4:10

Ишаё Исо ҳақида

MP3

Салом азизлар. Барча яхшилик Худодан келишини, ёмонлик ва ноҳақлик эса инсоннинг гуноҳкорлиги натижасида юз беришини тан олмаган одам Худонинг Кимлигини билмайди, инсон табиатини ҳам тушунмайди. Кўпинча биз реал воқеликни кўра олмаганимиз учун ҳаётимизда юз берадиган баъзи нохуш ҳодисаларни кўргулик деб биламиз. Аслида эса, бу ҳодисалар Худо тузган баркамол режанинг ифодаси бўлади. Мисол қилиб, Гўлготадаги хочни олсак бўлади. Исо хочда жон берган куни биз Исонинг шогирдлари ўрнида бўлганимизда эди, Исонинг ўлимини фожиа деб қабул қилган бўлардик. Уч кундан кейин, якшанба куни аёллар Исонинг қабри бўш эканини кўрганларида, яна бир нохуш ҳодиса юз берган, деб ўйлаган эдилар. Агар биз ҳам уларнинг орасида бўлганимизда эди, улар каби “Исонинг жасадини ўғирлаб кетишган”, деган фикрга борган бўлар эдик.

Бироқ 2000 йил ўтгач, хочни ва бўш қабрни биз фожиа деб эмас, ғалаба деб биламиз.

Яқин одамимиз ҳаётдан кўз юмганда, биз буни фожиа деб қабул қиламиз. Худо эса шу каби оғир жудолик орқали Ўзининг юксак ва гўзал режасини амалга оширади.

Ишаё китобининг 40–66–боблари Масиҳга бағишланган. Бу боблардаги Худонинг баъзи ваъдалари Масиҳга, бошқалари эса Исроил халқига қарата айтилган. Аммо Муқаддас Руҳнинг таъкидлашича, “Эгамизнинг режалари тоабад собит туради, Унинг ниятлари наслдан–наслга ўтиб боради” (Забур 32:11). Ишаё китобининг бу машҳур бобларида Худо ва инсон табиати ҳақида ёзилган бўлса–да, биз бу боблардан ўз ҳаётимиз учун Худонинг кўп фойдали насиҳатлару ваъдаларини ўрганиб оламиз. Ишаё китобининг 58–боб, 10–12–оятларида Худонинг бизга берган қуйидаги ваъдасини диққат билан ўқиб чиқинг: Очлар учун жон куйдирганингизда,

Мазлумларнинг жонига оро кирганингизда, Нурингиз зулматда ҳам порлайди,

Энг қоронғу даврингиз ёп–ёруғ кундуздай бўлади. Эгамиз доимо сизга йўл кўрсатади, Қақраган ерларда ҳам жонингизга озиқ беради, Шунда сиз суғорилган боғдай, Сувлари қуримас булоқдай бўласиз. Қадимги вайроналарингиз қайта тикланади, Кўҳна пойдеворларни қайта кўтарасиз. Шунда сизларни: “Бузуқ деворни Тикловчи, Кўчаларни қайта Қурувчи”, деб чақиришади. Сизнинг нурингиз зулматда порлайди. Худонинг Ўзи сизларга йўл кўрсатади. Ҳаётингизнинг қийин, қақраган дамларида, Эгамиз жонингизга ором беради. Сизлар келажакдаги кўп насллар учун асос бўласиз, аммо буларга етишиш учун бир шартни бажаришингиз даркор. Бу шарт — оч ва қийналган одамларга ўзингизни бағишлашингиздир. Агар қийналганларга ёрдам беришни сиз ўзингизга мақсад қилиб қўйсангиз, Худо ҳам Ўз навбатида сиз хаёлингизга ҳам келтирмаган даражада беқиёс барака беради.

Бу Худонинг бизга бўлган содиқлигидир. Худо бизни севгани учун, Исонинг мукаммал нажоти орқали бизни қутқаради. Биз ўзгариб, Исо Масиҳга ўхшаб борганимиз сари атрофдаги одамларнинг ҳаётига ижобий таъсир ўтказа бошлаймиз. Натижада уларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар рўй беради. Имонлининг ҳаётидан мақсади ҳам шу. “Шогирд орттиришнинг” моҳияти ҳам шундан иборатдир.

Сизларга бир вазифа бермоқчиман. Ишаё китобининг 40–66 бобларини қайта кўриб чиқинг. Ўша бобларни уч марта ўқинг. Биринчи марта ўқиганингизда Худонинг табиати ҳақида ўрганиб олган ҳамма нарсани ёзинг. Иккинчи марта ўқиганингизда эса, инсон табиати ҳақида нималар ўрганганингизни ёзинг. Учинчи марта ўқиганингизда Худонинг инсонга бўлган садоқати ҳақидаги оятларни кўчиринг. Худонинг садоқати ҳақидаги мавзу сизни лол қолдиришига аминман. Худонинг буюклигини ва инсоннинг гуноҳга бўлган мойиллигини ўрганиб чиққанингиздан кейин Худонинг бизга бўлган меҳр–шафқати қанчалар беқиёс эканлигини кўрасиз. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top