3:09

Уй ишлари

MP3

Ассалому алайкум. Уй юмушлари аёл ҳаётининг бир қисми ҳисобланади. Бироқ яқинда олимлар бу ҳақида бошқача фикр билдиришди. Уларнинг айтишича, карьера ва уй юмушларини баравар олиб бориш аёл саломатлигига хавф солиши мумкин. Олимлар идора ва уй ишларини баравар олиб бораётган юздан ортиқ америкалик аёллар ўртасида сўров ўтказиб, бундай аёллар кўпинча артериал босим ошишидан қийналишини аниқлашди. Фаол аёл дам олиш ва бола тарбияси учун етарлича вақт ажратмайди. Бундай ҳаёт ритми эса ҳамиша стрессда юришига сабаб бўлади. Олимлар уй тозалаш, таом тайёрлаш ва бозор қилишни саломатликка хавф солувчи юмушлар сифатида кўрсатишди. Оила бюджетини ҳисоблаш, техника воситаларини тузаттириш кабилар эса бир мунча хавфсиз деб топилди.

Бола парваришлаш ва уй ҳайвонларига қараш эса артериал босимга ҳеч бир зарар қилмаслиги аниқланди. Америкалик олимлар артериал босим ва инфаркт хуружидан сақланиш учун аёлларга уй юмушларини турмуш ўртоғи билан «баҳам» кўришни маслаҳат беришмоқда. Бироқ аёл учун энг юксак мартаба, энг олий нуфуз нима эканини биласизми? Албатта аёллик бахти ва бекалик ўрни. Оддийгина бекалик илмини англамаганлар аёллик бахтини тўла ҳис қилмаганлардир. Бекалик ҳам илм бўлар эканми, дея ўйга ботдингизми? Бугунги мулоҳазаларимизни мушоҳада этсангиз, сиз ҳам бекаликнинг  жуда мураккаб илм эканига иқрор бўласиз. Балки айнан шунинг учун ҳам ғарб олимлари уни аёл учун хавфли деб топишгандир! Аёлнинг зийнати- рўзғор тутумию, уй бекалигида. Бошқа ҳар қандай нарса аёллар учун иккинчи даражали.

Эркак кишининг кўнглига ошқозон орқали йўл топилади, деган гап бор. Кимлар учундир кулгили, юмористик кайфиятдаги гап бўлиши мумкин, аммо эркакларнинг бир вакили сифатида бу гапнинг айни ҳақиқат эканини тан оламан. Аёлнинг уй тутуми, пазандалиги, чеварлиги ва албатта ширин сўзию хушмуомаласи бўлмаса, бахтини ҳам, эрини ҳам бой бериши аниқ. Зиёли қизларимиз шу нарсаларни унутмаганликлари маъқулмиди, дейман. Чунки аҳамият берилса, ўқиб, касбу корли бўлган аксарият қизларимизнинг шахсий ҳаёти ҳавас қиларли эмас. Айнан шундай қиз-аёлларни сизу биз ҳам кўп кўрганмиз. Ундайлар узун-узун тирноқларига маҳлиё бўлиб, кўзгу қаршисида ўзларига оро беришдан бери келмайдилар. Ошхонага ўтсалар чиройли уст-бошларига ёғ ҳиди қўниши мумкин, қолаверса, қўли косов, сочи супурги деган ибора уларга ёқмайди.

Хонимларнинг қўли косов эмас, момиқ, бармоқлари узун-узун, чиройли бўлиши керак. Ваҳоказо ваҳоказо… Чиройли ва латофатли бўлиш аёл учун муносиб, бироқ аёл бекалигини, она ва рафиқа эканлигини унутмаслиги керак. Ҳар бир аёл ўз камчиликларини яхши билади. Шуни эътиборга олган ҳолда ҳаракат қилса, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Аёл ўзига, ўз кўнглига ишонади. Баъзан ўзига-ўзи сирдош, маслаҳатгўй ҳам бўла олади. Аммо унинг ҳаётида шундай вазиятлар бўладики, доно, оқил маслаҳатгўйга муҳтожлик сезади. Сиз ҳам шундай ҳолатга тушсангиз, бизни тингланг. Ҳамда бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга айнан керакли маслаҳатларни беришга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top