3:53

Мижоз “муқаддасдир”

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.

Дўконга ҳар хил харидор келади. Демак, харидор ҳар хил бўлса, уларнинг табияти ҳам бир хил эмас. Ҳар қандай замонда ва ҳар қандай сабаб бўлмасин, харидор хафа бўлиб, қизишса ва кетмоқчи бўлса, уни тинчлантирувчи сўзларни топишингиз керак. Бунинг учун эса гапни ширин сўзлар билан бошлаш лозим. Масалан:

— Сизни хафа қилиб қўйганимиз учун жуда хижолатдамиз. Дарҳақиқат, хато биздан ўтди. Сизнинг хафалигингизни кеткизиш ва кечиришингизга эришиш биз учун берадиган пулингиздан ҳам қадрлидир.

Илтимос, нима олмоқчи эканингизни яна бир бор такрорланг. Бошланғич босқичда зарарига бўлса ҳам сотишга ҳаракат қилинг. Агар харидор тинчланган бўлса, бемалол гапираверишингиз мумкин, майли, сизга дардини, шикоятларини тўкиб солсин. Савдо ишида шикоят эшитиш жуда яхши нарса. Чунки савдо ҳаётида харидорлар шикояти хатони ўнглашга ва тажрибанинг ортишига сабаб бўлади.

Алданганини айтиб дўконингизга келган харидор бамисоли ярадор одамдир. У биринчи ёрдамни сиздан кутади. Худди шифокор биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш билан автоҳалокатда яраланган одамнинг ҳаётини сақлаб қолганидек, сиз ҳам биринчи ёрдамни кўрсатинг. Баъзан шундай ярадорлар бўладики, энг зўр шифокор ҳам бир соат кечикиб келгани учун ҳаётини сақлаб қололмайди. Сиз ҳам ҳар доим мижозингизга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатингки, сиздан қочмасин.

Уни қўпол муомала; ва дағал сўзлар билан кутиб олсангиз, бундан кейин дўконингизга қадам ҳам босмайди. Бу хил дардли харидорларга нозик муомала керак. Ҳар бир дўкон эгаси сотувчиларига бу кўрсатмаларни бериши лозим.

Агар мижозларни ҳақиқий сармоя сифатида кўрсангиз, уларга чиройли муомалада бўласиз. Зеро, савдо шохобчасининг асл сармояси пул эмас, мижоздир. Буни шундай изоҳласак, янада тушунарли бўлади: битта мижоз йилига бир миллион даромад келтирса, бундан юз минги сизга қоладиган соф фойда ҳисобланади. Агар даромад юз минг бўлса, унда соф фойда ўн мингга етади. Бундай мисолларни кўплаб кел- тириш мумкин. Айтмоқчи бўлганим шуки, сармоя бу мижоз, пул эмас. Сиз ҳам мижозларингизни сармоя каби асрашга, йўқотмасликка уринишга мажбурсиз.

Тошмат исмли мижозингизни эслаганингизда хаёлингизга кўзойнакли, бўйи узун киши эмас, икки миллион йиллик даромад келиши керак. Ана шу икки миллионнинг жонли ифодаси бўлмиш жаноб Тошматни қўлдан чиқармаслик учун зарур чораларни кўринг, муҳим бўлмаган сабаблар туфайли қўлдан бой берманг. Чунки сизда ана шунақа Тошматлардан ўнтаси бўлса, йилига йигирма миллион сўмингиз бор, демакдир. Шуни ҳам унутмангки, дарди бор харидорни, алданганини айтиб дўконингизга келган мижозни тинчлантириш, масалага сабр билан ёндашиш ҳақиқатан тенгсиз заковат, сабр-тоқат ва тарбиянинг самарасидир. Мижозларга яхши муносабатда бўлиб, уларнинг эҳтиёжларини чиройли суратда қондирсангиз, кўп уруғ эккан деҳқон каби мўл ҳосил оласиз, мижозлар ҳам сизнинг фаровон ҳаёт кечиришингизга сабаб бўладилар. Омад ва даромаднинг ушбу олтин калитини эсдан чиқарманг: «Сиз учун сармоя пул эмас, аксинча мижозингиздир!»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top