3:09

Бола чимхўр бўлса…

MP3

Ассалому алайкум. «Болам кам овқат ейди», «Фарзандимга овқатни мажбурлаб едираман», — каби оналар шикоятини кўп эшитганмиз. Ота-оналар хавотири боисини тушуниш мумкин. Чунки бола тўлақонли овқатланмаса, соғлом ўсмаслиги ва яхши ривожланмаслиги мумкин. Болаларнинг овқатдан бош тортиш сабаблари жуда кўп. Уларнинг олдини олиш учун ота-онага сабр, кичкинтойга нисбатан диққат-эътибор керак бўлади. Бола бетоб бўлганда унинг ҳатти-ҳаракатлари бирдан ўзгариб қолади. У инжиқ, қайсар, йиғлоқи бўлади. Иштаҳаси бўғилади. Бундай пайтда дарҳол бола ҳарорати ўлчаб, ётқизилади ва шифокор чақирилади. Шифокор келиб, бола касаллигини аниқлагунга қадар унга қайнаган сув ёки ширин чой берилади. Мутахассисларнинг фикрларича, муддатдан аввал туғилган айрим қизалоқларда бош миянинг озиқланиш маркази шикастланиши натижасида кўриш қобилияти сусайиши ва иштаҳасизлик келиб чиқиши мумкин.

Масалан, анорексияда умуман овқатдан воз кечиш юзага келади. Бундай болаларни овқатга чақирсангиз унамайдилар, еса ҳатто қусиши ҳам мумкин. Бола бўшашиб, озиб кетади. Кўпинча, анорексия ўспирин қизларда турли хил парҳезлар таъсирида, ёш болаларда эса кескин қўрқиш оқибатида келиб чиқади. Бундай вазиятда бола нафақат даволовчи шифокор, балки руҳшунос ёрдамига ҳам муҳтож бўлади. Анорексияда организм трофикаси ва ичак фаолиятини яхшилаш учун апилак, сут ва нордон сут маҳсулотларини шифокор маслаҳатига кўра қўллаш тавсия этилади. Болаларнинг соф ҳавода етарлича бўлиши, тўғри режим, ижобий руҳий мувозанат, массаж, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, чиниқтириш, шифобахш ванналар қабул қилиш каби тадбирлар ёрдамида иштаҳа бузилишининг олди олинади.

Асабий болаларда овқат пайтида сўлак кам ажралади. Улар ҳатто кичкина котлет ёки қуюқ овқатларни еёлмайдилар. Бундай пайтда овқатдан олдин чучук мевалар (олма, нок), мевали ва сабзавотли шарбатлар берилади. Болангиз соғлом бўлса, аммо овқатланишда уни ейман, буни ейман деб хархаша қилса, чимхўр бўлса, ҳамма овқатланиб бўлгандан сўнг нон ковшаса асло диққат бўлманг. Бу ишда сизнинг иттифоқдошингиз – бола иштаҳасидир. Иштаҳанинг табиий йўл билан очилишига имкон беринг. Кўпчилик оналар нонушта ва тушлик орасида, сайр вақтида болаларига нон, печенье бериб иштаҳасини бўғиб қўядилар. Бундай қилишни тўхтатиш керак. Бола яхшигина оч қолса, маза қилиб овқатланади. Овқатдан бош тортмай, аксинча қўшимча овқат сузиб беришни сўрайди. Ҳамма овқатларни дастурхонга бирданига қўйманг.

Фақат кўкрак сути билан боқилган чақалоқлар бир ёшгача бўлган пайтларида ўзларига зарур бўлган овқатни танлай оладилар. Чунки уларнинг таъм билиш қобилияти ҳали бузилмаган бўлади. 2, 2.5 ёшлардаги болаларга олдин биринчи таомни тўла едириш, сўнгра қолганларини бериш лозим. Акс ҳолда бола овқат танлайдиган, инжиқ бўлиб қолади. Эркалашдан воз кечинг: Турли ширинликлар ваъда қилиб болани овқатга ундаш, биттагина конфет бериш, болангизни овқатдан тамоман воз кечиб, сизни ҳоҳлаган кўйга солиши учун етарли бўлади. Бунинг ўрнига овқатни столдан олиб қўйиб боланинг яхшилаб очиқишини кутиш керак. Мажбурлаб овқат едирманг. Мажбурлаб едирилган овқат кичкинтой учун фақат зарар олиб келади. Шунинг учун бола қорнини деярли тўйдиргандан кейин, қолганини емайман деб тихирлик қилса, уни асло мажбурламанг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top