Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Фарзандларимиз Худодан берилган марҳамат, уларнинг яхши тарбияси эса келажакда биз учун бир неча баробар марҳамат бўлиб қайтади. Шу сабаб фарзандларни тўғри тарбиялаш жуда муҳим. Афсуски, ҳамма бола турлича характерга эга. Ҳатто бир ота-онанинг фарзандлари ҳам характер жиҳатидан бир-бирига ўҳшамайди. Баъзи болалар қайсар бўлса бошқалари аразчи бўлади. Бугун айнан аразчи болани қандай тарбиялаш ҳақида сўзлашамиз. Араз қандай пайдо бўлади? Мутахассисларнинг фикрича, болалар уч ёшгача ўзлари учун муаммоли вазиятлардан тез чиқишади, тўғрироғи, тез унутиб юборишади. Бироқ улар катта бўла бошлагач, жамиятга қўшилади. Энди бола ташқаридан ўзига диққат, эътибор талаб қила бошлайди. Агар у етарли даражада бўлмаса ёки болага умуман аҳамият берилмаса, араз, гина пайдо бўлиши мумкин.
Narrator 2 Ота-она боладаги ички норозилик айнан қайси вазиятда туғилганини кўп ҳолларда англай олмай қолади. У бора-бора йиғилиб, ҳақиқатан катта муаммога айланади. Боғча ёшидаги болалар ўртасидаги зиддиятларнинг энг одатийлари — ўйинчоқ, турли ўйинлар, бир-бирининг жиғига тегиш, лақаб қўйиш кабилар. Шундай пайтларда ҳамиша катталар томонидан ғамхўрлик туйган болакайлар руҳиятида шок ҳолати юзага келади. Бу айниқса, катталарнинг аралашуви билан ўша болани тенгқурига нисбатан камситишса, мақтов сўзлари айтилмаса яққолроқ сезилади. Баъзи болалар ўз норозилигини очиқ-ойдин билдиради, уни хафа қилганлар кечирим сўрашларини кутади. Атрофдагиларнинг тавба-тазарру қилмаслиги аразни янада чуқурлаштиради. Айрим ҳолларда боланинг аразлаши, хафа бўлишига ўзгаларнинг ғаламислиги сабаб бўлади. Масалан, бола боғчага келиб, биринчи кундан ўз ташаббуси билан тенгдошларига қўшилиб ўйнамоқчи бўлди.
Narrator 1 Бироқ болалар уни бегона кўриб, чиқиштиришмади. Боланинг норозилигини эса на тарбиячи, на ота-она эътиборга олди. Ана шу каби ҳолларда боланинг етарли баҳоланмаганлик ҳисси аразга олиб келиши мумкин. Ёки, бола боғчага келиб, ўйнаб ўтирган тенгдошларини кўради. Уларга қўшилиб ўйнашга ҳаракат қилмай туриб, унга шунчаки эътибор беришмагани учун аразлаб, хархашани бошлайди. Вазият яхшилаб таҳлил қилиниб қаралса, бола бесабаб хафа бўлаяпти ва бунда ўзгаларни айблаяпти. Бу ерда биз ўрганмоқчи бўлган муаммонинг илдизи ётади. У ҳам бўлса ўз-ўзини баҳолашдир. Аразчи кичкинтойларнинг энг характерли белгиларидан бири — бошқа болаларнинг муваффақиятини кўра олмаслик. Бундай фарзанднинг олдида биров мақталишини, энг ёмони, ким биландир солиштирганда унинг торози палласи босмаслигини катта изтироб билан қабул қилади.
Narrator 2 Бундай болалар доимий мақтов, ижобий баҳоланишга муҳтож бўлишади. Башарти бу унинг кўнглидагидек юз бермас экан, ўз-ўзи билан бўлиб, кечинмалари ичида ўралашиб қолади, фақат ким яхшию ким ёмонлиги ҳақида ўйлайди, ҳамма вазиятларда ўзини ҳақ деб билади. Бундай ҳаддан ортиқ араз асосида боланинг ўзига нисбатан ишончи камлиги ётади. Муносабатни ўзгартиринг! Фарзандингиз билан ҳамкорлик ўрнатинг. Юрагидаги туғёнларни билдиришига рағбатлантиринг. Бола билан дилдан гаплашинг. Аразининг сабабини ифодалашига кўмаклашинг, юз кўзига диққат билан разм солинг. Хоҳишларини оғзаки ифодалашига ёрдам беринг. Керак вақти ўз ҳиссиётларини ташқарига чиқаришга имкон яратинг. Сўнг ўтириб, бафуржа гаплашинг. Шундай тарбия усулларини олиб борсангиз, фарзандингиз яқин орада аразчиликни ташлаб, оптимист ва хушмуомала бўлиб қолганини сезасиз.