3:41

Руҳоний Скеванинг ўғиллари

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Биз кўринадиган фоний дунёда яшаётганимизга қарамай, бизнинг кўзимизга кўринмайдиган руҳий дунё ҳам мавжудлигини биламиз. Биламиз-у, аммо тез бу ҳақида унутиб қўямиз. Биз Худованд танлаб олган фарзандлар эканмиз, бизнинг душманимиз шайтон эканлиги маълум. У бу дунёнинг ҳокими. Унинг қўл остида ҳам минг-минглаб ёвуз руҳлар бор. Энг аввало шайтон Исо Масиҳни васвасага солгани ёдингиздами? У Исо Масиҳнинг 40 кун чўлда юриб оч қолганини билиб, “Бу тошга буюр, нонга айлансин”, деган эди. У уч марта Исо Масиҳни ўзига бўйсундирмоқчи бўлди, аммо Исо Масиҳ гуноҳ қилмади. Кейинроқ, Масиҳ Ўз хизматини бошлаганида, Гадара юртидаги жинга чалинган одамнинг ичидаги “Тумонат” жинлар Исо Масиҳга ёлвориб, “Илтимос, бизларни қийнама, бизларни тўнғизлар подасига юбор”, деб ялинишган эди. Жинлар ҳам шайтон ҳам Исо Масиҳдан қўрқар эди.

Narrator 2 Масиҳ Ўзида бор руҳий кучлар устидан ҳукмронликни шогирдларига ҳам берган. Павлус Исо Масиҳ ўлиб тирилганидан ва осмонга олинганидан кейин Унинг издоши ва ҳаворийси бўлишига қарамай, Худо унга ҳам ёвуз кучлар ва шайтон устидан ҳукмронлик қилиш Руҳини, яъни Муқаддас Руҳни берган эди. Ҳаворийлар 19 бобда бу ҳақида шундай ёзилган: “Худо Павлус орқали ғаройиб мўъжизалар кўрсатар эди. Павлуснинг танасига теккан рўмолча ёки кийимлар хасталарга теккизилганда, улар ҳасталикларидан шифо топар, улардан ёвуз руҳлар чиқиб кетарди.” Қандай ажойиб! Бундай мўъжизалар ҳар бир одамни ҳайратга солади. Балки шунинг учун ҳам ўша пайтдаги Скева деган бир яҳудий руҳонийсининг ўғиллари ҳам ҳаворий Павлуснинг қилган ишларидан ҳайратланиб, Исо Масиҳ номи билан жинларни қувиб чиқаришга уриниш чоғида ҳаммани ларзага солган бир воқеа бўлди.

Narrator 1 Калом шундай дейди: “Скева деган бир яҳудий бош руҳонийнинг етти ўғли бор эди. Улар ўлка бўйлаб кезиб, одамлардан ёвуз руҳларни қувиб чиқарар эдилар. Бир куни улар Раббимиз Исонинг номи билан шундай қилишга уриниб, ёвуз руҳга: “Павлус эълон қилаётган Исо номи билан буюрамиз: чиқиб кет!” дедилар. Ёвуз руҳ эса уларга: “Мен Исони биламан, Павлусни ҳам биламан, сизлар эса ким бўлибсизлар?” деб сўради. Ичида ёвуз руҳи бор одам уларга ташланди. Уларни шу қадар қаттиқ урдики, улар ўша уйдан яланғоч, ярадор ҳолда зўрға қочиб қутулдилар.” Кўрдингизми, ёвуз руҳлар Исо Масиҳни, Павлусни танишини эътироф этган. Улар чиндан ҳам Масиҳ улардан кучли эканини билади ва Ундан қўрқади. Ҳаворий Павлусда ҳам қудратли Худонинг Муқаддас Руҳи борлигини, у ҳам Масиҳнинг издоши эканини билади ва танийди. Сабаби, Павлус ҳам жинга чалинганларни Исо Масиҳ номи билан шифолаётган эди-да.

Narrator 2 Бироқ, Исо Масиҳнинг кимлигига, унинг хочда қилган қурбонлигига ишонмай туриб, шунчаки номини тилга олиб, жинларни қувиб чиқармоқчи бўлган одамларга, “Мен Масиҳни биламан, Павлусни биламан, сизлар ким бўлибсизлар”, деб ташланиб қолишди. “Эфесда яшаган яҳудий ва юнонларнинг ҳаммаси бу воқеани эшитиб, қўрқувга тушдилар. Раббимиз Исонинг номи улуғланди. Шунингдек, имонга келганларнинг кўпчилиги қилмишларини очиқчасига эътироф этдилар.” Шу воқеадан сўнг, шунга ўхшаш иш қилиб юрган одамлар ўз қилмишларининг оқибати қанчалик қўрқинчли эканини, бу ишлари Худога маъқул эмаслигини билиб, қилиб юрган номақбул ишидан қайтдилар. “Афсунгарлик билан машғул бўлганларнинг бир қанчаси китобларини тўплаб, омманинг кўзи олдида ёқиб юбордилар. Бу китобларнинг қиймати ҳисобланганда, эллик минг кумуш танга чиқди. Шу тариқа Раббимиз ҳақидаги хабар ёйилиб, куч–қудрати ортиб бораверди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top