3:42

Тоғ ваъзидаги ибодатлар

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Ҳазрати Исо, тоғдаги буюк маърузасида, яқинини севиш тўғрисидаги Худонинг қонунига эътибор қаратиб, Исо: «Душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар учун ибодат қилинглар»,— деб ундайди. Кейин эса муҳим сабаб келтиради: «Шунда осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади». (Матто 5:44, 45) Ваъзининг бу қисмини Исо қуйидаги маслаҳат билан якунлайди: «Осмондаги Отангиз баркамол бўлганидай, сизлар ҳам баркамол бўлинглар». (Матто 5:48) Бу билан Исо инсонлар бутунлай мукаммал бўла олишади, демоқчи эмас. Лекин Тангрига тақлид қилиб, ҳатто душманларимизга ҳам севгимизни кўрсатишимиз мумкин. Исо яна шундай дейди: «Самовий Отангизга ўхшаб, сизлар ҳам доим раҳмдил бўлинглар». (Луқо 6:36)

Ваъзини давом этиб Исо тингловчиларига: «Одамларга кўриниш учун одиллигингизни кўз-кўз қилишдан эҳтиёт бўлинглар»,— деб айтади. У ёлғондакам художўйликни қоралайди. «Хайр-садақа бераётганингизда,— дейди Исо,— жар солманг. Иккиюзламачилар… бундай қилишади». (Матто 6:1, 2) Хайр-садақа бераётиб эътиборни ўзига жалб қилмаган яхшироқ. Исо давом этиб: «Ибодат қилаётганингизда ҳам иккиюзламачилардек бўлманглар, чунки улар одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва катта кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўришади»,— дейди. У шундай насиҳат беради: «Сиз эса ибодат қилаётганингизда ўз хонангизга киринг ва эшикни ёпиб, яширин бўлган самовий Отангизга ибодат қилинг». (Матто 6:5, 6)

Бу билан Исо омма олдида айтилган ибодатларни қораламайди, ахир ўзи ҳам бошқалар билан бир неча марта бундай ибодат қилган-ку. Лекин у ўзгаларда чуқур таассурот қолдириб, улардан мақтов олиш ниятида қилинган ибодатларни қоралайди, холос. Кейин Исо халойиққа шундай маслаҳат беради: «Ибодат қилаётганингизда ўзга халқлар сингари ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг». (Матто 6:7) Исо бирор нарсани ибодатда қайта-қайта сўраш нотўғри, демоқчи эмас. Аксинча, ёдлаб олинган «ўша-ўша сўзларни» такрорлашни назарда тутади. Исо еттита тилакдан иборат бўлган намунали ибодатни айтади. Илк уч тилакда Худонинг ҳукмронлиги ва Унинг ниятлари тўғрисида гап кетади. Яъни Аллоҳнинг исми муқаддас бўлиши, Унинг Шоҳлиги келиши ва иродаси бажо бўлиши ҳақида. Ушбу нарсаларни сўрагандан кейингина шахсий тилакларимиз, яъни кундалик ризқимиз, гуноҳларнинг кечирилиши, васвасага берилмаслик ва Шайтондан халос этиши ҳақида сўраб ибодат қилсак яхши бўларди. Мол-мулкка нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? Исо халойиқни қуйидагича огоҳлантиради: «Ўзингиз учун ер юзида хазина тўпламанглар. Чунки бу ерда уларни куя ва занг еб битиради ҳамда ўғрилар кириб талайди». Бундай хазиналар вақтинчалик бўлибгина қолмай, Худонинг назарида қадр-қимматимизни ҳам оширмайди. Шу сабабли, Исо шундай маслаҳат беради: «Хазинани осмонда тўпланглар». Тангрига бўлган хизматимизни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиб, шундай йўл тутган бўламиз. Ўшанда ҳеч бир одам бизни Худонинг олдида орттирган яхши номдан ҳамда ваъда қилинган абадий ҳаёт мукофотидан маҳрум эта олмайди. Кейин Исо: «Зеро хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади»,— деб хулоса қилади.

Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top