2:58

Мақсад билан яшаш 03

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар. Агар сиз Уни яна марказга қўйсангиз, сизда яна тинчлик бўлади. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади.” Филиппиликларга мактуби 4 боб 7 оят.

Ҳаётимнинг характери қандай бўлади? Бу албатта шогирдлик саволидир. Сиз қандай киши бўлиб етишасиз? Худо сиз нима қилишингиздан кўра ким бўлиб етишишингизга кўпроқ эътибор беради.

Ёдингизда бўлсин, азиз биродар, сиз мансабингизни эмас, балки характерингизни абадиятга олиб кетасиз. Улар устида ишлаш учун характерлар рўйхатини тузиб чиқинг ва уларни ҳаётингизда ривожлантиринг.

Сиз Муқаддас Руҳ мевалари ёки гўзалликлардан бошлашингиз мумкин. Бутрус шундай деган: “Буларни назарда тутиб, имонингизни бут қилишга жон куйдиринглар.

Шундай қилиб, имонингиз устига фазл-камолотга эга бўлинглар. Фазл-камолотингиз устига онг-билимга эга бўлинглар.” 2 Бутрус китобининг 1 боби 5 ояти. Агар қоқилиб кетсангиз, таслим бўлиб ташлаб кетманг.

Масиҳга ўхшаш характерни ўзлаштириш бутун умр давом этади. Павлус Тимўтийга шундай деган: “Ўзингга ва таълимотингга эҳтиёт бўл, фаолиятингни астойидил давом эттир.

Бу билан ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан.” 1 Тимўтийга мактубининг 4 боби 16 ояти. Ҳаётимнинг ҳиссаси нима бўлади? Бу албатта хизмат саволидир.

Масиҳнинг танасидаги хизматингиз нима бўлади? Руҳий инъомларингиз, қалбингиз, қобилиятингиз, шахсиятингиз ва тажрибаларингизни билганингиздан кейин Худонинг оиласидаги ролингиз нима бўлади?

Сиз қандай ўзгартириш қиласиз? Танада мен хизмат қилишим учун шаклланган махсус бирор гуруҳ борми? Павлус хизматингизни адо этишингизнинг ажойиб афзалликларини айтиб ўтди: “Бу муқаддас бурчнинг ижро бўлиши билан нафақат Худо азизларининг камчиликлари тўлдирилади, балки кўпчилик одамлар ҳам Худога кўпдан-кўп ташаккур айтишга сабаб топади.” 2 Коринфликларга мактубининг 9 боби 12 ояти.

Сиз бошқаларга хизмат қилиш учун шакллантирилган бўлсангиз ҳам, ҳаттоки Исо ҳам ердаги барча кишиларнинг муҳтожликларини қондирмади. Сиз шаклингизга қараб кимга энг яхши ёрдам бера олишингизни танлашингиз керак.

Сиз “Мен кимга кўпроқ ёрдам бермоқчиман?” деб сўрашингиз керак. Исо шундай деган: “Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Бориб ҳосил беринглар ва ҳосилингиз боқий бўлсин, деб сизларни танладим.” Юҳанно мактубининг 15 боби 16 ояти. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top