3:46

Муқаддас Китобни қандай ўқиш керак?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдор биродар. Муқаддас Китоб – Худонинг бизга ёзган мактуби, қалбимиз тўғри йўлга ҳидоят қилувчи нома. Муқаддас Китобнинг муаллифи эса – Муқаддас Руҳ. «Наҳот билмасангиз?! Қалбингизда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо сизларга берган. Танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар». Муқаддас Китобнинг муаллифи – Муқаддас Руҳ бизнинг ичимизда яшамоқда! … Чунки Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй-фикрларидан ҳам огоҳдир… Худонинг ўй-фикрларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким билмайди». «Аммо сизлар Исо Масиҳдан Муқаддас Руҳни қабул қилгансизлар . Муқаддас Руҳ ичингизда яшаётгани учун, сизларга ҳеч кимнинг бирор нарса ўргатишига эҳтиёж йўқ. Муқаддас Руҳ сизларга ҳамма нарсани ўргатади, Унинг таълимоти сохта эмас , ҳақиқийдир. У сизларга ўргатганидек, Масиҳ билан яшашингиз керак».

Narrator 2 Демак, дунёдаги ҳамма нарсани билгувчи Муқаддас Руҳ – сизнинг ичингизда яшамоқда! У сизнинг энг улуғ Устозингиз. У ҳамиша сиз билан бирга. Чунки Каломда “сизларга ҳеч кимнинг бирор нарса ўргатишига эҳтиёж йўқ, чунки Муқаддас Руҳ сизларга ҳамма нарсани ўргатади” деган ваъда турибди! Демак, бизга керакли ҳамма маълумотларни биз Муқаддас Руҳ орқали Муқаддас Китобдан тўлиқ оламиз. Муқаддас Китобни оддий китоблар каби, адабий китобларни ўқигандек ўқиш нотўғри. «Азалда Калом бор эди . Калом Худо билан бирга эди, Калом – Худо эди». «Калом инсон бўлди, орамизда яшади. У иноят ва ҳақиқатга тўлганди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб улуғворлик эди». Оятда «Калом инсон бўлди ва орамизда яшади» деган сўзлар бор. Яъни, бу ерда Исо Масиҳни – Худонинг Сўзи демоқда. Муқаддас Китоб ҳам Худонинг Сўзи.

Narrator 1 Демак, қачон биз Муқаддас Китобни ўқисак, Исо Масиҳнинг Ўзи бизга тўғридан-тўғри гапираётган бўлар экан, шунда эмасми? Шундай экан, иложи бўлса, Муқаддас Китобни товуш чиқариб ўқинглар. Ўқиётганда, “менга Исо Масиҳнинг Ўзи гапиряпти”, деб фикр қилинглар. Фараз қилинг, сиз бир одамга ўзингиз учун муҳим бўлган бир воқеани гапираётган эдингиз. У одам эса гапингизга қулоқ солмай, бошқа бир нарсалар ҳақида ўйлаб ўтирса, хафа бўласизми? Муқаддас Китобни ўқиганда ҳам эҳтиёт бўлинг. «Шундай экан, ҳар қандай жирканч ва ёмон ишларни бас қилинглар! Худонинг қалбингизга эккан каломини камтарлик билан қабул қилинглар. Ахир, бу калом жонингизни қутқаришга қодир» (Ёқуб 2:21). «Худонинг қалбингизга эккан…» уруғлари агар яхши тупроққа тушса, 30 баравар, 60 баравар, 100 баравар ҳосил беради. Тупроқ деб биз инсон қалбини назарда тутяпмиз.

Narrator 2 Қалбимизга тушган уруғлар томир ёйиб, мўл ҳосил бериши учун тупроқни тайёрлаш керак. Тошлардан тозалаш, майдалаш, эгатлар олиш керак. Худонинг Сўзи экиладиган тупроқ – инсон юраги бўлгани учун юрагимизни биз гина-нафратдан, ёмонлик тилашдан, ғийбатдан, зулмдан, тирикчилик ташвишларидан тозалашимиз керак. Муқаддас Китоб орқали Худо билан мулоқот қилишимизга ҳеч нарса халақит бермасин. Муқаддас Китобни шу тарзда иштиёқ билан ўқисангиз, ичингизда яшаётган Муқаддас Руҳ сизнинг зеҳнингизни, ўй-фикрингизни, юрагингизни ўзгартиради. Кейин юриш-туришингиз, қилаётган амалларингиз Худонинг Сўзига мувофиқлаша бошлайди. Ёшимиз неччида бўлишидан қатъи назар, биз Осмондаги Отамизнинг ўғил-қизларимиз. Муқаддас Китобни ўқиётганда, Осмондаги Отамизнинг Ўзи бизга тўғридан-тўғри гапирмоқда, деб ҳисоблайверинг. Худони таниб-билиш, ҳар бир имонли учун энг муҳим вазифа.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top