3:07

Сотувчиларни қандай тайёрлаш керак? 2 қисм

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Сотувчи харидорга ёрдамчи бўлиши керак. Харидор билан яқиндан шуғулланган сотувчи доимо муваффақиятга эришади. Бир аёл мебел ва уй жиҳозлари дўконига кириб, гилам олмоқчилигини айтди. Сотувчи, агар яхши сотувчи бўлса, дарров: «Неча минглик гилам олмоқчисиз?» деб сўрамайди. Аввал ўтириши учун жой кўрсатади. «Бир оз нафасингизни ростлаб олинг», дея илтифот қилади. Оладиган жавобларидан харидорнинг молиявий аҳволи қай даражадалигини билишга уриниб кўради. Шундан кейин харидор олиши мумкин бўлган гиламларни ахтариб кўради. Худди дўконнинг эмас, харидорнинг одами сифатида ҳаракат қилади. Ҳатто харидор яна бир нарсалар сотиб олишни хоҳласа, унинг уйини кўришни ва шунга қараб жиҳозлар мўлжаллашни айтиши мумкин.

Бу ҳолат харидорни мамнун қилибгина қолмай, дўкон учун ҳам яхшигина реклама вазифасини ўтайди. Энди машҳур Маршал Филд савдо муассасаларига янги ишга кирган ҳамма сотувчининг иш бошлаш асносида босиб ўтадиган босқичлари ҳақида сўз юритамиз. Биринчидан Маршал Филд деярли ҳамма лавозимларга ўзи етиштирган одамларини қўяди. Бу муассасаларнинг муваффақиятли сотувчилари орасида йиллар ўтиб бош директор даражасига етганлари ҳам бор. Янги ишга кирган сотувчиларга нисбатан қуйидагилар қўлланади: У бирор бўлимга тайинланади, бўлим мудири билан таништирилади. Ўзи ва маоши қайд қилинади. Унга тарбиячи тайин этилади. Бу тарбиячи уни дўкон бўйлаб айлантиради. Унга шахсий нарсаларини қўйиши учун жавон ажратилади. Савдо муассасаси ошхонасида унинг шарафига зиёфат берилади. Шифокори билан таништирилади.

Сотиш санъати ўргатиладиган курсга юборилади ва ўзига уйда ўқиш учун сотувчилик санъати ҳақидаги китоб берилади. Тайинланган бўлимидаги ҳамкасблари билан таништирилади. Тажрибали сотувчи ёнида узоқ муддат тажриба орттиради. Қарабсизки, энди у ўз ишини яхши кўрадиган, завқу шавқ билан ишлайдиган сотувчига айланган бўлади. Энди бошқа савдо муассасасига ўтамиз.

Лондондаги савдо муассасасиларидан бири ҳар қандай сотувчига йўл бермаслиги билан машҳур бўлган. Муассаса раҳбарига кўра, бу услуб қўлланганда яхши сотувчиларгина қолади, ёмонлари ўз-ўзидан жойини бўшатади.

Фикримча, бу энг мақбул усулдир. Мазкур муассасасада ҳар бир сотувчи учун алоҳида дафтар тутилади. Бу дафтарда сотувчининг бир ой давомида сотган молларининг адади ва уларнинг нархи кўрсатилади. Ой якунида улар жамланади.

Сотувчи шу тариқа хизмат ҳақини олади ва ўз йўлини шунга қараб белгилайди.

Кўриб турибсизки, сотувчи тайёрлаш ҳеч осон иш эмас экан. Бунинг учун ҳам пул, ҳам вақт керак. Бу, албатта қилиниши лозим бўлган ишларнинг биринчиси ҳисобланади.

Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top