Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бир қадрдон дўстим статистикага жуда ишқибоз. У иш вақтида сотувчиларининг қанча вақтини бекор ўтказишларини текшириб, қизиқ ҳолатга дуч келди. Сотувчилар бир-бирлари билан 43 дақиқа валақлашадилар. Кераксиз у ёқ-бу ёққа юришлари 65 дақиқа давом этади. 60 дақиқалари эса бўш туриб ўтиб кетади. Нарсаларни жойлаштириш учун 60 дақиқа, сотиш учун эса 150 дақиқа сарфлайдилар. Бундан кўриниб турибдики, 168 дақиқани бекорга совурмоқдалар.
Агар бирор дўкондор сотувчиларнинг бунчалик оз ишлашини билиб қолса, дарҳол уларни ишдан бўшатиб юборарди. Сотувчиларнинг хатолари… юзларча эмас, мингларчадир. Хусусан бу нарса қарз-кредит ишларида кўринади. Буюмларни кредитга сотишда камида тўққиз хил хатони санаш мумкин.
1. Адрес нотўғрилиги;
2. Ортиқча ёки кам сотиш;
3. Молга буюртма берилмаган жойга юбориш;
4. Айтилган мол ўрнига бошқасини юбориш;
5. Буюртма берилса ҳам юбормаслик;
6. Буюмни жўнатувчи ходимнинг қўполлиги;
7. Ҳисоб-китоблардаги хатолик;
8. Йўқотилган буюмлар;
9. Тўланган қарзларнинг ёпилиши.
Бу мавзу билан боғлиқ Сизга жонли бир мисолни келтирмоқчиман: Нью-Йоркнинг энг яхши бошқариладиган муассасаларидан бири бўлмиш Ашепсап савдо корхонасида икки минг киши ишлайди. Корхона раҳбари уларнинг бир ҳафта бўйича қилган хатолари рўйхатини тузди. Бу хатолар сони қанчалигини биласизми? Олти минг! Ҳайратдан раҳбарнинг кўзлари катта очилиб кетди ва корхонага ушбу эълонни осиб қўйди: «Магазинимизда қилинган хатоларнинг сон-саноғи йўқ.
Ўтказган текширувларимга кўра, болалар буюмлари сотиладиган бўлимда ишлайдиган сотувчи аёл бир ҳафта ичида қуйидаги хатоларни содир этган: 12 марта манзилни нотўғри ёзган, 24 марта ҳисобда адашган, 42 марта кассага чек урмаган. Бугундан эътиборан хатоларни тузатиш ишларини бошлаймиз. Ҳар бир сотувчининг хатоси рўйхат кўринишида чиқарилади ва ўзига имзолатилади. Бир ой ичида хатолари озайганлар даражаси кўтарилади ва мукофотланади. Хатоси кўпайганлар эса ишдан бўшатилади».
Бу корхонада сотувчиларнинг бир ҳафтада қилган хатолари бутун корхонанинг олти ойлик ижара ҳақи билан тенг эди. Ёмон сотувчилар корхона учун катта зарар. Савдо ходимларининг катта қисми буни ўйламайди. Мисол учун, бир савдогар миллион-миллион маблағ сарф этиб фабрика қурдиради. Унинг бошқарувини арзон тушсин, деб тажрибасиз, билимсиз одамга бериб қўяди ва натижада улкан зарарга учрайди.
Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.