3:08

Нега эрта туриш керак?

MP3

Барвақт туришда бир нечта муҳим нуқтага эътибор бериш керак. Агар уйқудорига ўрганиб қолган бўлсангиз, аввало, ундан воз кечиш лозим. Чунки у инсоннинг табиий ва меъёрий уйқусига салбий таъсир қилади. Кечқурун қаҳва ичишга ўрганган бўлсангиз, белгиланган вақтда уйқунгиз келмаса ҳам, ўз ўрнингизга ётишга одатланинг.  Иложи борича соат кечки олти-еттидан сўнг тўйиб овқатланманг. Еганингиз барибир ҳазм бўлмайди, ошқозонингизда парчаланмайди. Овқатингиз озуқадан кўра заҳарга айланади. Яхши ухлай олмайсиз, токсикоз натижасида эса эрталаб нохуш туйғулар билан уйғонасиз ва бу ҳолат кунлик кайфиятингизга салбий таъсир қилади.  Агар қўнғироқ бонг уриши билан ўрнингиздан тура олмасангиз, бу шахсий интизомингиз сустлигидан далолат беради. Интизом мускулга ўхшайди. Мускулни қанчалик кўп ишлатсангиз, у шунчалик кучли бўлади.

Агар қўнғироқ овозини эшитиб ҳам ўрнингиздан туришга иродангиз етмаса, телефонингизни ёқимсиз ва баланд товушли қўнғироққа мослаб, уни қўлингиз етмайдиган олис ёки баланд жойга қўйинг. Эрталаб унинг овозидан қутилиш учун ўрнингиздан туришга ва юриб бориб қўнғироқни ўчиришга мажбур бўласиз. Натижада мия мушаклари фаоллашиб, ўзингизга келасиз ва барвақт туришингиз лозимлиги ҳақидаги зарурат ёдингизга тушади. Нега эрта туриш керак?  Саҳар туришни ният қилишдан олдин юқоридаги саволга жавоб топишингиз керак. Сиз нима учун эрта турмоқчисиз? Кимдир ибодат қилиш учун, кимдир ишга кеч қолмаслик учун, яна кимдир эрталаб дарс тайёрлаш ёки бадантарбия билан шуғулланиш учун барвақт туришга интилади. Айниқса, олий ўқув юртига киришга тайёрланаётган абитуриентлар учун эрта туриш жуда муҳимдир. Ҳеч қандай иши бўлмаган одам учун ҳам эрта туриш зарар қилмайди.

Ҳаким зотлар, эрта туриш инсоннинг ризқини кўпайтиради, деганлар. Дарҳақиқат, эрта турган одамнинг вақтида барака бўлади. Кайфиятнинг кўтаринки, руҳан тетик бўлишнинг сири ҳам уйқудан эрта уйғонишда. 
Шунинг учун эрта туришнинг зарурати ва фойдалари ҳақида олдиндан аниқ тўхтамга эга бўлиш керак. Чунки эрталаб туриб, нима билан шуғулланишни билмайдиган, аниқ режаси йўқ инсонда яна уйқуга кетиб қолиш эҳтимоли юқори бўлади. 
Ўзингиз ўйлаб кўринг, одатдаги кунингиздан ҳатто 30 дақиқа вақтли турсангиз ҳам бу ҳар куни бадантарбия билан шуғулланишингиз ёки бир ойда 3-4та китоб ўқишингиз учун кифоя қиладиган қўшимча ва қимматли вақт бўлади. Одамлар вақт етишмаслигидан нолийдиган бугунги тиғиз дунёда ҳам режадаги ишларга улгуришнинг энг самарали йўли бу эрта туришдир.  Қолаверса, узоқ умр кўрувчиларнинг аксарияти эрта туришга одатланган одамлар бўлгани ҳам илмий ҳақиқатдир. 

Eрта туриш оқибатида уйқунинг камайишидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Мутахассислар катта одамлар учун бир кунда 5-6 соат ухлаш кифоя қилишини таъкидлашади. Демак, кеч соат 24:00да ухлаган одам эрталаб 5:00да уйғонса, кам ухлаганидан нолимаса ҳам бўлади. Албатта, уйқуни 6-7 соатга узайтирган афзал. Бу миқдорда ухлаш, айрим мутахассислар ваҳима қилганидек, организм учун зарарли даражадаги кам уйқу эмас, балки меъёр эканлиги ишончли илмий тажрибалар орқали исботланган.  Шундай экан, сиз ҳам барвақт туришга одатланинг. Агар буни эплолмаётган бўлсангиз, биз юқорида тилга олган усулларни қўллаб кўринг. Барвақт туришнинг фойдаларини кўргач, қилган ишингизга ачинмайсиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top