3:11

Кечиримнинг Айлана Ҳаракати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ҳар куни неча марталаб кечириш керак бўлган ҳолат билан тўқнашамиз. Ўша пайтда қиладиган қароримиз жуда ҳам муҳим. Биз ё кечиришга ё кечирмасликка қарор қиламиз. Биз кўп марта кечирим сўраш ҳақида, кечиримли юрак ҳақида ваъзлар эшитганмиз. Ҳатто Исо Масиҳнинг Ўз шогирдларига ўргатган ибодатини ҳам ёддан биламиз. Унда шундай жой бор, “Гуноҳларимизни кечиргин, чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз. Бизни васвасага дучор қилмагин.” Бугун, биз айнан кечириш ҳақида эмас, кечиримнинг айлана ҳаракати ҳақида суҳбатлашишни лозим топдик. Ким кимни биринчи кечиради? Бир томондан Исо, “Гуноҳларимизни кечиргин, чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз”, дейди (Луқо 11:4)

Narrator 2 Бошқа томондан эса, ҳаворий Павлус, “…Эгамиз сизларни кечиргани каби сизлар ҳам бошқаларни кечиринглар”, дейди (Кол. 3:13). Исо бизга ибодат қилишни ўргатганида, аввал сизлар кечирасиз кейин Худо кечиради, деб ўргатаётгани йўқ. Аксинча, У: “Исога ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари Унинг номи туфайли кечирилади…”, деб таълим беради (Ҳав. 10:43). Ўзимиз кечирилганимиздан сўнг, камтарлик, хурсандчилик ва умид билан бошқаларни кечирамиз. Бу кечирувчи хусусиятимиз бизнинг ҳам нажот топиб кечирилганимизни кўрсатади. Яъни, бошқаларни кечиришимиз имонимизни, Масиҳ билан бирлашганимизни, иноятли ва камтарликка етакловчи Муқаддас Руҳга тўлганимизни кўрсатади. Бироқ ҳали ҳам гуноҳ қилиб қўямиз (1Юҳ. 1:8, 10). Шунинг учун ҳам доим Исо биз учун шафоат қилишини, яна кечиришини сўраб Худога ибодат қиламиз.

Narrator 1 Агар бизда кечирмаслик руҳи бўлса, ишонч билан ибодат қилолмаймиз. Матто 18:23-35 оятларда келтирилган қарздорини кечирмаган хизматкор ҳақидаги матал ёдингиздами? Агар бу матални бугунги дунёдаги пул ўлчови билан айтадиган бўлсак, шоҳ унинг ўн миллион долларлик қарзидан кечиб юборганига қарамай, у ўзидан 10 долларгина қарз олган шеригининг қарзидан кечмабди. Қандай нодонлик ва зиқналик. Бундай одамни нима дейиш мумкин яна. Шоҳнинг бундай марҳамати ва раҳм-шафқати бу одамни ўзгартириши керак эди. Аммо афсуски, у шеригини кечирмай, шоҳнинг шафқати ҳам уни ўзгартирмаганини кўрсатибди. Исо бизни бундай аҳмоқликдан ҳимоя қилиш учун бизга шундай деб ибодат қилишни ўргатади: “Гуноҳларимизни кечиргин, чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилган ҳар бир одамни кечирамиз” (Луқо 11:4). Шунинг учун Исо, бизлар кечираётганимиз учун, Худонинг олдига келиб ундан кечирим сўрашимиз мумкинлигини айтади.

Narrator 2 Бу худди бундай дейишга ўхшайди, “Ота, Исо Масиҳ орқали эришган кечирим билан Мени кечиргин, чунки шу кечирим билан мен ҳам бошқаларни кечирдим ва интиқом олишдан воз кечдим.” Биз Худодан олган кечиримдан сўнг, миннатдор ва шафқатга тўла юрагимиз билан бошқаларни ҳам кечирамиз. Бу айлана давом этаверади. Сиз ҳам бугун янгитдан Худонинг кечиримини ҳис қилинг ва бу иноят қалбингизни тўлдирсин ҳамда сиз ҳам бошқаларни кечиринг. Иноятнинг ҳаётингиздаги бу ширин тажрибаси, Исонинг қони орқали Худонинг олдига яна кечирим олишга борганингизда, У сизга кечирилган ва кечирувчи фарзанд сифатида қарашига кўпроқ дадиллик берсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top