Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Оила-ўз номи билан ёқимли маскан. Бироқ баъзида иш ва ўқишлар ҳамда рўзғор ташвишлари билан ҳаётимиз зерикарли бўлиб бораётганини сезамиз. Аслида ҳаммамиз ҳам дам олишни ва байрамларни ёқтирамиз, аммо йилда байрамлар кўп эмас. Хўш, нима бўпти? Ўзимиз оиламиз даврасида қўшимча байрамлар уюштирсак бўлмайдими? Шунчаки, бобо-бувининг келганини, фарзанднинг чоракни аъло баҳога тугатганини, ота-онанинг маоши ошганини, фарзанднинг бирор янги нарса ўрганганини байрам қилиш мумкин, хуллас ўйлаб топаман десангиз, сабаблар етарлича топилади. Демак, бугун оилада қандай қилиб байрам уюштириш ҳақида суҳбатлашамиз. Агар шундай байрам уюштиришга қарор қилган бўлсангиз, бу байрамни ким ташкиллаштириши ҳақида олдиндан келишиб олинг. Эҳтимол бу ишни ҳамма биргаликда бажарар, бу ҳам яхши фикр.
Narrator 2 Кимдир дўконга бориб керакли маҳсулотларни олиб келади, кимдир пиширади, яна бошқаси байрамнинг сценарийсини тузади, хонани безатади, ўйинлар ўйлаб топади. Хуллас, байрам қиламан десангиз, оилангизнинг ҳар бир аъзосига етарлича вазифа топилади. Хонани безатишни болалар билан биргаликда бажарсангиз, улар бундан олам-олам завқ олади, яна бу онларни умрининг охиригача унутмайди. Ахир ота-она билан биргаликда, хурсандчиликда вақт ўтказиш қандай мароқли! Болалар учун бу кун жуда завқли бўлади. Баъзи ота-оналар байрамлар ўтказишга ва уларни қизиқарлироқ қилишга нўноқроқ бўлишади. Нима ҳам дердик, ахир уларга ҳам ургатишмаган-да! Аммо, буни ўрганишга ҳеч қачон кеч эмас. Билмасангиз, фарзандларингиз билан маслаҳатлашинг, уларнинг фикрларини ишлатинг. Бундан улар икки баробар кўпроқ хурсанд бўлишади. Интернетга мурожаат қилинг.
Narrator 1 Хуллас, истак бўлса, буни рўёбга чиқариш унчалик қийин бўлмайди. Энг муҳими, ўша кунни мароқли ўтказиш. Бунинг учун сценарий ва ўйинлар ўйлаб топадиган одам ижодкорлик билан ёндашиши керак. Бу вазифани отами ёки онами ким олишидан қатъий назар, ёнингизга бирорта фарзандингизни ҳам ёрдамчи қилиб олинг. Бу фарзандингиз билан яна бир марта мароқли ва яқин вақт ўтказишнинг бир имкони бўлади. Турли хил қизиқарли саволлар ўйлаб топинг. Осон ўйналадиган ўйинларни киритинг. Оиланинг ҳар бир аъзоси имкон қадар шартларни бажаришга ҳаракат қилсин. Ҳазил мутойибаларни киритинг ва албатта охирида имкон қадар кичик совғалар беринг. Совғалар катта ва қимматбаҳо бўлиши шарт эмас, ахир бу оддий оилавий байрам-ку! Шунинг учун, кичик аммо керакли бўлган буюмларни совға қилиш мумкин. Бу ташкил қилган байрамингизга мавзу ўйлаб топсангиз ҳам бўлади.
Narrator 2 Масалан, эртак қаҳрамонлари йиғини, елфлар байрами, шоҳона маскарад ва ҳоказолар. Бу мавзулаштирилган байрам ундан ҳам қизиқроқ бўлади, бироқ бунга кўпроқ вақт ва маблағ сарфлаш керак бўлиши мумкин. Бу байрамларни бир умр сақлаб қўйиш ва кейинроқ мароқ билан томоша қилиш учун, видеога олиш ҳам мумкин. Бирорта дўстингиз ёки қариндошингизни бу вазифага тайинласангиз бўлади. Ёки, ўзингиз ҳам оила аъзоларингиз билан алмашиб тасвирга ва суратга олишингиз мумкин. Хуллас, истак бўлса, байрамни кўнгилдагидек ва эсда қоларли қилиб ўтказиш мумкин. Бундай оилавий байрамлар пайтида, хурсандчиликка ҳалал берадиган телевизор, телефон, компьютерни ўчириб қўйинг, имкон қадар улардан фойдаланмасликка ҳаракат қилинг. Агар рақс учун мусиқа керак бўлса, олдиндан телефонга тайёрлаб қўйишингиз мумкин. Унутманг, бу вақт фақат сиз ва оилангиз учун ташкил этилган.