Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.
Худо Борлиғининг Уч Шахси — бу бир бутунликдир ва бу шахсларнинг хоҳиш-иродаси ягонадир. Улар ҳамиша биргаликда ҳаракат қилади ва Уларнинг ҳеч бири қолган иккисининг розилигисиз ҳатто кичик ишни ҳам амалга оширмайди. Худонинг ҳар бир ишини Учбирлик Ўзининг Ягоналигида амалга оширади. Бу ерда биз албатта Худо ҳақида фақатгина инсонга хос тушунчалар ёрдамида ўйлашга мажбурмиз. Биз Худо ҳақида инсонга ўхшаш деб фикр-мулоҳаза юритамиз ва натижада туб ҳақиқатни билмай қоламиз. Бироқ, Худо ҳақида астойдил ўйламоқчи бўлсак, у ҳолда биз албатта Яратувчига нисбатан, одатда У яратган нарсаларга нисбатан қўлланиладиган фикр-мулоҳаза ва сўзларни қўллаймиз.
Одамлар кўпинча ўзлари ҳам англаб етмаган ҳолда йўл қўядиган хато — бу ўзаро маслаҳат қилувчи, фикр алмашувчи ва натижада қандайдир бир тўхтамга келувчи одамлар тўғрисида ўйлаганларидек, Худо Борлиғининг Уч Шахси ҳақида фикр-мулоҳаза юритишидадир. Худо Ўғли ерда Инсон Ўғли каби юрган пайтда кўпинча Отаси билан сўзлашиб турарди ва Ота Унга жавоб берарди. Инсон Ўғли сифатида У ҳозир ҳам Худо олдида Ўз одамларини ҳимоя қилмоқда. Муқаддас Ёзувларда ёзилган Ота ва Ўғил ўртасидаги диалогни ҳамиша абадий Ота ва одам Исо Масиҳ ўртасидаги диалог сифатида тушуниш керак. Бир вақтнинг ўзида Худо Борлиғининг Уч Шахси ўртасида бўлиб ўтадиган ва абадий мавжуд бўлган мулоқот товушни ҳам, кучни ҳам, ҳаракатни ҳам билмайди. Кўпчилик масиҳийлар Тангрининг ишлари Уч Шахс ўртасида ўзаро тақсимланган, деб ўйлашади.
Дунёнинг яратилиши — Отага, инсониятнинг гуноҳини ювиш — Ўғилга, руҳан янгитдан туғилиш эса — Муқаддас Руҳга тегишли, деб айтилган фикр бунга яққол мисолдир. Бу қисман олганда тўғри, бироқ тўлалигича эмас. Чунки Худо Ўзини бир Шахс ҳаракат қилган пайтда иккинчиси ҳаракатсиз қоладиган қилиб бўлаклай олмайди. Муқаддас Китобда Уч Шахснинг қандай қилиб уйғунлашган бирликда бутун Борлиқдаги буюк ишларни амалга оширган ҳолда қилган ҳаракатлари кўрсатиб берилган. Муқаддас Ёзувларда дунё Ота (Ибт.1:1), Ўғил (Кол.1:16) ва Муқаддас Руҳ (Аюб. 26:13 ва Забур 103:30) томонидан яратилган. Гарчи Ўғил танага айланган ва бизнинг орамизда яшаган бўлса-да, инсон қиёфасида мужассамлашиш Учала Шахс томонидан амалга оширилган эди (Луқо 1:35).
Масиҳни чўмдириш пайтида Ўғил сувдан чиқади. Муқаддас Руҳ Унинг устига келиб тушади, осмондан эса Отанинг овози келади (Мат. 3:16-17). Гуноҳларнинг ювилиши ҳақидаги энг ажойиб тасвирланишни Ибронийларга Мактуб (9:14) да кўриш мумкин. Унда: «Масиҳ абадий Руҳиллоҳ қудратида Ўзини нуқсонсиз қурбон қилиб Худога бағишлади», — деб айтилган. Бу ерда ҳам биз Учта Шахсниг биргаликдаги ҳаракатини кўришимиз мумкин. Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.