Ассалому алайкум. Ота-боболаримиз қўлларини дуога очар экан, тилаклари орасида омад сўзига алоҳида урғу беради. Гўёки у бизга илоҳий хислатлар орқали тану жонимизга сингдирилади, деган ўй ҳам мавжуд. Лекин шундай фикрга борсангиз, қаттиқ адашасиз. Чунки омад ҳам инсон фазилатларидан жой олиши учун уни тарбиялаш керак экан. Фақат унинг ўзига яраша қонун-қоидаларига бўйсунсангиз, бўлгани. Демак, омадли инсонни тарбиялашни бошлаймиз. Омаднинг биринчи қонуни эса меҳнатсеварликдир. Болалигимизда меҳнатнинг қадр-қиммати ва уни севиб-ардоқлаш ҳақида бобо ва бувиларимиздан кўп маротаба эшитганмиз.
Дарҳақиқат, ҳаётингизда ўз олдингизга бир мақсад қўясиз, сўнг уни амалга ошириш учун меҳнат қиласиз, ақл ва билимингиздан фойдаланасиз. Натижасини кўрганда эса «Наҳотки буни мен қилдим!» деган фахр ва ифтихор туйғуси қалбингизда жо бўлади. Инсонлардаги меҳнатсеварлик хислати ҳам болаликдан тарбияланади. Дастлаб болада меҳнатга бўлган қизиқиш ота-онага ёрдам бериш билан ривожлана бошлайди. Кейинчалик ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилишга ва ҳаётда ўз меҳнати билан курашишга одатланади. Агар аҳамият берган бўлсангиз, айнан икки ёшдан уч ёшгача бўлган болажонларда ота-онага ёрдам бериш ҳисси кучли бўлади. Дейлик, жажжи қўлчасига супурги кўтариб, онасига ўхшаб супуришга ҳаракат қилишини мисол қилиш мумкин.
Қолаверса, бобосига газетани, бувисига эса кўзойнагини олиб бериш каби ишларида жуда эпчил бўлишади. Худди шундай, ўз ихтиёри билан туғилган меҳнатга бўлган меҳрни ана шу вақт қўлдан бой берманг. Иложи борича, уй-юмушларини биргаликда бажаринг. Болакай уй ишларида кўмаклашишни истаса, унга мос ишлар танлашга ҳаракат қилинг. Дейлик, болажонингиз овқат тайёрлашда сизга ёрдам бермоқчи, унинг кўнглини чўктирмай, тўғралган сабзавотларни бирга қозонга солишингиз мумкин. Шунингдек, дастурхон тузашни ҳам уларга қўйиб беринг. Ёки уй чангини артмоқчи бўлсангиз, унинг қўлига ҳам латта тутқазиб қўйишни унутманг. Бу ишларни фарзандингиз бажонидил бажаради.
Демак, сиз фарзандингиз қалбига меҳнатсеварлик ҳиссини жойлашга муваффақ бўлдингиз. Албатта, кичик миттивойларда ҳар бир нарсани даставвал уддалаш қийин кечади. Шунинг учун бироз сабрли бўлганингиз яхши. Энг асосийси, болага уни қилаётган иши оила учун кераклиги ва муҳимлигини таъкидлашни унутманг. Уларнинг ҳар бир ҳаракатини эътиборсиз қолдирманг. Дейлик, иштиёқ билан меҳнатга қўл урган болага: «Мени ширинтойим, ойисининг ёрдамчиси, оиламизнинг дастёри ёки сенинг кўмагингсиз нима қилган бўлардик?» деган мақтовли жумлаларни фарзандингизга айтишни канда қилманг. Чунки ширин сўзлар келажакда меҳнатнинг меваси гуллашида муҳим роль ўйнайди.