3:38

Ишончингга яраша бўлсин

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум Худонинг садоқатли фарзанди. Худованд бизни фарзанд қилиб олишга режа қилгани учун чексиз ҳамду-саноларга лойиқ. Жуда кўпчилик йилнинг бошидан ёки янги йил кириб келишидан олдин кейинги йил учун шахсий режалар тузишади. Бу жуда ажойиб одат. Мен ҳам бу йил Худовандни кўпроқ билиш ва У билан ибодатда кўпроқ вақт ўтказишга қарор қилдим. Аммо энг қизиғи, Худонинг Ўзи менга ишонч ҳақида кўпроқ ўрганишимга туртки берди. Бугун эса шу пайтгача ўрганганларимни сиз билан бўлишишга қарор қилдим. Имон нима? Бу саволга кўпчилик, “Бу бирор нимага ёки кимгадир тўлиқ ишонч билдириш” деб ёки “Худога, бирор динга эътиқод қилиш” деган жавобларни беради. Жавобларингиз тўғри, аммо нима учун бу шунчалик муҳим? Исо Масиҳ Муқаддас Каломда, “Агар зиғирдек имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига: — Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от, — десангиз, дарахт сизга бўйсунади”, дейди.

Narrator 2 Тўғи. Менимча, бу оятлар ҳаммани ўз имонини текшириб кўришга ундайди. Мен ҳам бу оятларни ўқиганимда, ўз-ўзимга савол берганман: Менинг имоним қанчалик? Демак, ҳали зиғирдек ҳам эмас экан-да?! Шундан сўнг имон ҳақида чуқурроқ ўрганишни бошладим ва доим Худо билан сокин вақтим давомида Ундан имонимни оширишини сўраб ибодат қилдим. Аммо бундай ибодат қилишга бироз қўрқдим. Ҳали ҳам қўрқаман. Сабаби, … майли бу ҳақида кейинги суҳбатларимиздан бирида айтиб бераман. Энди эса, Муқаддас Калом имон ҳақида нима дейишига қайтамиз. Имон бу — кўрмасак ҳам Худо ҳаётимизда ишлаётганига ишонишдир. Имон вазиятлар қандай бўлишидан қатъий назар Худо ишлаётганини билади. Иброний тилида “имон” сўзи, “эмунаҳ” деб айтилади. Бу “қўллаб қувватлаш” дегани. Эътибор қилсангиз, бу сўз жуда ҳам ажойиб. Чиндан ҳам имон бу “Худонинг мадади, қўллаб қувватлаши”дир.

Narrator 1 Гапингизга мутлақо қўшиламан, Худованд ҳаётимизнинг ҳар бир вазиятини Ўзига улуғворлик келтириш учун ишлатади. Биз қандай ўйлашимиздан қатъий назар, У биз учун нима яхши бўлишини билади. Биз вазиятларга оддий кўзлар билан эмас, имонимиз кўзлари билан қарашни ўрганишимиз керак. Ибтидо китобида мен севган оятлардан бири бор. Бу ҳам имон ҳақида. Мана эшитиб кўринг: “Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди.” Бу оятдан олдин, Худо билан Иброҳим пайғамбар ўртасида қандай суҳбат бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Худованд бу фарзандсиз инсонга ваъда бериб, наслинг осмондаги юлдузлардек, соҳилдаги қумдек кўп бўлади, деди. Шундан сўнг, Иброҳим пайғамбар унинг ваъдасига ишонди. Жуда оддий ёзилган. Аммо ишониш осон эмас. Иброҳим пайғамбар эса оддийгина ишонди ва шу ишонч билан яшашда давом этди.

Narrator 2 Янги Аҳд китобларига қарасангиз, Исо Масиҳнинг кўплаб мўъжизалар қилгани, ҳасталарни шифолагани ҳақида ёзилган. Аммо мени энг ажаблантирган мавзу бу Исога муҳтож бўлган оғир ҳасталарнинг ишонч даражалари. Матто 9 боб 29 оятда, ортидан шифо топиш учун эргашиб келган икки кўр одамга Масиҳ нима деганини бир эсланг: “Исо улардан сўради: — Сизларга шифо бера олишимга ишонасизларми? – Ҳа, Ҳазрат! – деб жавоб беришди улар. Шунда Исо уларнинг кўзларига қўлини теккизиб: — Сизларнинг ишончингизга яраша бўлсин, — деди”. Бу жуда ажойиб. Энг қувонарлиси, ўша икки кўр одамнинг Масиҳнинг қудратига бўлган ишончи эди. Улар ишонди ва кўзлари очилди. Улар муҳтож эди. У ҳақида эшитдилар ва Исони ваъда қилинган Масиҳ эканига ишондилар. Ишончнинг оқибатида келган натижага қаранг. Бу кўпроқ имонга эга бўлишимиз учун ибодат қилишимизга арзийди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top