3:58

Муваффақият формуласи…

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугунги суҳбатимиз ҳар доимгидан бошқача бўлишига ишончимиз комил. Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинадиган ибратли ҳикоялар ҳаётда муваффақиятга эришиш учун нималар қилишингиз кераклигига ишора қилса ажаб эмас. Даставвал, тўқилган қўғирчоқлар ҳақидаги ҳикоямизни тингланг. Эр-хотин биргаликда эллик йил умр кечиришди. Уларнинг бир-бирларидан яширган ҳеч қандай сирлари йўқ эди, фақатгина аёл бир қутида нимадир сақлар ва эрига ҳеч қачон уни кўрсатмасди. Аёл бир куни касалхонага тушиб қолди. У умри тугаб бораётганини сезди ва эридан ўша қутини очишни сўради. Эр қутини очди ва кўзларига ишонмади. Унинг ичида икки дона тўқилган қўғирчоқ ва юз минг доллардан ортиқ пул бор эди. Эр касалхонага бориб хотинидан қути ичидагилар қаердан келиб қолганини сўради. — Тўйимиз куни бувим мустаҳкам никоҳнинг сири жанжаллашмасдан яшай олишда деганди. Ҳар сафар сиздан жаҳлим чиққанида мен ип олиб қўғирчоқ тўқирдим, — деди аёл.

Narrator 2 Эрнинг қалби ларзага келди. Қутида икки донагина қўғирчоқ бор эди. Демак, шунча йил давомида аёли фақат икки мартагина ундан жаҳли чиққан. У турмуш ўртоғини аста ўпди ва пуллар қайдан келганини сўради. — Бу пуллар шунча йилдан буён тўқиган қўғирчоқларимнинг пули, — деб жавоб берди аёл. Кўрдингизми, жаҳлни тўғри нарсага йўналтирсангиз, бу ҳам оилага манфаат олиб келаркан. Иккинчи ҳикоямиз сеҳрли кўприк ҳақида. Деҳқон ўғли билан йўлда кетаётган эди. Ўғил отасига нимадир ҳақида гапириб берар ва унинг гапи ёлғон эди. Деҳқон ўғлининг ёлғон гапираётганини билди ва деди: — Ўғлим, ҳозир олдимизда кўприк келади. У оддий эмас, сеҳрли кўприк – ёлғон гапирган одам унинг устидан ўтаётганида кўприк синиб кетади. Ўғил бу гапни эшитиб қўрқиб кетди ва ёлғон гапирганини тан олди. Ота-ўғил кўприкка етиб келишди ва унинг устидан ўтишаётганидан кўприк бирдан синиб кетди.

Narrator 1 — Мен сенга ёлғон гапиргандим, — деди деҳқон ўғлига. – Сеҳрли кўприклар бўлмайди. Баъзида ўйламай гапирган гапимиз кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Чиндан ҳам шунчаки, тўқиб чиқарилган ёлғонлар инсонни беобрў қилиб, уни бошқалар олдида ишончсиз қилиб қўяди. Вақт биз инсониятга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири. Вақтингизни беҳуда сарфламасангиз, доим муваффақият ва омад ортингиздан эришиб юради. Бунга мисол тариқасида кейинги ҳикоямизни тингланг. Бир бизнесмен миллион-миллион доллар пул тўплади. У энди ишлашни бас қилиб, бир йил дунё кезиб, ҳордиқ чиқармоқчи бўлди. Аммо бу қарорга келиб улгурмасидан унинг олдида ажал фариштаси пайдо бўлди. У фариштадан озгина вақт сўради: — Менга уч кун яшашимга имкон бер – бойлигимнинг учдан бир қисмини бераман. Аммо фаришта қарорида қатъий эди. Шунда бизнесмен ўғлига хат ёзиш учун бир дақиқа вақт сўради.

Narrator 2 Фаришта унга имкон берди. «Вақтнинг қадрига ет, ўғлим, — деб ёзди киши. – Мен умрим давомида тўплаган миллионларимга ҳаттоки бир соат ҳам вақтни сотиб ололмадим». Бир сартарош мижознинг сочини оларкан, Худо ҳақида гап бошлади: Агар Худо бўлса, шунча касал одамлар қаердан келган? Ота-онасиз болалар, адолатсиз урушлар қаердан? Агар У бўлганида эди, ҳеч қандай қайғу ва оғриқлар бўлмасди. Барчани севадиган Худо шундай ишларга йўл қўйишига ишониш қийин. Шунинг учун шахсан мен Унинг мавжудлигига ишонмайман. Шунда мижоз сартарошга деди: Биласизми, дунёда сартарошлар йўқ.  Қанақасига? — ҳайрон бўлди сартарош. — Улардан бири қаршингизда турибди. — Йўқ! — хитоб қилди мижоз. — Сартарошлар мавжуд эмас, акс ҳолда ҳов анави кишига ўхшаган соч-соқоли ўсиб кетган одамлар бўлмасди. Ахир гап сартарошларда эмас-ку! Шунчаки улар сартарошга боришмайди. Ҳамма гап ана шунда! — деди мижоз. — Худо бор. Фақат одамлар Унга интилишмайди. Шунинг учун дунёда қайғу ва оғриқлар ҳам бор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top