Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Ҳаворий Павлус бизни бир иш қилишимизга чорлаяпти: «…аъзои баданларингизни Худога бағишланглар». Модомики, танамизни Худога топширган эканмиз, унда куни билан диванда ётиб, буғирсоқ еб, сериал кўриб ўтириб, кейин, шу тарзда ўзимизни бағишладик, дея олмаймиз. Худога ҳаётимизни бағишлаш – ҳар эрталаб Калом ўқиш, У билан мулоқот учун вақт ажратиш, Унинг амрлари пайида бўлишни билдиради. Танамизга, Раббийга хизмат қилиш воситаси, Унинг қўлидаги асбоб, деб қарасак, унда танамизга беписанд бўлмаймиз, носоғлом овқатларни истеъмол қилмаймиз ёки уни зарур ҳордиқдан маҳрум этмаймиз. Биз ахлоқ доирасида кийинамиз, модага қараб, дид билан кийиниш мумкин, лекин бошқаларнинг жиғига тегадиган тарзда эмас.
Биз Худонинг вакилларимиз, бу дунёга тегишли эмасмиз. Римликларга мактубнинг 12-бобида ёзилганидек, «танамизни ва ўз қобилиятларимизни» ихтиёрий равишда Худога тақдим этишимиз лозим. Бошқача қилиб айтганда, Худо Ўзининг хоҳиши бўйича бизнинг ҳаётимизни бошқаришини таклиф қиламиз. Инсоннинг онги – шайтоннинг жондан севар жанг майдони. У бизга кун давомида хавфли фикрлар билан ҳужум қилиши мумкин. Аксарият ҳолларда, бу биз осонликча ишонишимиз учун, яхшилаб ниқобланган ёлғон бўлади.
У бизни алдайди, айблайди, биздан қувонч ва тинчликни ўғирлаш мақсадида, турли хил йўлларни ўйлаб топади ҳамда ўзимизни нолойиқ ва кераксиз ҳис этишга мажбурлайди. Бизнинг онгимизни, бошқалар тўғрисидаги нопок фикрлар билан тўлдиради. Биз унга буларнинг барчасини юборишини таъқиқлай олмаймиз, бироқ уларни қабул қилмаслик, қарши туриш ва унга қарши ҳужумга ўтишга қобилиятлимиз. Шайтон учун Худонинг фарзандларига ҳужм қилиш – бу унинг ҳаёт тарзи ва мақсади, бизнинг ҳаёт тарзимиз эса ибодат бўлиши керак. Очиғини айтсам, мен бир пастда, ўнлаб зарарли фикрларни ўзимдан улоқтиришимга тўғри келади. Худога шукрки, бу нарса қўлимдан келади.
Шайтон, кимдир ҳақида нотўғри фикрларни берганида, унинг зарбасига энг яхши жавоб – ўша одам учун ибодат қилиш керак. Онгимизни тўғри фикрлар билан тўлдирсак, у ерда нопок фикрлар учун жой қолмайди. Шайтоннинг ёлғонини қандай даф этиш мумкин? Исо Масиҳдан ўрнак олиб, ҳар сафар «Ёзилган…», дейиш лозим, шундан сўнг, Ка-ломдаги шайтоннинг – ёлғончилигини очиб берадиган оятларни овоз чиқариб айтиш лозим. Мабодо, у биров ҳақида ёлғонни сингдиришга уринаётган бўлса, шундай сўзлар билан уни қайтаринг: «Каломда, севги ҳамма нарсага ишонади ва яхшиланишига умид қилади. Мен севгида яшайман, севги эса инсонни фақат яхши томонларига ишонади. Ўша инсон шундай иш қилганига исботим йўқ, шунинг учун бу ҳақидаги фикрларга ишонишдан воз кечаман». Худонинг Каломи шайтоннинг ҳужумларини енгиш учун куч беради. Жумладан, у менинг келажагим ғира-ширалигига ишонтиришга уринса, мен Иеремия китобининг 29-бобидаги, Худо мен учун фақат яхши мақсадларга эга экани ҳақидаги оятни келтираман. Муқаддас Китобни яхши билиш кераклигининг сабабларидан бири – биз унинг ёрдамида шайтонни енга олишимиз. Бу бизнинг қуролимиз ва биз ундан моҳирона фойдалана олишимиз зарур.
Бордию, сизда ибодат эҳтиёжи бўлса, Дилкаш Радио телеграм каналимиздан фойдаланиб бизга хабар юборинг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Раббимиз инояти сиз муҳтарамга ёр бўлсин. Хайр, омон бўлинг.