Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Шогирдингиз одамлардаги қобилиятларни кўра оладиган бўлсин.
Исо ўн иккита ҳаворийни танлаганида шошилмаган эди. У Ўз хизматини бошлаганидан кейингина Ўзига шогирдлар танлаганди. Ҳаворий Павлус бу борада шундай деган эди: “Икки ёки уч гувоҳ бўлмасдан, ҳеч бир оқсоқолга қўйилган айбни қабул қилма. Гуноҳ қилиб юрганларни эса ҳамманинг олдида фош қил, токи бошқаларнинг ҳам дилига қўрқув кирсин. Худо, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар олдида сени қаттиқ огоҳлантираман: ҳеч бир ишда юз-хотирчилик ва тарафкашлик қилмай, бу буйруқларга риоя қил. Хизматга олиш учун ҳеч кимнинг бошига шошилинч қўл қўйиб дуо қилма, бошқаларнинг гуноҳларига шерик бўлма, ўзингни пок сақла.” (1Тимўтийга 5:22).
Шогирдингизга далда беринг, токи у ўзига ишонч ҳосил қилсин. Шогирдингиз қандай бўлмасин, у ўзига ишонч ҳосил қилиши керак. Галаталикларга 2–боб, 19–20–оятларда шундай деб ёзилган: “Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени яхши кўриб, Ўзини мен учун фидо қилган.” Бу оятда биз Масиҳ билан бирга хочга михланганимиз ҳақида ёзилган. Шогирд ўстириш жараёнида биз асосий кучимиз ва вақтимизни шогирднинг эски ўзлигини йўқ қилишга сарфлаймиз, иллатлардан халос бўлишига унга ёрдам берамиз. Аммо озгина вақт бўлса ҳам шогирдга далда бериб, унинг Масиҳдаги янги ўзлигини ўстиришимиз керак. Тўғри, шогирд ўз инсоний кучига таянмаслиги керак, аммо бизга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан у ҳамма нарса қила олишига ишонч ҳосил қилиши даркор.
Шогирд орттириш вақт талаб қиладиган жараёндир. Шогирд орттиришни жамоатда ўтказиладиган семинарлар, дарслар ёки китоблар ўқиш орқали амалга ошириб бўлмайди. Шогирдни бир зумда ўстириб бўлмайди. Ҳозирги замонда биз ҳамма нарсани оммавий равишда ишлаб чиқарамиз, мисол учун, машиналарни, уй жиҳозларини, электрик мосламаларни, идиш–товоқларни. Ҳатто уйларимиз ҳам бир хил шаклда қурилган. Оммавий ишлаб чиқаришга ҳаддан ташқари ўрганиб қолганмиз, шу сабабдан бундай ишлаб чиқаришни ҳаётимизнинг барча соҳаларида қўлламоқчи бўламиз. Бу имконсиз нарса. Ҳар бир шогирд шахсий муносабат орқали орттирилади. Шогирдларни конвейер усулида етиштириб бўлмайди. Ҳар бир шогирд Муқаддас Руҳ томонидан шакллантириб ўстирилади.
Бир шогирдни ўстиришга қанча вақт сарф бўлишини фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос. Бу жараённинг тез ёки секин ўтиши шогирднинг руҳий ҳолатига боғлиқ бўлади. Бир нарсани ишонч билан айтишим мумкинки, бу жараён вақт талаб қилади. Исо Масиҳ Ўзига шогирдлар танлаганида улар Худодан қўрқадиган, тақводор одамлар эдилар, ҳаммалари яхши оилалардан келиб чиққанлар. Шунга қарамай, Исо бутун вақтини ўша шогирдларни ўстириб ривожлантиришга сарфлаганди. Масиҳ мукаммал Устоз бўлса–да, шогирд ўстиришга тўлиқ уч йилни бағишлаганди. Шундай экан, бизга ҳам шогирд ўстириш учун камида уч йил керак бўлади. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.