3:26

Соҳталикка ўрин йўқ

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги гувоҳлигимиз бир опамизнинг ҳаётидан ҳикоя қилади. У шундай дейди, “Мен 2003 йили имонга келганман. Худовандни топган куним ва ўша йил ҳаётимдаги энг саодатли йил ва кун бўлганига ишонаман. Ёшлигимдан оиладаги ва инсоннинг шахсий ҳаётидаги ёмонликлар ташқарига овоза бўлмаслиги керак, деб ўргатишгани учун, ичимдаги қийинчиликларим ва айбларимни доим ичимда сақлар эдим. Улғайганим сари ҳаётнинг нақадар жирканчли томонлари борлигини, инсонларнинг бир нечта қиёфалари борлигини англадим. Аммо, ҳаётинг қанчалик расво бўлмасин, уни доим ичингда сақлашинг керак, буни фақат ўзинг билсанг бўлди, бошқаларга кўрсатиш шарт эмас. Ҳа, айтганча яна табассум қилиб юришни ҳам унутма. Кўрганлар мени ҳаётидан хурсанд ва ҳеч қандай муаммоси йўқ инсон деб ўйлашарди. Бироқ, имонли бўлсам ҳам кўп ҳолларда соҳта қиёфада яшашга мажбур эканимни мен ва Худодан бошқа ҳеч қим билмас эди.

Narrator 2 Худо билан муносабатим унчалик қалин ва яқин эмас эди. Ичимда қандай гуноҳлар бош кўтаришини фақат ўзим билардим. Шу сабаб бошқаларнинг назарида маъқул ва яхши инсон бўлиб кўринишга, одамларнинг ҳурматини қозонишга ҳаракат қилардим. Бироқ, Худо ҳақида ўйласам, бунинг тескариси бўлиши мумкинлиги, яъни Худо мени яхши инсон деб қабул қилмаслиги ва мендан рози эмаслигидан кўнглим ғашланарди. Ҳаётимни Худога ишониб топширмай, ўзим бошқараётган эдим. Худо буни менданда аъло даражада бажаришига ишонмасдим. Шу сабаб муваффақиятсизликлар гирдобида қолгандим. Бир куни қийналиб юрганимда Худо бир оятни очиб берди, “Шу сабабдан энди биз ҳеч кимга инсоний нуқтаи назардан баҳо бермаймиз. Бир вақтлар Масиҳга ҳам инсоний нуқтаи назардан баҳо берган эдик, энди эса ундай қилмаймиз. Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир.

Narrator 1 Эски ҳаёт ўтиб кетди, янгиси кириб келди. Буларнинг ҳаммаси Худодандир. У Масиҳ орқали бизни Ўзи билан яраштирди ҳамда бошқаларга Худо билан ярашиш йўлини кўрсатиш хизматини бизга берди. Ҳа, инсонларнинг гуноҳларини уларнинг ўзларига қарши ҳисобламасдан, Худо дунёни Масиҳ орқали Ўзи билан яраштирди. Ярашиш ҳақидаги бу хабарни етказишни эса бизга топширди. Шундай қилиб, биз Масиҳнинг элчиларимиз, Худо биз орқали инсонларга мурожаат этяпти. Масиҳ номидан ёлворяпмиз: Сизлар ҳам Худо билан ярашинглар. Ахир, Худо бизни Масиҳ орқали оқлаш учун гуноҳсиз бўлган Масиҳни гуноҳкорни жазолагандай, жазолади.” Бу оятлар билан Худованд нақадар иноятга бой эканини тушундим. Шу йили Худованд менга Ўз инояти ҳақида кўп тушунтирди.

Narrator 2 Фақат ўша йили, Худованд менинг ҳамма гуноҳларимни хочда Исонинг елкасига юклаганини, менда эса Исонинг солиҳлиги борлигини билдим. Гуноҳ менга ҳоким бўлолмаслиги ва озод бўлганим учун ниқоб тақиб юришга ҳам ҳожат йўқлигини англаб, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Қилишга ҳаракат қилган яхши ишларим учун эмас, Худо Ўзи азалдан мени танлашга қарор қилгани учун, севгани учун мени гуноҳлардан озод қилганини англаш мен учун жуда катта совға бўлди. Худонинг севгиси ҳақидаги ҳақиқат юрагимни ва онгимни аста-секин ўзгартира бошлади. Энди соҳта қиёфада кўринишга ҳожат қолмаган эди. Энди яқин биродарларим билан камчиликларим ҳақида очиқроқ гаплаша оладиган бўлдим. Шу орқали Худованд мени Ўз Ўғли Исо Масиҳга ўхшаш қилиб ўзгартиряпти. Худога шукур.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top