Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Бир неча кун аввал бир қизнинг ойиси ҳақида айтаётганларини эшитиб қолдим. “Ойим авваллари унчалик семиз эмас эдилар. Ёшликларидаги ҳамма расмларида озғин чиройли бўлганлар”, деди ойиси ҳақида қайғуриб. Аёлнинг 30 ёшдан кейинги кўриниши нафақат ўзини балки оила аъзоларини ҳам ташвишга солади. Аслида, вазн ортиши аёлларимизнинг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади. Бироқ шундай азобга солувчи муаммоларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи бўламиз. Ортиқча вазн ортиши натижасида таянч ҳаракат тизими зарарланиши ва бўғим оғриқлари келиб чиқади. Гоҳида кучли калорияга бой овқатларни истеъмол қилишимиз, қолаверса, касбимиз туфайли бундай овқатларни кун бўйи бир хил ҳолатда ўтирганимизча истеъмол қиламиз.
Ҳар қандай тановул қилинган егуликнинг ҳазм бўлиши учун ҳаракат қилмоқ лозим. Афсуски, кам ҳаракат ва шундай тартибли овқатланиш жараёни вазн ортиши каби асоратларни келтириб чиқаради. Шунингдек, озгина вазн ортганини сезишимиз билан ўзбошимчалик билан парҳез тутишга киришамиз. Бироқ иродамиз устунлик қилса, майлига, лекин унга бесабрлик қилиб парҳезни бузиб, бирдан ўзимизни чеклаб юрган таомларни еб қўйишимиз ҳам мумкин. Натижада эса бирдан вазн ортиш ҳолатлари кузатилади. Баъзан аёлларимиз “Кўп ва калорияли овқатлар емасам ҳам семираяпман”, деганларини эшитамиз. Бунда аввало, вазн ортиши сабабини аниқлаш учун эндокринолог ва гинеколог, гастроэнтеролог шифокорларнинг маслаҳатлари зарур. Чунки гормон дорилар қабул қилиш ҳам қўшимча вазнга сабаб бўлади.
Агар кўринган мутахассислар томонидан ҳеч қандай муаммолар аниқланмаса, унда диетолог маслаҳати керак бўлади. У ҳар бир кишига алоҳида таомнома тузиб беради. Парҳезга риоя қилиш керак, деганда очликни тушунманг. Иложи борича, ҳар овқат истеъмолидан сўнг узоқ вақт ўтирманг, шунингдек, ётмасликка ҳам ҳаракат қилинг. Албатта, биринчи навбатда, тиббий кўрикдан ўтишни ўз оилавий шифокорингиз ҳузуридан бошлаганингиз маъқул. Шу ўринда мевахўр аёлларимиз учун бир маълумот келтириб ўтсак. Мева одам организми учун жуда фойдалидир. У ичаклар фаолиятини яхшилайди, танамизни витамин ва микроэлементлар билан таъминлайди. Аммо унинг меъёри ошганда, аксинча, зарар қилиши ҳам мумкин. Масалан, кўпчилик мевалар одамни оздиради, деб ўйлашади. Лекин меваларда ҳам калориялар бўлишини унутмайлик.
Бундан ташқари, мевалар иштаҳани очади ва одатда, улардан сўнг бирон-бир ёғлироқ егулик ейиш истаги пайдо бўлади. Бунга мева таркибидаги кислота сабаб бўлади. Бу кислота ошқозон шираси кўпроқ ажралишига туртки бўлиб, унинг моторикасини қўзғайди. Айнан мана шу ҳолат одамда очлик ҳиссини уйғотади. Мевалар таркибидаги фруктоза эса глюкоза каби калорияли бўлса-да, тўқлик ҳиссини бермайди. Шунинг учун ҳаддан зиёд кўп ейилган мевалар ҳам семизликка етаклаши мумкин. Олимларнинг текширувлари шуни кўрсатадики, таомланишда фруктоза миқдорининг кўплиги организмдаги моддалар алмашинувининг бузилиши, қандли диабет, томирлар атеросклерози ва қон босими касалликларига олиб келиши мумкин. Аммо бу билан мевалардан воз кечиш керак, демоқчи эмасман. Шунчаки ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши. www.najot.com сайтимиз сиз аёлларни қизиқтирадиган рангбаранг мавзуларни тақдим этади.