Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Эфесликларга йўлланган мактубда «ҳар доим барча ибодат ва илтижолар билан Руҳда» ибодат қилишимиз айтилган. Келинг, барча ибодатлар, деганда нимани назарда тутганига ойдинлик киритамиз.
Мақтов, сажда ва миннатдорлик – бу ибодатларни ҳар куни ва махсус пайтларда қўлла-шимиз мумкин. Улар шайтонга қарши самарали қуроллар ҳисобланади, шунингдек, улар ўзимизни руҳда енгил ва эркин ҳис этишимизга ёрдам беради, тушкунлик, маъюслик ва норозиликдан қутқаради. Бироқ, шундай вазиятлар бўладики, улар учун ибодатнинг бошқа турларидан фойдаланиш керак, шунинг учун Худонинг ҳаракатланишига эркинлик яратадиган бағишланиш ва умидворлик ибодатлари тўғрисида гап юритамиз.
Бундай ибодатларда Худога ўзимизни топширамиз ёки Унга барча ташвишларимизни юклаймиз. Менга ҳар эрталаб, Забур китобининг 24-саносида келтирилган бағишланиш ибодатини қилиш ёқади: «Раббий, ҳаётимни Сенга тақдим этаман…» Бу сўзлар, бағишланиш нима эканини тушунтираяпти – бу Раббийга ихтиёрий равишда бўйсуниш
ва Унга боғлиқлигимизни тан олиш. Бағишланиш ибодатида Худога шундай деймиз: «Художон, ўзимни Сенга топшираман. Фақат қурбонликларимни эмас, балки бутун борлиғимни. Фақат якшанба куни икки соат эмас, балки бутун борлиғимни. Кунимнинг бир қисмини эмас, бутун борлиғимни. Раббий, ҳаётимни Сенга топшираман.
Мен уни қурбонгоҳга қўяман. Мени ўзинг хоҳлагандек қилиб, ўзгартир. Мен орқали сўзлагин. Мен орқали бошқаларни баракала. Қадамларимни бошқар. Мен орқали дунёни ўзгартир. Менга берилган барча қобилият ва истеъдодларимни Сенга бағишлайман. Мен буларнинг эгаси эмасман, мен шунчаки қулингман. Мен фойдаланишим учун нимага рухсат берган бўлсанг, уларнинг ҳаммаси Сенга тегишли. Агарда, Сен уларни мендан олишни истасанг, Сенга шу онда қайтариб бераман». «Ҳаётимни Сенга тақдим этаман…», деганда, айнан шу нарсани назарда тутамиз. Бу бағишланишдир.
Худонинг мақсадлари учун ниманидир ажратиш, бағишланишни билдиради. Яъни ҳаётимизни Худога бағишлаймиз, дунёвий қадриятлардан, нотўғри тафаккурдан, тартибсиз ҳаёт тарзидан, ёмон одатлардан – Худонинг Сўзига мос келмайдиган барча нарсалардан воз кечамиз. Ўзимизни Худонинг ихтиёрига тўлиқ топшириш учун онгли равишда, ҳар қандай гуноҳдан четлашамиз. Баундс бағишланишга қуйидагича таъриф берган эди: «Бу ўзимизни ўз хоҳишимиз билан Худога топшириш, заррача иккиланишсиз, англаган ҳолда тақдим этишдир. Худо учун, бизга тегишли бўлган ва қўлга киритишни истаган барча нарсаларимиздан, ўзимизни ажратишдир». Бағишланиш – қўлимиздан келадиган энг осон иш эмас, аммо у нимадандир кечишга арзийди.
Бордию, сизда ибодат эҳтиёжи бўлса, Дилкаш Радио телеграм каналимиздан фойдаланиб бизга хабар юборинг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Раббимиз инояти сиз муҳтарамга ёр бўлсин. Хайр, омон бўлинг.