3:49

Мотам тутиш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Муқаддас Каломни яхши ўрганганим сари, атрофимизда, ҳаётимизда рўй берган ва бераётган одатлар қаердан келганлигини билишга бўлган иштиёқим ва қизиқишим янада ортиб бормоқда. Чунки, Муқаддас Китобда келтирилган воқеаларда баъзан ўзимизнинг ҳаёт тарзимизга ўхшаш ҳолатларни учратамиз. Умуман олганда Муқаддас Каломда ёзилган одатларни ўрганиш бизга нима беради? Муқаддас Китобда тилга олинган халқларнинг маданияти ва одатларини ўрганиш жуда қизиқарли, энг муҳими, бу одатларни ўрганиш бизга Муқаддас Каломни яхши тушунишимизга ёрдам беради. Исо Масиҳ ҳам бирор ҳақиқатни ўргатиш учун, одатлардан ва ўша пайтда яшаган одамларнинг маданиятидан фойдаланган. Эски Аҳдда жуда ҳам қизиқ одатлар жуда кўп учрайди. Бугун биз билан бирга саёҳат қилсангиз, шундай одатлардан бири билан танишиб оласиз.

Narrator 2 Мотам маросимлари – Қадимда бирор ким қазо қилганида, ўлган одам учун бир неча кунлаб йиғи-сиғи ва фарёдлар қилинган. Қўшнилар йиғи бўлаётган хонадонда ўлим бўлганини билишлари учун эшиттириб, дод-фарёд кўтаришган. Биринчи йиғи қаттиқ ва узоқ бўлган бўлса, кейинги кунлардаги йиғилар, пастроқ, аламли ва нола-фиғонга айланган. Бу қаттиқ йиғилар ўлим пайтида ва майитни қабрга қўйгунча давом этган, ундан кейин йиғилар тўхтаган. Бу минглаб йиллар давом этган ибронийларнинг мотам пайти одатларидан бири саналади. Бу одат Эски Аҳд китобида ҳам ёзилган. Кейинги одат, кийимларини йиртиш одати бўлиб, у ўлган одам учун қайғуда ва азобда эканлигини билдирган. Масалан, Ибтидо 37 боб 33-34 оятларда шундай ёзилган, “Ёқуб Юсуфнинг чопонини таниди. — Э–воҳ! Бу ўғлимнинг чопони–ку! Уни бирорта ёввойи ҳайвон еган! Юсуф ўғлим тилка–пора бўлган! Ёқуб қайғудан кийимларини йиртиб, қанорга ўранди. Ўғли учун узоқ вақт аза тутди.”

Narrator 1 Ёки 2 Шохлар китоби 1 боб 11-12 оятларда Довуд ҳақида шундай ёзилган, “Довуд бу гапни эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди. Бошқалар ҳам шундай қилдилар. Шоул ва унинг ўғли Йўнатан, Эгамизнинг лашкари — Исроил халқидан кўпчилиги жангда ҳалок бўлган эдилар. Шунинг учун ҳаммалари оқшомгача аза тутиб фарёд қилдилар, рўза тутдилар.” Чексиз азобларга дош берган ҳазрати Аюб ҳам шундай қилди. “Аюб туриб, қайғудан кийимини йиртиб ташлади. Кейин сочини қириб ташлаб, ерга мук тушди.” Унинг дўстлари ҳам Аюб пайғамбарнинг жисмоний ва руҳий оғриқларини узоқдан пайқашди, “Дўстлари Аюбни узоқдан кўриб таний олмадилар. Қаттиқ дод–фарёд солиб, кийимларини йиртишди, бошлари узра тупроқ сочишди.” Шуни таъкидлаш керакки, кийимларни йиртиш одати майитни қабрга қўйгунча содир бўлган. Бу мотам маросимининг иккинчи қадами бўлган.

Narrator 2 Кўйлак йиртиш одати нафақат мотам тутишда, солиҳлигини кўрсатишда ҳам бажарилган. Фарзийлар Исо Масиҳ шаккоклик қилаяпти, деб ўйлаганларида кийимларини йиртишган. Бутпарастлар Павлус билан Барнабони худо. деб ўйлаб уларга сажда қилмоқчи бўлганларида улар иккиси кўйлакларини йиртишди. Бу инсонлар қилаётган ишни қабул қила олмасликни кўрсатишнинг бир усули эди. Бутпарастлар эса ўша пайтда Худога шак келтираётган эдилар. Кейинги одатлардан бири – қанорга ўраниб бошидан кул сочиш. Қанор бу одамлар мотам пайтида киядиган кийимнинг матоси эди. Бу мато ўта дағал ва ҳаддан ташқари ноқулай мато тури. Бундай мато ҳозир ҳам бор ва улардан қоплар тикилади. Уни кийимларини йиртгандан кейин кийишган. Қанчалик азобда ва қайғуда эканлигини кўрсатиш учун, қулай ва чиройли кийимлардан воз кечиб қанорга ўранишган. Ювиниб таранишдан воз кечиб, бошига кул сочишган. Бу тавба қилиш ва камтарликнинг белгиси эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top