Яхши сўз – кўнгил подшоси. Шаҳарга яқин қишлоқда синглим яшайди. Бетоблигини эшитдим-у, ундан хабар олиш мақсадида йўлга тушдим. Синглимнинг ҳовлисига атиги олтмиш-етмиш қадам қолганда муюлишдаги биринчи дарвозадан кўҳликкина, ёшгина жувон шошиб чиқди-да, боласини чақира кетди. Беш-олти ёшлардаги ўйинқароқ ўғил бола онасига ҳадеганда жавоб беравермагач, бояги чиройли, хушрўй жувон жаҳл билан бақирди. У шунақанги тузсиз сўзлар айтдики, ҳавас қилгулик ҳусни жирканч қиёфа касб этиб, хунуклашди. Унинг важоҳатидан ҳатто, кўчадан ўтаётган от ҳуркди. — Ботир, жувонмарг бўлгур! Қулоғинг том битганми? Тезроқ уйга кир, деяпман, итвачча!- Йўқ, кирмайман! Урасиз! — Кирмасанг, кирма! Балога йўлиққур! Машина уриб кетса, ўлигинг киради-ку, барибир, яшшамагур! Она ўғлини қарғаб-қарғаб кўздан ғойиб бўлди.
Ариқ тўла сув кўпирилиб, оёғим остидаги ер ўпирилиб кетгандай бўлди, хаёлимда. Ўтмишимдаги эскириб эскирмаган бахтсиз ҳодисанинг изтиробли, армонли томчилари кўзларим қатидан симоб ҳалқа бўлиб сизиб чиқди. Воажаб! Она ҳам ўз фарзандини шундай қарғайдими? Авваллари ташқи кўриниш алдамчи, деган гапга унчалик ишонмасдим. Ишончим бир зумда шубҳалар кўланкасига ғарқ бўлди. Оёқларим менга бўйсунмади. Таққа тўхтадим. Авзойи бузуқ аёл ортидан боргим ва унга «она ўз боласи тугул, бегонага ҳам ўлимни раво кўрмайди. Дил тафтида, меҳр кафтида тўққиз ой кўтармаганмисиз жигарбандингизни? Қарғиш эшитиб катта бўлган фарзанд эртага кўнгил ва тил ободлигига муҳтожлик сезмайдими? дегим келди. Бироқ бир сўз ҳам демадим.
Ўзимни зўрға тутдим. Боласини қарғаб нафратимни қўзғатган жувонга гапира олмаганим юрагимга ўткир ханжардек санчилиб тураверди. Атрофимизда бундай оналар кам дейсизми? Бундай оналар сўзларида ва ўзларида боланинг келажагига таъсир кўрсатадиган кучга эга эканлигидан бехабарга ўхшайди. Билсангиз, ота она, ўқитувчи устоз ва сиздан катта бўлган ҳар қандай кишининг сўзларида қудрат бор. Бобо ва момоларимиз бекорга “яхши гапга ҳам ёмон гапга ҳам фаришталар омин дейди” дейишмаган. Фарзандининг келажаги яхши бўлишини истаган ўта она уни қарғамаслиги, аксинча яхши сўзлари билан ҳаётини яхшилаши керак. Ота она боласига яхши гапириш орқали, уларнинг характерини ҳам ўзгартира олишади. Яхши гаплар орқали бола рухий озуқа олади ва феъли ҳам яхши томонга ўзгара бошлайди. Яхши сўз инсон табиатини ҳам ўзгартиради.
Қадимда кўпни кўрган момоларимиз яқинлари, дўстлари, таниш-билишларига бой бўлгур, омон бўлгур, барака топгур, садағанг кетай, қурбонинг бўлай, гиргиттон, тасаддуқ, қоқиндиқ, ўлмагур, жаҳоним, бегим, қароғим, арслоним, фариштам, жигарим, иним, оғам, каби дилни илитувчи, юмшатувчи сўзлар билан мурожаат этганлар. Қўлларини эзгу ниятларда дуога очганлар. Ҳамма-ҳаммага соғлик ва софликни соғинганлар. Рафтори-ю, гуфтори гўзал бекалар, фарзандларингизга ризқ-рўз, ўзингизга ширин сўз тилайман. То тирик эканмиз, бир-биримиздан шакардан ҳам тотли, қуёшдай иссиқ сўзларимизни аямайлик. Яхши сўз – ҳар қандай энг қиммат дори-дармондан аъло, дардларга даво эканлигини унутмайлик. Сўзларингиз ҳамиша дилингиз ва ниятларингиздек пок ва гўзал бўлсин. Омон бўлинг, азизлар!