бола велосипед ва самокатни ўзлаштириш пайти келади.

Қишда кўчага ўзингиз билан чаналарни олинг, агар чанғида учсангиз, албатта фарзандингизни ҳам чанғида учишга ўргатинг. Ахир бу ёшда жисмоний ва ақлий ривожланиш бир бири билан чамбарчас боғлиқ бўлади-да. Фаол ҳаракатланадиган гўдакнинг фикрлаши ва эслаб қолиши ҳам фаол бўлади. Олдинига таниб олиш хотираси ишга тушади. Янги туғилган чақалоқ бирор бир предметни бир марта кўрса бас, кейин уни дарров таниб олади. Агар предметни онаси ёки отаси қўлида ушлаб турса, гўдак уни янада яхшироқ эслаб қолади. Чунки сизлар унинг ҳаётидаги энг асосий одамларсиз, демак сиз билан боғлиқ ҳамма нарса гўдак учун ҳам жуда муҳим. Олти ойлик бола борган сари кўпроқ нарсаларни эслаб қолишга қодир. Агар унга ёрқин сариқ рангдаги ўрдакча билан кўзга унчалик ташланмайдиган оқ машиначани таклиф қилсангиз, у албатта, ўрдакчага қўлини чўзади.

Энди эса машинанинг ғилдиракларини айлантириб, машина қандай юришини кўрсатинг. Кичкинтой куляпти! У севимли ўйинчоғини бир неча кундан кейин ҳам таниб олади, чунки у машина нималар қила олишини эслаб қолди-да. Болага янги ўйинчоқни таклиф қилар экансиз, унга ўйинчоқ нималар қила олишини кўрсатинг ва гапириб беринг. Шунда, боланинг ўйинчоқ билан ўйнаши янада қизиқарлироқ бўлади ва шу тарзда у хотирасида қоладиган янги маълумотга эга бўлади. Бола 2-3 ёшида катталардай эслаб қола олади. Энди у хотирасининг барча имкониятларидан фойдаланишни билади. Мияда қандайдир бир предметлар, масалан, сигир, йўлбарс, нок, лимон сақланиб қолиши учун у тушунчаларни тоифалар бўйича гуруҳлайди. Баъзи бир сўзлар ҳайвонларни, бошқалари эса меваларни ифодалайди.

Мевалар, сабзавотлар, жониворлар тасвири туширилган суратларни қирқинг ва болага уларни турли қутичаларга солишга ёрдам беринг. Катталар ўқийди, чет тилларини ўрганади, кроссвордларни ечади ва шу тариқа ўз хотираларини машқ қилдиради. Бола эса уни ўйинлар ёрдамида ривожлантиради. Фарзандингизга бу борада ёрдам бериш учун у билан бирга кубикларни ва пазлларни жойлаштиринг. Албатта болалар лотосини харид қилинг. Ёрқин суратлардан фойдаланган ҳолда, болани ҳайвонлар, гуллар, одамлар билан таништиринг. Ҳар қандай ўйин олдидан болага у ҳақда гапириб беринг, биргаликда суратларни томоша қилинг, бола уларни ўз қўлида ушлаб кўрсин. Болага эртак ва шеърлар ўқиб беринг. Шунда бола қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо беришни ўрганади, хотираси ва диққатини машқ қилдиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top