Narrator 1 Ассалому алайкум. “Самимий имон” қандай бўлади? Бу ҳақида фикрингиз қандай? Мен Муқаддас Каломни вароқлаётиб, ҳаворий Павлуснинг ўғлидек бўлиб қолган шогирди Тимўтийга ёзган иккинчи мактубидаги қуйидаги оятга кўзим тушди: “Сенинг самимий имонингни доим эслайман. Аввалдан бувинг Лоида ҳамда онанг Эвника ўз қалбларига жо этган ўша имон сенда ҳам равнақ топаётганига аминман.” Бу турдаги имон ёлғонга, иккиюзламачиликка, товламачиликка ёки мақтанчоқликка йўл қўймайди. Бундай имон кишининг қалбидан оқиб чиқади ва доим тўғри ишни қилишни истайди. Сиз ҳам ҳаётингизда шундай одамларни учратганмисиз? Уларнинг имони шунчалик самимийки, “Бу инсоннинг бунчалик қалби тоза бўлмаса”, деб юборасиз. Бундай имон соҳимлари қалбларига юқоридаги ёмонликларни киритмайдилар. Шайтоннинг васвасаларига ҳам илинмайдилар.
Narrator 2 Улар Худонинг ҳақиқати билан шайтоннинг ёлғонини яхши ажрата оладилар. Шу сабаб имонига кўра иш тутиб, нотўғри ишни четга сурадилар. Кейинги имонни биз “Умумий Имон” деб атадик. Аслида Муқаддас Китобда шундай ёзилган. Титус 1 боб 4 оятда шундай деб ёзилган, “Қадрдоним Титус, бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.” Умумий имонимиз бу барча масиҳийлар Худонинг Ўзи нажот йўлини тайёрлаганига, Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётга эга бўлиш мумкинлигига ишонадиган эътиқоддир. Умумий имонимизга кўра, биз Худо бизни эшитади ва ибодатларимизга жавоб беради, деб ишонамиз. Аввалги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиздек, Худованд имонимизни ўстиришни жуда истайди, чунки Худога ўсувчи имон жуда ҳам ёқади.
Narrator 1 У бизнинг ибодатларимизга жавоб бериш орқали имонимизни мустаҳкамлайди ва ўстиради. Шундай экан, Худо бизнинг ибодатларимизни эшитиши ва уларга жавоб бериши ҳақиқат. Шундай экан, Худога бундай имон келтиришимиз ҳам табиий. Яна, бизнинг ўзаро имонимиз бир-биримизнинг ўсишимизга ва далда беришга ёрдам беради. Ҳаворий Павлус Римликларга шундай деб ёзган эди, “Сизларни роса кўргим келяпти, чунки сизлар билан руҳий инъомларни баҳам кўрсам, дейман, шунда сизлар имонда янада мустаҳкамроқ бўлардингиз. Тўғрироғи, кўришганимизда, бир-биримизнинг имонимиздан далда олсак, дейман.” Баъзан биз ўз инсоний ишончимизни имон билан адаштириб, қоқиламиз. Инсоний ишонч билан Худо биздан қилишимизни талаб қилган ишларни қила олмаймиз. Ўз билимимизга ёки инсоний ишончимизга суянсак, қоқилишимиз аниқ.
Narrator 2 Масиҳ илдизи йўқ имон ҳақида ҳам айтади. У ерга тушган уруғлар мисолида бундай имон ҳақида ҳам гапиради. У шундай дейди, “Тошлоқ жойга тушган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар Каломни эшитганда уни севинч билан қабул қиладилар. Аммо улар илдиз отмаган. Шунинг учун улар қисқа вақт давомида ишонадилар, синов пайти келганда эса имондан қайтадилар.” Матто 6 боб 30 оятда эса Исо шундай дейди, “Бугун бор, эртаган ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?!” Демак, имони суст инсонлар тирикчилик ташвишлари билан юрадилар. Худо уларга ҳамма нарсани етказишига ишонолмайдилар. Шунчалик кичик имонга ёки суст имонга эга бўлиш инсонни чарчатади. Ахир ҳаётимизни ўзимиз бошқаришимиз қийин-ку?! Ҳаётни берган Худованд наҳотки унга ғамхўрлик қила олмаса?!