MP3

Ассалому алайкум. Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Ўн миллиондан ошиқ имонлиларни намоён қилувчи Хитойдаги хонаки жамоатлар раҳбарлари 1998 йилнинг ёзги йиғилишида ўз жамоатларининг муҳим масалаларини муҳокама қилишган. Муаммолар рўйхатининг биринчи қаторларида миш-миш гаплар турарди. Жамоат раҳбарлари бу иғво гуноҳи уларнинг хизмат қилишида қандай зарар етказаётгани ҳақида бирин-кетин гапиришар эди. Хэнань вилоятидан келган бир раҳбар ҳаётида юз берган шундай воқеани сўзлаб берди: «Мен ходимлар билан Муқаддас Китоб машғулотларини ўтказиш учун оқшом пайти йўлга отландим. Бироқ семинар бўлиб ўтаётган уйга мени киритишмади. Мен ёпиқ эшиклар ортидан гап нимадалиги сўрадим. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Бироздан кейин: “Бу ердан йўқол!” – деган жавобни эшитдим. Қахратон қиш эди, кун ҳам кеч бўлиб қолганди. Мен яна шаҳардан чиқиб кетиб, қаердандир тунаш учун жой топишим керак. Бунинг устига исиниш учун ўтин топиб, олов ёқиш керак эди. Нима юз берганлигини тушунтирмай, қишнинг изғирин кечасида мени шундай аҳволга ташлаб қўйишга биродар ва сингилларимни нима мажбур қилди экан? Бир биродарнинг менга раҳми келди, шекилли, яширинча уйига тунаш учун киргизди. Аста-секин ундан гап нимадалигини билиб олдим. Ушбу район жамоат раҳбарлари аноним хат олишибди. Хатда ёзилишича, “мен аёлларни йўлдан оздирувчи шахс” эканман. Шунинг учун ҳам мени семинарга киритишмаган экан. Бу бўҳтон эканлигини, менинг гапларимга қулоқ солишларини ва шу хатни менга кўрсатишларини сўраб мен қанчалик ҳаракат қилмайин, бироқ ҳамма уринишларим зое кетди.

Мамлакатнинг бошқа бурчагига келгач, кейинроқ бу аноним хатни ким йўллаганини мен билдим. Бу хатни қачонлардир уятсиз қилиқлари учун мен танбеҳ берган бир биродаримиз мендан ўч олиш ниятида йўллаган экан. Мен боришим керак бўлган ўша семинар қаерда ўтишини у олдиндан билиб олган ва шу ишни қилган. Мен бу биродарни топиб уйига бордим, у ўз гуноҳини бўйнига олди ва тавба қилди. У ўша жамоатга яна бир бошқача мазмунда хат йўллади, бироқ биринчи хатини аноним тарзда ёзгани учун, энди унга бўлган ишонч йўқолди. Биз иккаламиз ҳам ўша жамоат аъзолари олдида вазиятни тушунтириш учун боришга тайёр эдик, аммо улар бизни таклиф қилишни истамадилар. Жамоат раҳбарлари зиён кўришди. Эндиликда мен қаерга борсам, ҳамма жойда аслида нима юз берганини, буларнинг ҳаммаси бўҳтон эканлигини тушунтиришимга тўғри келади. Хуллас, бу иблиснинг ғалабасидир.

Менга қарши гуноҳ қилган биродарни мен шаҳар четига таклиф қилдим ва сўйилган жўжанинг патларини юлишни буюрдим. Биз юриб кетардик, у эса йўл-йўлакай патларни юлиб кетаверди. Эсган шамол эса юлинган патларни дала бўйлаб учириб кетарди.

“Энди нима қилайин?” – деб сўради у патларни битта қолдирмай юлиб бўлгач.

“Эндими, юлинган ҳамма патларни йиғиб олгин–да, жўжанинг ҳамма патларини жой-жойига суқиб чиқгин”, — деб жавоб бердим мен унга. “Лекин бунинг иложи йўқ”, — деди у норозилик оҳангда. “Гапинг мутлақо тўғри. Бунинг иложи йўқ. Худди шу сингари айтилган гапларнинг ҳам қайтариб олишнинг имкони йўқ. Айтилган гап – отилган ўқ”.

“Ёлғон ва туҳмат иблиси” деб аталмиш ёвузликни йўқ қилиш мақсадида, жамоат раҳбарлари бир-бирларига нисбатан кўпроқ севги намоён қилишни ва яқиндан мулоқотда бўлишни келишиб олишди.»

Бордию, сиз ҳам қувғинларга дуч келиб бу ҳақда суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимиздан фойдаланиб бизга хабар юборинг. Шахсий маълумот орамизда қолади. Бу ҳақда хавотир олманг. Раббимиз сизни Ўз паноҳида асрасин. Хайр, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top