MP3

“Наҳот билмасангиз?! Қалбингизда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо сизларга берган. Танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар.”

Ассалому алайкум дугоналар. Бугунги суҳбатимиз энг муҳим ҳақиқат – танамиз Худонинг маъбади эканлиги ҳақидаги ҳақиқат ҳақида бўлади. Бугунги суҳбатимизни тингласангиз, ўзингиз учун анчагина очиқлик олишингиз аниқ. Сиз Муқаддас Калом ким учун ёзилган деб ҳисоблайсиз? Айнан биз учун. Худони билмайдиганлан учун эмас, айнан Худонинг фарзандлари учун. Улар ўқиб, ўз Оталари ҳақида кўпроқ билишлари ва Унинг иродасини адо этишлари учун ёзилган. Шундай экан, ҳар тонг Муқаддас Каломни ўқиётиб, “Бу парча орқали Худо менга нима демоқчи?”, деб ўз-ўзингизга савол беринг. Энг аввало юқорида эшитган оятимизни ўзимизга мослаштирамиз, яъни баъзи сўзларимиз ўрнига ўзимизни қўйиб қайтадан ўқиймиз.

“Наҳот билмасам?! Қалбимда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо менга берган. Танам Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Мен ўзимга тегишли эмасман.” Масиҳийлар сифатида биз Худонинг маъбадимиз. Бу ҳақиқат сизни ҳайратга солдими? Худо бизнинг ичимизда яшайди. Бу ҳақида ўйлашнинг ўзиёқ бизни таъсирлантиради. Бу оят ва ҳақиқат ҳақида чуқур ўйлаб кўринг ва Муқаддас Руҳ сизни нима қилишингизни истаса шуни қилинг. Худонинг маъбади сифатида биз опа-сингилларга жуда ҳам буюк топшириқ берилган. Бу топшириқ Худони улуғлаш. Хўш, ундай бўлса, ҳар кунги ҳаётимиз орқали Худони қандай улуғлаймиз, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавоб бериш учун энг аввало ўзимизга ва ҳаётимизни ташкил қилувчи қисмларга бир назар ташлаб олишимиз зарур. “Мен қандай шахсман? Руҳий ҳаётим қай даражада? Менинг ҳаётдаги ролим ва вазифаларим қандай? Мен муносабатларда қандай одамман?

Кимлар билан асосан муносабат қиламан? Танам қандай тузилишда? Қандай муваффақиятларга эришганман? Қандай муваффақиятсизликларга учраганман? Бугунги кунда нимадан кўпроқ шодланаман? Қандай қийинчиликларим бор? Қўлимда Худо учун ишлатишим мумкин бўлган нималар бор?”, мана шу саволларга жавоб берсангиз, аста секин Худони қандай улуғлаш керак деган саволга жавоблар очила бошлайди. Юқоридаги саволларга берган жавобингиз бу ўзингизга бўлган фикрингизни билдиради. Энди бизни Худо қандай кўришига қарайлик. Забур 7 боб 3-5 оятларда Худо биз ҳақимизда шундай дейди, “Эй Эгам, бизнинг Раббимиз! Бутун ер юзида Сенинг номинг улуғвордир!

Осмондан ҳам юксакдир Сенинг шуҳратинг! Душманларингнинг, қасоскорларнинг

Овозини ўчирай, дея Сен болалар ва чақалоқларни Ўз қудратингни сўйлашга ўргатдинг.

Қўлларинг ижоди бўлган осмонингга қарадим, Ўзинг жойлаштирган юлдузлару ойга боқдим.

Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?! Бандалар недирки, Сен уларни ардоқлайсан?! Сен уларни Ўзингдан андак паст қилдинг, Иззату шараф тожини уларга кийгиздинг.” Ишаё пайғамбар орқали Худо шундай деган, “Менга тегишли бўлганларни

Ўз шуҳратим ҳақи яратдим, Ўзим ижод қилиб, уларни бино қилдим.” Мана, Худованд биз ҳақимизда қандай фикрда экан! Биз Худонинг ижодимиз, У бизни Унинг қудрати ва улуғворлиги ҳақида сўзлашимиз, Унинг халқи бўлишимиз учун яратган. Энди юқорида ўзингиз ҳақингизда берган жавобларингиздан, Худога хизмат қилишингиз мумкин бўлган 4-5та имкониятларингизни ўйлаб кўринг. Уларни бир дафтарга рўйхат қилиб ёзиб қўйинг ва ҳар куни шу имкониятларингиз учун Худога ибодат қилинг. Мана шу Худога улуғворлик келтириш учун босган илк қадамларингиз бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top