2:35

Фарзанд сизни эшитиши учун…

MP3

Ассалому алайкум. Оналар жуда кўп ҳолларда фарзандлари уларга қулоқ солмаслигидан ёки уларга гап уқтириб бўлмаслигидан нолишади. Бунинг сабаби нимада? Буни яхшироқ тушуниб олиш учун бир мисол келтираман. Масалан:

Ойи, чарчадим.

Қанақасига чарчайсан, яқинда ухлаб турдинг-ку?

Лекин мен чарчадим (яна ҳам баландроқ овозда)

Йўқ, чарчаганинг йўқ, ҳали ҳам уйқусираяпсан.

(йиғлаб) Йўқ, чарчадим…

Кўрдингизми? Она боласини тушунолмаяпти, бола эса ўз айтганида туриб олган. Бундай оддий суҳбатлар кўнгилхираликка айланмаслиги учун нима қилиш керак? Кейинги суҳбатга қулоқ солинг.

Ойи, исиб кетяпман.

Йўқ, бу ер совуқ, свитрингни ечма.

Йўқ, исиб кетяпман.

Сенга айтаяпман “Свитрингни кий”.

Лекин мен исиб кетаяпман!

Кўряпсизми бу каби суҳбатлар она бола ўртасидаги кичик жанжалларга айланиб кетади. Бундай бўлмаслиги учун ўзингизни боланинг ўрнига қўйиб кўринг. Тасаввур қилинг, сиз фарзандингизнинг ўрнида бўлсангизда, сиз севимли ойижонингиз олдига бориб, унга чарчаганингизни, ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни айтасиз. Ойингиз эса нима дейди: “Бекорларни айтибсан, ёлғон гапирма ҳозиргина ухлаб турдинг”, деб ҳолатингизни тушунмай ўз фикри билан йўққа чиқарса…

Бола бўлиб ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Хафа бўлиб, ўз айтганингизда туриб оласиз. Фарзандларимизни тушуниш ёки улар билан яхши мулоқотда бўлиш унчалик қийин иш эмас. Бор йўғи уни тушунишга ҳаракат қилиб кўриш керак. Юқоридаги “Чарчамагансан, ҳозиргина ухлаб турдинг” ёки “Бу ер совуқ деяпман, сенга” деб ўз фикрингизда туриб олмай, бошқача жавоб беришга ҳаракат қилиб кўринг. Масалан мана бундай: “Ҳозиргина ухлаб турган бўлсанг ҳам, чарчоғинг кетмадими?” “Менга бу ер совуққа ўхшаяпти, сен исиб кетяпсанми?” деб жавоб берсангиз, ўртада келишмовчилик бўлмай, бир нарсага икки хил муносабат билдирган бўласиз. Баъзан фарзандингизнинг гапларига қарши ўз қарашларингиздан келиб чиқиб бирор нарса демай, шунчаки “Шундайми?” “Тушунаман” ёки “Ммм” дейиш билан ҳам уни тинглаётганингизни кўрсатиш унга ёрдам беради.

Тинглаётганингизни фарзанд билиши учун у томонга ўгирилинг. Сериалингизни ўчириб ёки овозини пасайтириб қўйинг. Бола гапираётганда газета ўқиб ёки телевизор кўриб эшитсангиз, унинг жахли чиқади ёки охири сизга ичидагини айтмай қўяди. Фарзанд сизнинг олдингизга “Онам, яқиним, мени тушунадиганим” деб келади. Бундай пайтда ҳеч қандай ёрдам беролмасангиз ҳам диққат билан тинглашингизнинг ўзи унга қаноат ва ҳотиржамлик беради. Болани қилган ёки бировга айтган гапи учун койиманг. Бола гапираётганида койисангиз ёки танқид қилсангиз, у ўзи айтмоқчи ёки тушунтирмоқчи бўлган нарсани аниқ истаганидай тушунтира олмай қолади. Бу суҳбатнинг чигаллашиб кетишига ва дилхиралик билан тугашига сабаб бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top