Ассалому алайкум азиз биродарлар, Худо барча мавжуд факт, маълумот, тафсилот, далилларни яратган ва фақат У буларни талқин қила олади: мана шу Худо инсон қиёфасига кирди.
Шунинг учун Исода биз мутлақ ҳақиқатга эгамиз. Исода очиб берилган барча нарса ҳақиқатдир ва Унинг Ўзи энг олий ҳақиқат манбаидир. Исо инсондир. Исо Масиҳ биз билан Ўзининг инсоний табиати орқали, инсонлиги орқали алоқа қилади.
У инсоният тарихида биринчи асрда Фаластинда яҳудий сифатида яшади. У бир асрлик Яҳудий каби гапириб, юриш-туриши ҳам улар каби эди; шунинг учун Унинг фикрлаши ҳам шундай бўлган дейишимиз мумкин.
У ҳақиқий ҳамда тўлиқ инсон эди. У бошқа инсонлар каби инсоний ҳис-туйғуларни, азоб-уқубатни ва васвасаларни бошидан кечирди. Лекин бошқалардан Унинг муҳим фарқли томони шунда эдики, Унда илк гуноҳнинг таъсири йўқ эди ва У ҳеч ҳам гуноҳ қилмади.
Шунинг учун Ўзининг инсонлигида У ҳақиқатдан ҳам Худонинг азиз Ўғли эди; У ҳаётининг ҳар бир соҳасини Ота Худо билан мукаммал муносабатда яшади. Биз инсонларга, ҳатто ўзгарган табиатимизда ҳам Исо қандай қилиб тўлиқ Худо ва тўлиқ инсон бўлиши мумкинлигини билиш имконсиздир.
Биз Унинг шундайлигича қабул қилишимиз керак, холос, бунга қандайдир мантиқий ечимлар топишимизнинг кераги йўқ. Бу бизга сир бўлиб, уни инсоний мантиқ ва ақл билан ечишга ҳаракат қилганимизда, уни вайрон этамиз.
Илоҳиётчи Исонинг Худо-инсонлигини бу қандай бўлиши мумкинлигини тушунмасдан қабул қилади. Бу муаммони ҳал этадиган нотўғри ечимлар ё Масиҳнинг илоҳиётини, ё Унинг инсоний табиатини камситадилар.
Уларнинг фикрлаш услуби шундай: агар У инсон бўлса, Худо бўлиши мумкин эмас. У энг олий инсон бўлиши мумкин, лекин У Худо эмас. Исо даврида яшаган кўпгина яҳудийларнинг ечими ҳам шундай эди.
Бошқалар бўлса, агар У Худо бўлса, У инсон бўлиши мумкин эмас, унинг инсоний табиати тасаввур, холос, дейишади. Кўпгина юнонлар мана шу ечимни ўртага ташлашган.
Яна бошқалар, Исони ҳам Худо, ҳам инсон деб қабул қилсалар-да, Унинг инсоний руҳи илоҳий Руҳ билан алмаштирилган, деб таъкидлашган. Яна баъзилар, Исо ҳам Худо, ҳам инсон бўлса, у ҳолда У икки шахсиятга эга бўлган, У икки шахс бўлган, деган фикрни илгари сурганлар.
Мана шу нотўғри ечимлар бизга огоҳлантиришдир: биз Масиҳнинг ҳам илоҳий, ҳам инсоний табиатини ҳисобга олишимиз шарт. Хайр саломат бўлинг, азизлар.