3:08

Худонинг Аҳди 02

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар, ҳар доим нолийдиган бу халққа Худо заҳарли илонлар ҳукмини юборади. Шунда Мусо Худодан шафқат сўраб ёлворганда, Худо мисдан илон ясаб, уни чодирнинг ўртасига қўйишни буюради.

Илон чаққан ҳар бир киши, ўша илонга қараганда, улар ўлимдан қутулиб қолишар эди. Бу воқеа ҳеч қандай мантиқий мезонга тўғри келмайди, Худо ваъда қилган сўзларга ишониб, жавоб қайтариш кераклиги таъкидланади. Саҳродаги сарсонлик воқеаларида биз Исроил халқининг жаннатни рад этишини кўрамиз.

Худо Ўз халқи билан аҳд тузиб, уларга ваъда қилинган ерни беришини айтади. Лекин, улар сут ва асал томадиган бу ерни рад этадилар, чунки, улар қўрқадилар, Худо уларга ҳақиқатдан ҳам мана шу ерни беришига ишонмайдилар.

Шу сабабли, улар ҳалок бўлгунга қадар, мана шу саҳрода қолиб кетадилар. Энди, Худонинг бу туҳфасини қабул қилиш ёки қилмаслик, уларнинг фарзандларига ҳавола бўлади. Бундан сўнг ҳам халқ бир неча марта исён қилишади, Исроил халқи аҳдга содиқ қололмасликлари аниқ бўлади.

Аммо, бу нохуш хабарнинг ижобий томони ҳам бор, яъни, халқнинг имонсизлиги ва муваффақиятсизлиги Худонинг садоқатидан устун келолмайди. Ҳар доим Худо иноят кўрсатиб, Ўз аҳдига содиқ қолади. Худонинг бундай инояти бизни келажакка, инсоннинг гуноҳ муаммосини ҳал қилиб, уни енгадиган ўша нажот воқеасига томон ундайди.

Заҳарли илонлар ҳукми воқеасида биз мана шу нажот воқеасига ажойиб шама қилинганини кўришимиз мумкин. Мисрдан чиқишдан қирқ йилдан сўнг, янги авлод Ўрдун дарёсининг шарқ томонида жойлашган Мўов ерларига етиб келади.

Қонунлар китобида ваъда қилинган ерга киришга тайёрлаш учун Мусонинг халққа айтган гаплари ёзиб қолдирилган. Қонунлар китоби аҳд келишуви тузилишида ёзилган, бу янги авлод билан Худо Ўз аҳдини янгилашини билдаради. Энди, Ёшуа уларнинг раҳбари бўлади. Китобнинг биринчи қисмида Саҳрода китобида ёзилган Исроил халқи тарихи зикр этилади. Бунда Худонинг аҳд севгиси ҳамда Исроилга берган ваъдаларини бажо келтириш учун қилган қудратли ишлари таъкидланади.

Шу билан бир қаторда, саҳрода халқнинг имонсизлиги-ю, исён қилгани қайта айтиб берилади. Энди Худо уларга ҳаммасини қайтадан бошлашга имкон беради. Худо Ёшуага улар учун жанг қилишини таъкидлаб, ишонтиради. Аммо, ҳар доимгидек, аҳд ўз шартига эга. Қонунлар китобида аҳднинг бажарилиши керак бўлган қонун-қоидалари яна бир марта такрорланади. Бу қонун-қоидалар аҳд муносабатига садоқатни белгилаб беради ва у қуйидаги сўзларда лўнда қилиб изҳор этилади: “Эй, Исроил, қулоқ сол, Эгамиз Худойимиздир, Эгамиз ягонадир. Худойингиз — Эгамизни бутун қалбингиз билан, бутун жонингиз билан, кучингиз борича севинглар.” Азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top