«Агар мен юрагимда қонунбузарликни кўрганимда эди, Раббий мени эшитмаган бўлар эди» (Сано 65:18). Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Биз воз кечишни истамайдиган гуноҳ, ибодатларимиз учун тўсиқ ҳисобланади. Ҳеч биримиз мукаммал эмасмиз. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда Худога
маъқул бўлмаган нарсалар бор, бу атайин қилинмаган гуноҳлар ёки ишлар бўлиб, буларни нотўғри эканини ўзимиз англамаслигимиз мумкин. Борди-ю, Худованд бизга гуноҳимизни кўрсатса ва фош қилса, биз ўзимизни тузатишимиз зарур, акс ҳолда, У бизнинг ибодатларимизни эшитмайди. Худодан гуноҳларингизни кўрсатишини сўранг ва У буни амалга оширади. Сўнг, уларга қарши чора кўринг, токи Худованд билан алоқангиз бузилмасин. Мисол учун, У сизга ёлғон гапирганингизни эслатса: «Нима қилибди, бу кичик ёлғоннинг зарари йўқ», деб ўзингизни оқламанг. Ўзингизни, У кўрсатган муаммони билмасликка олишга ёки бу нарсанинг унчалик аҳамияти йўқ, қилиб кўрсатишга уринманг. Сиз гуноҳингизни тан олишингиз, тавба қилишингиз ва Худонинг кечиримини қабул этишингиз зарур.
Арзимас бўлиб туюладиган нарсалар, кўпинча жиддий муаммоларга олиб келади, чунки арзимас нарсалар, борган сари гуноҳли одатга ва гуноҳли одатлар ҳаёт тарзига айланиб қолади. Сиз чиндан ҳам Худони ҳурмат қилсангиз, Унинг талабларига жиддий қарайсиз ва уларни бажаришга зудлик билан киришасиз.
Сиз У билан муносабатларингиз соф ва гуноҳ билан булғанмаган бўлиши учун ҳамма нарсага тайёр турасиз. Акс ҳолда, ибодатларингиз жавобсиз қолиб кетаверади. Хўш, Худога қандай ибодатларимиз мос келади? Худонинг иродасига мос бўлмаган ибодатларга жавоб келмайди. Худонинг иродасидан четга чиқмаган ҳолда ибодат қилишни истасак, буни амалга оширишнинг энг яхши йўли – ибодатларимизда Каломдан оятларни келтиришдир. Ибодатларимизни Муқаддас
Китобдаги оятлар билан асослашимиз керак. Каломда айнан биз истаган муҳтожлик, вазият ёки истагимизни аниқ тарзда ифодалайдиган парчаларни топмаймиз. У ерда янги машина сотиб олишга оид оятлар йўқ, аммо Худованд бизнинг муҳтожликларимизни қондириши тўғрисидаги оятлар кўп. Бизга машина чиндан
ҳам зарур бўлса, бу ҳақда сўрашимиз ва Худованд илтимосимизга жавоб беришига умид қилишимиз мумкин. Баъзида, бирор нарсани сўрашни истаймиз, лекин бу нарса Худонинг иродасига мослигига ва Каломга зид эмаслигига шубҳаланамиз.
Бундай пайтларда Худога ўз истагимизни билдиришимиз ва Унинг ҳар қандай қарорини қабул қилишимиз лозим. Айрим ҳолатларда эса Унинг Сўзига асосланиб ибодат қилганимиз учун сўраганларимиз Худонинг иродасига мос эканига ишонч ҳосил этишимиз мумкин. Жумладан, Каломда шундай ёзилган: «Баъзилар буни имиллаш деб ҳисобласалар ҳам, Раббий ўз ваъдасини бажаришга имилламаяпти.
Аксинча, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, ҳамма тавба қилсин, деб сабр-тоқат билан кутиб турибди». Яъни одамларнинг нажотини сўраб, ибодат қилиш Худонинг иродасига тўғри келади. Унинг иродаси бўйича сўраган нарсаларимизга, албатта, жавоб оламиз. Вақт ва муддатлар Худонинг ҳокимиятида экан, кутиб туришимизга тўғри келиши мумкин, лекин илтимосларимиз, албатта, ижобат бўлади. Жавобни кутиб туриб, ўзимизга дейишимиз мумкин: «Худованд менга, аллақачон жавоб берганига ишонаман. Ҳозир кўрмаётган бўлсам-да, жавоб йўлда эканига шубҳам йўқ». Ҳар бир киши Худонинг иродасига мос бўлмаган нарсани сўраб қўйиши мумкин, бироқ Худованд юрагимизни кўриб туради. Мабодо сўраган нарсамизни бера олмаса, ундан аълороғини беради. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.