3:44

Сўраб туринглар…

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Ҳазрати Исо ўзининг тоғда айтган машҳур ваъзида ибодат ва севги ҳақида кўп ажойиб сўзларни айтган эди. Ҳазрати Исонинг ҳаворийлари ва бошқа самимий инсонлар Худога маъқул тарзда яшашни исташади, аммо уларнинг вазиятида бундай йўл тутиш осон эмас. Масалан, кўп фарзийлар одамларни танқид қилиб, уларни ҳукм этишади. Шу боис, Исо тингловчиларини огоҳлантиради: «Ҳеч кимни ҳукм қилманглар, шунда ҳукмга дучор бўлмайсизлар. Чунки сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади». (Матто 7:1, 2) Ниҳоятда танқидчи фарзийларга эргашиш хавфли эканини Исо бир мисол билан кўрсатади: «Кўр кўрни етаклаб юра оладими? Ахир иккови ҳам чуқурга тушиб кетмайдими?» Хўш, бошқаларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак?

Бошқаларни танқид қилмаслик керак, чунки бу гуноҳ ҳисобланади. Исо шундай дейди: «Ўз кўзингизда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингизга: “Келинг, кўзингиздаги чўпни чиқариб олай”,— дейсиз? Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингиздаги ходани чиқариб ташланг, ўшандагина биродарингизнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласиз». (Луқо 6:39–42) Лекин бу, шогирдлар бошқалар ҳақида ҳеч қандай фикр билдириши мумкин эмаслигини англатмайди, чунки Исонинг ўзи шундай дейди: «Муқаддас нарсани итларга берманглар ва марваридларингизни чўчқалар олдига сочманглар». (Матто 7:6) Худонинг Каломидаги ҳақиқатларни марваридлар билан солиштирса бўлади. Борди-ю, кимдир бу ҳақиқатларнинг қадрига етмаса, унда шогирдлар бундай одамларни қолдириб, ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлганларни излашлари даркор. Исо яна ибодат ҳақида айтиб, тиришқоқ бўлиш қанчалик муҳимлигини таъкидлайди. «Сўраб туринглар,— дейди Исо,— ва сизларга берилади».

Аллоҳ ибодатга жавоб беришга тайёр эканини яққол кўрсатиш учун Исо шундай дейди: «Қай бирингиз болангиз нон сўраб келса, унга тош берасиз? Агар сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадяларни бера билсангиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга яхши нарсаларни бериши муқаррар!» Исо, кейинчалик машҳур бўлиб кетадиган қоидани ўрнатади. «Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг». Бошқалар билан яхши муносабатларни ривожлантиришга ёрдам берадиган бу ажойиб қоидага амал қилсак яхши бўларди. Лекин бундай йўл тутиш осон эмаслигини Исонинг қуйидаги гапларидан кўрса бўлади: «Тор дарвозадан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл эса энлидир. Кўплар шу йўлдан юради. Ҳаётга олиб борадиган дарвоза эса танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз». Исо ваъзига якун ясаб қуйидаги сўзларни айтади: «Сўзларимни тинглаб, уларга амал қилаётган ҳар ким, уйини қоятош устида қурган ақлли кишига ўхшайди. Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шиддатли шамоллар эсганда ҳам уй бузилмабди, чунки у қоятош устида қурилган эди». (Матто 7:24, 25) Нега уй бузилмабди? Чунки «бу киши уй қураётганида ерни чуқурроқ ковлаб, пойдеворини қоятош устига ўрнатган». Демак, Исонинг сўзларини тинглашнинг ўзи етарли эмас. Биз уларни бажаришга ҳаракат қилишимиз керак. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top