3:26

Мижоз олдингизга келмаса, ўзингиз боринг

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.

Мижоз cизнинг олдингизга келмаса мижознинг олдига боришингиз керак бўлади. Бу янги мижозларга эга бўлиш учун тутилиши лозим бўлган қоида, риоя этилиши зарур бўлган чиқиш йўли ва савдо соҳасининг муваффақиятга эришишдаги олтин калитидир. Мазкур қоидага амал қилганлар тижорат соҳасида ютуқларга эришадилар ва омад доимо уларнинг ҳамроҳи бўлади. Савдо ходимининг муваффақиятга эришган-эришмаганини билишнинг икки қоидаси бор, агар бир киши мендан: «Дўконим муваффақият йўлидан оғишмай кетяптими?» — деб сўраса, уни ана шу икки қоида ўлчовига солиб кўраман. Яъни: А) Қўлингиздаги мижозларнинг сони қанча?! Б) Қўлингизда бўлмаган мижозларнинг сони қанча?

Кунлардан бир куни ипак фабрикасини бориб кўрдим. Фабриканинг хўжайини ўз ҳолидан хурсанд, чунки олти минг мижози бор эди. Менга ҳам ишидан кўнгли тўлаётганини айтар ва Худога шукрлар қилар эди. Унинг ишларини кўздан кечирдим-да, фабрика хўжайинидан: «Сиз мол сотмайдиган қанча дўкон бор, биласизми?» деб сўрадим. — Йўқ, деб жавоб берди ва менга ҳайрон бўлиб қаради.

Ҳисоб-китобимга кўра, сизга мижоз бўлиши мумкин бўлган, бироқ ҳозир молингизни сотмайдиган роппа-роса тўққиз минг олти юз дўкон бор, — дедим. Ишни, барча дўконларга биттадан мактуб ёзишдан бошладим. Уларга фабрикага салбий таъсир кўрсатмайдиган қулайликларни таклиф қилдим. Тез орада дўконлардан тўрт минг олти юзтаси фабрика мижозига айланди. Қўлингиздаги накди ҳамма вақт ҳам яхши, уни кўпайтириб сақланг. Шундай экан, аввало, дўконингизга келмаган ва сиз мижозингизга айлантиролмаган харидорлар билан шуғулланинг. Инглизларнинг машҳур адмиралларидан Нельсон қўмондонларидан асло: «Қанча душман кемасини чўктирдингиз?» — деб сўрамас, балки доимо: «Қанча душман кемасини қўлдан чиқардингиз?» — дер экан. Бир куни Лондон шаҳрининг ўзида тўрт юз элликта шўъбаси бўлган дўкондор менга қуйидагиларни айтди: «Мен жуда кўп вақтимни дўконларимга келмай қўйган мижозларнинг нега кетиб қолганлари сабабини аниқлашга сарфлайман».

Агар тижоратнинг, сотиш санъатининг сеҳргари бўлишни истасангиз, сизга сеҳрли таёқча ўстига ёзилган сўзларни айтиб бераман. Ўзингизга: «Ҳозирда мавжуд мижозларимни йўқотмасдан, дўконимга яна янги мижозларни жалб қилиш учун нима қилишим керак?» деган саволни беринг. Муваффақият ушбу саволнинг яхши ва тўғри жавобида. Дўкон мудири ёки корхона раҳбарининг бутун фикру зикри ана шу саволга жавоб излаш билан банд бўлиши керак. Мижозларга таъсир кўрсатиш, уларни жалб қилиш учун энг ажойиб ва кўзда тутилмаган рекламалар қилинг, олдин ҳеч ким қўлламаган усулларни қўлланг. Ўй-хаёлингиз доимо мижоз орттириш ва ишингизни кенгайтириш бўлсин. Шунинг учун сўзимиз бошидаги қоидани яна такрорлайман: мижоз сизга келмаса, сиз мижознинг олдига боринг. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top