Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Сиз ота-боболар руҳига сиғниш қандай бўлишини яхши биласиз. Аммо сизга бир савол билан мурожат қилсак, Ота-боболар руҳиги сиғиниш мумкинми? Бироқ бу саволга жавоб беришдан олдин биз ота-онани ҳурмат қилиш ва вафот этса хотирлаш каби мавзулар бўйича икки оғиз гаплашсак тўғри бўлади. Ота -онани сийлаш, ҳурматлаш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳар бир фарзанд учун ҳам қарз, ҳам фарз. Лекин афсуски бу қоидага амал қилмай , мол-дунёси етарли бўлса ҳам, волиду волидасини қариган чоғида боқмаётган ва ҳатто қариялар уйига топшираётган одамлар ҳам бор. Бир сафар , қариялар уйида бир отахон билан суҳбатлашиб қолдим . У киши Улуғ Ватан уруши ветерани экан. «Худога шукур, ҳукуматимиз кўрсатаётган ғамхўрлиги учун миннатдорман, – деди у. – Бу ерда ҳамма шароитлар бор, ҳамма нарса яхши. Лекин қани эди, болаларим тез-тез келиб турса, невараларимни кўрсатса…
Narrator 2 Бу ҳолат қанчалик ачинарли бўлмасин, мен ҳозир ҳеч кимни айблаётганим ё ҳукм қилаётганим йўқ. Айтмоқчиманки, бундай иш қилган одамлар Худонинг қонунларини ўқимаган, улардан бехабар. Ота-онага ғамхўрлик қилиш фақат фалсафий тушунчаларга, ёки маданият қоидаларига асосланган эмас, балки руҳий тамалга, Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига асосланган. «Кейин Худо қуйидаги сўзларни айтди: «… Ота-онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлади» (Чиқиш 20:1, 12). Ушбу амр, Аллоҳ таоло Синай тоғида Мусо пайғамбарга берган ўнта амрнинг биридир. Ўнта амр эса , Аллоҳ берган ҳамма амрлар ичида энг муҳимлари. Демак Худонинг Ўзи бизга ота-онангни ҳурмат қил, деб талаб қилмоқда. Ўша замонларда ким бу ўнта амрнинг ҳатто биттасини бузса ҳам, ўлим жазосига ҳукм қилинган! Демак Аллоҳ таоло бизга: «Ота-онангларни сийланглар», деб қаттиқ талаб қилмоқда.
Narrator 1 Кимки Худонинг Сўзига қулоқ тутмаса, ота-онасини ҳурмат қилмаса, энг оғир жазога мубтало бўлади. Агар ота-онамизга қарши норозилик сўзларини айтадиган бўлсак, ҳаётимизга қайғу ҳасрат келишини аниқ, яъни яхши ҳаёт кечирай деган одам, ота-онасини қадрлаши, уларга ғамхўрлик қилиши лозим. Арвоҳларга топиниш бошқа, ўлганларни эслаш бошқа, биз масиҳийлар бу икки нарсани бир-биридан фарқлашимиз лозим. Худонинг Каломида: «Энди ўтганларни хотирлама, ё сийлама», деб ҳеч қаерда ёзилган эмас. Аксинча, агар яқинларимиз вафот этган бўлса, уларни ҳурматлаш кераклиги айтилган. Масалан: «Йўлда Наима иккала келинига деди : «Боринглар, икковингиз ҳам оналарингизнинг уйларига қайтинглар. Менга ва марҳумларга бўлган иззат-ҳурматингиз учун Эгам сизларга ҳам марҳамат қилсин» (Рут 1:8). «Уни Худо ёрлақасин! – деди Наима. – Тирикларга, ҳам марҳумларга содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди».
Narrator 2 Мана шу оятлардаги «…марҳумларга бўлган иззат-ҳурматингиз…» ҳамда «…марҳумларга содиқ қолмоқ» каби сўзларга эътибор берадиган бўлсак кўрамизки, ўлган яқинларимизни эслаш, уларни ҳурмат қилиш яхши амал эканини кўрамиз. «Эй фарзандлар, Раббимиз Исога тегишли бўлганингиз учун ота-онангизга итоат қилинглар, чунки шундай қилиш тўғридир. Ахир, Худо шундай амр қилган: “Ота-онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда ер юзида умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.”Эф 6:1-3. Вафот этганларни хотирлаганда, уларнинг яхши ишларини, яхши хислатларини айтиш керак. Шунда эшитаётган одамларга, фарзандларимизга ибрат бўлади. Эҳтимол шунинг учун ҳам ота-боболаримиз ўлганлар ортидан ёмон гаплар айтиб бўлмайди, дейишгандир. Нима бўлганда ҳам вафот этган яқинларимизни яхши ҳислатларини эслаб туриш биз тириклар учун фойдадан ҳоли эмас.