Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Исо Масиҳ учун биз нима қилишимиз эмас, балки бизнинг кимлигимиз муҳим. “Сиз Худонинг фарзанди сифатида Худони акс эттириб турсангиз бас, қолган ишни Худонинг Ўзи бажаради.” Бу насиҳат қисқа бўлгани билан бир дунё доноликни ўз ичига олган. Нажоткоримиз Исо бизнинг онгимизни тубдан ўзгартирмоқчи. Нимага Исо фарзийлардан норози бўлган эди? Улар Хушхабарни айтмаганлари учунми? Йўқ, ахир Исонинг Ўзи фарзийларга шундай деган эди–ку: “Сизлар ҳеч бўлмаса бир кишини ўз динингизга киритиш учун денгизу қуруқликни кезиб чиқасизлар.” (Матто 23:15). Унда нега Исо фарзийлардан норози бўлган?
Улар Худонинг Каломини билмаганлари учунми? Йўқ! Фарзийлар Каломни мунтазам равишда ўрганган эдилар. Улар олган даромадларидан ушр берардилар, тоат–ибодатда бўлардилар, доимо рўза тутардилар. Ташқи кўринишдан улар яхши одамлар эдилар. Сулаймоннинг ҳикматлари 23-боб, 7-оятда шундай ёзилган: “Чунки у кўнглида нотўғри фикр қилади”. Исо фарзийларнинг ўй–хаёлларидан норози эди. Уларнинг фикрлаши ва дунёқараши Исога ёқмас эди. Уларнинг нотўғри фикр қилиши юриш–туришида, қадриятларида ва ҳаётга бўлган муносабатларида акс этиб турарди. Одам ичидан ўзгариши керак. Бундай ўзгариш қуйидаги фазилатларда акс этган. Аммо бу фазилатлар рўйхати тўлиқ эмас: қалби ўзгарган одам ўз келажагини ўз кучи билан қурмайди. У ўз тақдирини Худонинг қўлига топширади, чунки Худо унинг ҳаётини тўлиқ бошқараётганига ишонади. У бошқаларга хизмат қилади. Ўз зарарига бўлса ҳам, бировнинг манфаатларини кўзлайди. Исонинг шогирди эга бўлиши керак бўлган фазилатлар рўйхатини сизнинг ўзингиз ҳам тўзишингиз мумкин. Кўпинча онгдаги ўзгаришлар секин ва билинмай содир бўлади.
Олдинги ҳаётимиз билан ҳозирги ҳаётимизни солиштирганимиздагина, ўзгариш рўй берганини кўришимиз мумкин. Менинг бир дўстим Инжил мактабини тугатганидан кейин ўйига қайтиб борди. У уйидан кетганига бир неча ой бўлган эди. У эски оғайнилари билан учрашиб ўтирганидан кейингина, ўзи қанчалар ўзгариб кетганини тушунган эди. Одамларнинг аксарият қисми таълим жараёнини нотўғри тушунишади. Улар дарсхоналарда ёки жамоат биносида билим олишни — таълим олиш, деб билишади. Биз эса таълим ҳақида гапирганимизда одамнинг шахсиятини, унинг феъл–атворини ривожлантиришни назарда тутганмиз, инсондаги қадриятларни ўзгартириш ҳақида сўз юритганмиз.
Дунёдаги донолик бизга шундай насиҳат беради: “Қўлингдан келганини юлиб ол, қўлга киритганингни сақлаб қол, қолганини эса заҳарлаб йўқ қилиб юбор.” Худо эса бизга шундай дейди: “Қўлингдан келганча бер, берганингни қайтариб оламан, деб ўйлама.” Дунё дейди: “Ўзингга турмуш ўртоқ топ.” Худо эса: “Менга ишон, вақти келганда Менинг Ўзим сенга тўғри инсонни олиб келаман,” — дейди. Дунё дейди: “Бошқаларни йўқ қилиб бўлса ҳам, катта лавозимни эгалла.” Худо эса: “Ўз манфаатингни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзла”, — деб ўргатади. Инсон ҳаётида рўй берадиган бундай ўзгаришлар ниҳоятда муҳим. Бундай ўзгаришлар қуруқ билимдан ва Муқаддас Китобни ўрганиш усулидан устундир. Ҳаётингизни Муқаддас Китобдаги ҳақиқат асосида қуринг, шунда имон ва мақсад табиий равишда шаклланади. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.