Narrator 1 Биз катталар фарзандларимизга ҳамиша: «Ёлғон гапирма, бўйнингга қилич келса ҳам рост гапир…», деймиз, аммо ўзимиз бунга амал қиламизми?.. Руҳшуносларнинг фикрича, одамлар рост гапириш билан бирга ора-чора ёлғон ҳам гапириб турар эканлар. Тадқиқотчилар бир гуруҳ талабалар, уй бекалари ва тадбиркорларни тест синовидан ўтказишди. Натижалар шуни кўрсатдики, одамлар суҳбатдошларидан кунига икки-уч бор ёлғон гап эшитишар экан. Яъни, агар биз бирон киши билан ўн дақиқа сўҳбатлашсак, шунинг 2-3 дақиқаси ёлғонга сарфланар экан. Бироқ бу ёлғонлар безарар, бировга ёмонлик келтирмайдиган ва балки кўнгилни кўтариш учун ишлатиладиган манзиратлардир. Қарангки, ёлғон гапириш кишининг жинсига, касб-кори, ёши, бўйининг паст ёки баландлигига боғлиқ эмас экан. Тадқиқотлар мобайнида психолог-олимлар бир гуруҳ севишганлар билан суҳбат ўтказишди.
Narrator 2 Шунда уларнинг 80 фоизи севган инсондан ўтмишини яширган. Ўтмиши ҳақида умуман гапирмаслик севишганларга хос хусусият экан. Маълум бўлишича, эр-хотинлар бир-бирларини, иложи борича, алдамасликка ҳаракат қилишар экан. Аҳил оилаларда 10 фоизгина ёлғон ишлатиларкан, холос. Аёллар асосан эрларининг шаънини ҳимоя қилиш учун ёлғон гапиришади. Аммо эркаклар ишқий саргузаштлари борасида аёлларга нисбатан саккиз марта кўпроқ ёлғон гапиришади. Изоҳ: одамлар бегоналарга нисбатан яқин кишиларини кўпроқ алдашади. Тадқиқотлар пайтида ҳар тўртинчи одамдан бирси фақат яхши ниятда алдашини айтган. Масалан: «Умримда бу қадар ширин таом емагандим!» дея мулозамат қилиш ҳам (агар ўша таом аслида бемаза бўлса) ёлғон ҳисобланади. Одам баъзан ўзини ҳимоя қилиш учун, айтайлик бировнинг уйига сув тошириб юборганида ҳақиқатни четлаб ўтишга ҳаракат қилади.
Narrator 1 Шунингдек, севгиси рад этилган инсонларга ҳам ёлғон ишлатилиб турилади: “Сиз ранжиманг, аслида бундан ҳам гўзал қизнинг муҳаббатга лойиқсиз”, “Сиздай қизнинг қадрини билмаганига ҳали кўп пушаймон қилади”, каби гаплар тасаллилар берилади. Бундай таъриф бежизга берилмаган. Кўзлар сўзимизга нисбатан кўпроқ маълумотни ошкор этади. Олимлар икки суҳбатдош устида ғалати тажриба ўтказишди. Суҳбат асносида ёлғончининг кўз ҳаракати, кўз қорачиғи суратга олинди. Хулоса ўша-ўша: ёлғончи алдаётиб суҳбатдошининг кўзига қарамасликка уринди. Шу боис сизга ишонишларини истасангиз, сўзлаётганда кўзингизни олиб қочманг. Одамлар ерга боқиб ёки четга қараб гапирадиганларга камроқ ишонч билдиришар экан. Гарчи суҳбатдошингиз сиздан умуман кўз узмаса-да, бу унинг сизга нисбатан самимий эканини билдирмайди.
Narrator 2 Бундай ҳолатда суҳбатдошнинг кўз қорачиғига эътибор қилиш зарур. Агар у кенгайиб кетган бўлса, бу инсон сизни ёқтиради, торайган ҳолатдагиси сизни жини суймаслигини билдиради. Кишилар ёлғон сўзлаётганда беихтиёр оғзини кафтлари билан беркитишади. Тадқиқотчилар ҳамшираларга беморлар аҳволи хусусида ёлғон сўзлашни буюришди. Шунда улар беихтиёр қўлларини оғизларига олиб боришди. Агар суҳбатдошингиз гаплашаётиб, қўлини лабига теккизса, даҳанини силаб қўйса, ундан эшитганларингизнинг рост ёки ёлғонлигини текшириб кўринг. Агар одам суҳбат чоғида кўзини ишқаласа, қулоқ солинчагини ушлаб, ёқасини кўтариб қўйса, бошини қашиса, унингёлғон гапираётгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар тингловчи шундай қилса, бу унинг суҳбатдошига ишонмаётганлигини билдиради. Овознинг қандай жаранглаши орқали ҳам ёлғончини фош этиш мумкин. Нутқдаги хатоликлар орқали инсон шахси, унинг ички, яширин муаммолари ва истаклари борасида кўп нарсани билиб олиш мумкин.