3:02

Борлиқ У орқали бор бўлган

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.

Инсон — бу Худо суратига, қиёфасига ўхшатиб ижод қилинган ва Худога қарам бўлган яратилган мавжудотдир. У ўз-ўзича ҳеч нарсага эга эмас. Шу сабабли ҳам, ҳаётининг ҳар бир дақиқасида инсон уни Ўз қиёфаси ва суратига ўхшатиб яратган Зотга қарамдир. Худонинг бор бўлиши инсоннинг мавжуд бўлиши учун керакдир. Тасаввур қилинг, Худо йўқ бўлсин — у ҳолда инсон мавжудлигининг пойдевори ҳам изсиз йўқолади. Худо — бу ҳамма нарса, инсон эса — ҳеч нарса эмас, деган фикр масиҳийлик эътиқодининг асосий таълимотидир ва бу ерда масиҳийлик таълимоти Шарқнинг ривожланган фалсафий динлари таълимоти билан устма-уст тушади.

Инсон ўзининг бор ақл-идроки билан фақат илк товушнинг акс-садоси, фақат яратилмаган дунёнинг аксидир. Қуёшдан ажралган нурнинг йўқолиши каби, Худодан ажралган инсон ҳам яна яратилган пайтида чиқиб келган йўқлик қаърига ботиб кетади. Нафақат инсон, балки мавжуд ҳамма нарса яратилишнинг тўхтамайдиган ҳаракатидан келиб чиқади ва унга боғлиқдир.

«Азалда Каломуллоҳ бор эди, Каломуллоҳ Худо наздида эди, Каломуллоҳ Худо эди… Борлиқ У орқали бор бўлган, Усиз ҳеч нарса бор бўлган эмас. Неки бор бўлган бўлса, У орқали бор бўлган» (Юҳан. 1:1-3).

Бу сўзларни Юҳанно шу тарзда тушунтиради ва унинг фикрига ҳаворий Павлус ҳам қўшилади: «Кўкдаги ва ердаги борлиқ мавжудот, кўринадиган ва кўринмайдиган маҳлуқот, у дунёю бу дунёдаги ҳар қандай тахту тож, салтанату ҳукмронлик У орқали яратилган. Ҳамма нарса У орқали ва У учун яратилган. Унинг Ўзи эса ҳамма нарсадан аввал мавжуд эди. Борлиқ мавжудот Унинг соясида мавжуддир» (Кол. 1:16-17). Бу берилган гувоҳликка Ибронийларга Мактуб муаллифи ҳам ўз фикрини қўшимча қилади. Бунда муаллиф Масиҳ ҳақида У — Тангри шуҳратининг ёрқин нурида, У — Ўз Шахси тимсолини ифода қилади, У — ҳамма нарсани Ўз ҳокимияти ила қўллаб-қувватлайди, дея гувоҳлик беради.

Ҳамма нарсанинг Худо иродасига бу тарздаги мутлақ қарамлигида муқаддасликка ҳам, гуноҳга ҳам имконият мавжуд. Инсондаги Худо сурати ва қиёфасининг хусусиятларидан бири — бу унинг ахлоқ доирасида эркин танлай билишидир. Масиҳийлик таълимотига мувофиқ инсон Худодан мустақил бўлишни маъқул деб топди ва ўзи танлаган йўлни Худонинг кўрсатмасига амал қилиш кераклигини билатуриб, бош тортиш билан тасдиқлади. Бу қилмиш Худо ва Унинг яратган мавжудоти ўртасидаги мавжуд муносабатларни бузишга олиб келди. Худо инсон мавжудлигининг пойдевори бўлмай қолди, бу нарса инсонни орқага — ўз-ўзига улоқтириб юборди. Шундан кейин у марказда жойлашган қуёш атрофида айланадиган сайёра эмас, балки атрофида қолган барча нарса айланиши керак бўлган мустақил қуёшга айланиб қолди. Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top